Евро-2020. Италия қўшимча бўлимларда ғалабани илиб кетди ва чорак финалга йўл олди

Европа чемпионати нимчорак финал босқичидан ўрин олган Италия - Австрия учрашуви ўз якунига етди. Унда италияликлар 2:1 ҳисобида зафар қучди.

Асосий вақтда ҳисоб очилмаганлиги боис, қўшимча бўлимларга мурожаат қилинди. Захирадан ўйинга қўшилган Федерико Кьеза 95-дақиқада ҳисобни очди. Орадан 10 дақиқа ўтиб, Маттео Пессина орадаги фарқни оширди. 114-дақиқада Доннарумма дарвозасини ишғол этган Саша Калайжич интригани қайтарган бўлса-да, ҳисобни тенглаштиришга австрияликларнинг кучи етмади.

Шундай қилиб, Роберто Манчини бошқарувидаги "скуадро адзурра" чорак финалга йўл олди. Энди уларнинг рақиби Португалия ва Бельгия терма жамоалари ўртасидаги ўйинда аниқланади.

  • 120+1'

    Учрашув якунланди. Италия кейинги босқичда!

  • 120'

    2-экстра-таймга бир дақиқа қўшиб берилди.

  • 120'

    Ҳужумда қўполлик ишлатган Александр Драгович огоҳлантирилди.

  • 119'

    Бирга-бир вазиятга чиқиб дарвозабонни алдаб ўтган Кьеза дарвозага зарба бера олмади. Ортдан етиб келган ҳимоячи яхши ҳаракат қилди.

  • 118'

    Грегоричнинг зарбасидан кейин тўп устун ёнгинасидан ўтиб кетди.

  • 116'

    Гол ўтказиб юборган итальянлар бироз эҳтиёткор ҳаракат қила бошлади.

  • 114'

    ГООООООООООЛ! Австрия ҳисобни қисқартирди!

    Бурчакдан етказиб берилган тўпни Саша Калайжич боши билан дарвозага киритди.

  • 113'

    Луис Шаубнинг бу сафарги уринишидан кейин тўп ҳимоячига тегиб ўз йўналишини ўзгартирди.

  • 112'

    Марсель Забитцернинг яқин масофадан берган кучли зарбасига аниқлик етишмади.

  • 112'

    Тезкор қарши ҳужумга ўтган Ди Лоренцонинг зарбаси ноаниқ кетди.

  • 111'

    Лоренцо Инсинье ўрнига Кристанте майдонга тушди.

  • 109'

    Қулай позициядан зарба бериш имкониятини қўлга киритган Белотти ижрода адашди.

  • 108'

    Луис Шаубнинг кучли зарбасидан кейин Доннарумма жамоасини голдан қутқариб қолди.

  • 106'

    Иккинчи экстра-таймга старт берилди!

  • 105'

    Танаффус!

  • 105'

    ГОООООООООЛ! Италия кейинги босқич масаласини деярли ҳал этди!

    Маттео Пессинанинг яқин масофадан берган зарбасини дарвозабон қайтара олмади.

  • 104'

    Инсиньенинг супер зарбасидан кейин Бахман супер сейв ижро этди.

  • 103'

    Мартин Хинтереггер огоҳлантирилди. Италияда стандарт вазият.

  • 102'

    Жарима майдони ичида Ачерби рақибига имконият қолдирмади.

  • 101'

    Гол ўтказиб юборган австрияликлар тинмай олдинга ўтмоқда. "Ётиб қолгунча отиб қол!"

  • 99'

    Лаймернинг узатмасидан кейин Спинаццола катта тезликда тўпга етиб келди ва хавфни бартараф этди.

  • 97'

    Марко Арнаутович ўрнига Саша Калайджич ўйинга қўшилди.

  • 95'

    ГОООООООООООЛ! Федерико Кьеза ҳисобни очди!

    Жарима майдони ичида тўпни ўзига бўйсундирган Кьеза кучли зарбаси билан дарвозани ишғғол этди.

  • 94'

    Федерико Кьезанинг жарима майдони ичидан берган зарбасини дарвозабон ушлаб олди.

  • 92'

    Хинтереггер рақиб жарима майдони ичида қоида бузди. Ҳакам ўйинни тўхтатди.

  • 91'

    Биринчи экстра-тайм бошланди!

  • 90+5'

    Асосий вақтда ҳисоб очилмади! Буёғига экстра-таймларга мурожаат қиламиз.

  • 90+5'

    Инсиньенинг узатмасидан кейин ҳимоячилар хавфни бартараф этди.

  • 90+4'

    Жарима майдони остонасида Жоржиньо йиқитилди. Ғалабани илиб кетиш учун итальянларда ажойиб имконият.

  • 90+2'

    Асосий вақт якунланмоқда. Тўп эса австрияликларда. Италия қўшимча бўлимларни ўйлай бошлади, чоғи.

  • 90'

    Ўйиннинг асосий вақтига 5 дақиқа қўшиб берилди.

  • 88'

    Белоттининг Пессинага узатган тўпига ҳимоячи биринчи бўлиб етиб келди.

  • 86'

    Тўп австрияликларда! Италия ҳимояланишга мажбур бўлмоқда.

  • 84'

    Берарди ва Иммобиле ўрнига Кьеза ҳамда Белотти ўйинга қўшилди.

  • 83'

    Марказга етказиб берилган тўпни Берарди қайчи услубида дарвозага йўллади. Зарбага аниқлик етишмади.

  • 82'

    Тўп "мовий гвардия" вакилларида. Бироқ улар жарима майдонига кира олмаяпти.

  • 80'

    Алабанинг узатмаси кутилганидек чиқмади. Тўпга ҳеч ким ета олмади.

