“Евро-2020” финалини Лондондан Будапештга кўчириш мумкин.

Агар Британия ҳукумати 2500 нафар VIP меҳмон учун карантинда қолиш қоидалари борасида истисно қилмаса, УЕФА финал мезбонлигини Будапештга олиб бериши мумкин.

Амалдаги чекловларни ҳисобга олган ҳолда УЕФА бир нечта вариантларни муҳокама қилмоқда ва “Евро-2020” финалини Венгрияга кўчиришга тайёр. Буюк Британия ҳукумати, ўз навбатида, УЕФА ва ФИФА вакиллари, сиёсатчилар, ҳомийлар, журналистлар учун тузилиши мумкин бўлган истисноларни муҳокама қилмоқда, деб ёзади Daily Mail.

Айни пайтда Буюк Британияда ўрнатилган карантин талабларига кўра "қизил рўйхат"га киритилган мамлакатлардан келган одамлар 10 кунлик изоляцияда қолиши шарт.

Худди шундай ҳолат Чемпионлар лигаси финалидан олдин ҳам юзага келган эди. УЕФА финални Истанбулдан бошқа шаҳарга кўчиришга қарор қилди ва Англия ушбу ўйинни ўтказиш учун фаворитлардан бири бўлди. Бироқ, мамлакат ҳукумати ва УЕФА ҳомийлар, VIP меҳмонлар ва журналистлар учун карантин талабларини юмшатиш масаласида ўзаро келиша олмаган. Шу сабабли, Чемпионлар лигаси финали мезбонлиги Порту шаҳрига берилган.

Энди эса Буюк Британия ҳукумати Европа чемпионати финалида ҳам бундай ҳолат такрорланишига йўл қўймаслик ниятида.

Таъкидлаш жоизки, кейинги ҳафтадан бошлаб Венгрия Шенген мамлакатларидан келган одамлар учун барча чекловларни бекор қилади. Будапештда ҳам стадион трибуналарини 100% тўлдиришга рухсат берилган. "Уэмбли"га 50% гача тўлдиришга рухсат берилган (стадион сиғими 90 минг кишини ташкил қилади).

Англия “Евро-2020” ярим финали ва финалига мезбонлик қилиши керак. Учрашувлар "Уэмбли" стадионида ўтказилиши режалаштирилган.

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Минбар

Барча блоглар