  • 78'

    Босим қилиб гол ура олмаётган италияликларнинг ўйинида хатолар кўзга ташлана бошлади.

  • 76'

    Итальянлар майдон марказида тўпни назорат қилмоқда.

  • 74'

    Лайнер жарима майдони ичида йиқилиб тушди. Ҳакам ҳозирча жим.

  • 72'

    Инсиньенинг айёрона зарбасига аниқлик етишмади.

  • 72'

    Икки рақибини чалғитиб, зарба позициясига чиққан Локателли ижрода адашди.

  • 70'

    Жамоадоши узатган тўпга Иммобиле ета олмади.

  • 69'

    Манчини дарҳол ўзгаришга қўл урди: Верратти ва Барелла ўрнига Локателли ҳамда Пессина майдонга тушди.

  • 67'

    ВАРга қулоқ солган Энтони Тейлор гол урилган вазиятда офсайд бўлганлиги сабабли уни бекор қилди.

  • 65'

    ГОООООООООЛ! Австрия ҳисобни очди!

    Алабанинг узатмасидан кейин Арнаутович дарвозани ишғол этди.

  • 63'

    Ўткир бурчакдан берилган зарбани Доннарумма ушлаб олди.

  • 62'

    Марсель Забитцернинг зарбасидан кейин тўп рекошет натижасида ўз йўналишини ўзгартирди.

  • 59'

    Учрашув италияликларнинг устунлиги остида давом этмоқда.

  • 56'

    Бонуччининг бош билан йўллаган зарбаси ноаниқ кетди.

  • 56'

    Инсиньенинг узатмасига Берардидан олдин Алаба етиб келди. Давид тўпни майдон ташқарисига чиқариб юборди.

  • 54'

    Спинаццоланинг зарбасидан кейин ҳимоячилар тўп йўлига ғов бўлди.

  • 52'

    Давид Алабанинг зарбасига бироз аниқлик етишмади. Хавфли вазият.

  • 50'

    Ҳакамнинг қарорини муҳокама қилган Бареллага сариқ карточка кўрсатилди.

  • 49'

    Жарима майдони остонасида австрияликлар стандарт вазиятни қўлга киритди. Ди Лоренцо қоида бузган.

  • 48'

    Берардининг қанотдан етказиб берган тўпини ҳимоячилар узоқлаштирди.

  • 46'

    Иккинчи тайм бошланди!

  • 46'

    Футболчилар қайтди. Навбат бизники.

  • 45+2'

    Танаффус!

  • 45+1'

    Ачербининг зарбасига аниқлик етишмади.

  • 45'

    Биринчи таймга 1 дақиқа қўшиб берилди.

  • 44'

    Италиянинг штурми сабабли Австрия чуқур ҳимояланяпти.

  • 43'

    Спинаццоланинг бу сафарги зарбасини дарвозабон бартараф этди.

  • 40'

    Бўлим сўнгига келиб австрияликлар ҳам бироз фаоллашди.

  • 38'

    Иккинчи қаватдаги тўп учун курашда Доннарумма ва Баумгартнер тўқнашиб кетди. Австриялик футболчига тиббий ёрдам кўрсатилди.

  • 36'

    Меҳмонлар стандарт вазиятга эга бўлди. Жарима майдонига пас бериш учун қулай нуқта.

  • 34'

    Австрияликлар ҳужумга ўтмоқда. Лекин рақиб ишончли ҳимояланяпти.

  • 32'

    Чиро Иммобиленинг кучли зарбасидан кейин тўп устундан қайтди. 

  • 31'

    Ўйин тезкор ҳужумлар остида давом этмоқда. Бироқ аниқ зарбалардан дарак йўқ.

  • 29'

    Қанотда тўпни қабул қилиб олган Инсинье уни шерикларига муваффақиятли етказиб бера олмади.

  • 26'

    Номинал мезбонлар бурчак зарбасидан унумли фойдалана олмади.

  • 24'

    Итальянлар рақиб жарима майдони атрофида қисқа узатмалар билан фурсат пойламоқда.

  • 22'

    Бурчак яқинида шерикларидан етарлича ёрдам ололмаган Барелла тўпни йўқотди.

  • 20'

    Марказда Бареллага нисбатан қоида бузган Хинтереггер огоҳлантирилиши мумкин эди. Аммо Тейлор оғзаки тушунтириш билан чекланди.

  • 18'

    Арнаутовичнинг кучли зарбасидан кейин тўп тўсин юқорисидан ўтиб кетди.

  • 17'

    Бу сафар Барелланинг зарбасини дарвозабон қайтарди.

  • 16'

    Италиянинг ҳужумлари давом этмоқда ва тобора кескинлашяпти.

  • 14'

    Инсиньенинг зарбасидан кейин дарвозабон тўпни ушлаб олди.

  • 13'

    Австрия қарши ҳужумларда ўз омадини синамоқда. Доминант сўзсиз Италия.

  • 11'

    Спинаццоланинг ўткир бурчакдан берган зарбаси ноаниқ чиқди.

  • 10'

    Роберто Манчини шогирдлари тўп назоратини ўз қўлларида ушлаб турибди.

  • 8'

    Кутилганидек, "скуадро адзурра" ҳимояда анча ишончли ҳаракат қилмоқда.

  • 6'

    Рақиб жарима майдони ичида Иммобиле дарвозабонга нисбатан қоида бузди. Австрияликлар сариқ карточка талаб қилмоқда.

  • 4'

    Италиянинг ҳужуми Ачербининг ноаниқ узатмаси туфайли ўз якунига етмай қолди.

  • 2'

    Илк ҳужум номинал меҳмонларда. Аммо Арнаутович қўполлик ишлатди ва сариқ карточка ишлаб олди.

  • 1'

    Ўйин бошланди!

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!