Европада фанатлар ҳакамлар ўтирган машинани ёқиб юборди

Босниянинг “Вележ” жамоасининг ашаддий фанатлари учрашувдан кейин ҳакамлар ўтирган машинани ёқиб юборди.

Маълумотларга қараганда, Мостар шаҳрида учрашувда маҳаллий “Вележ” клуби “Борац Баня Лука” жамоасини қабул қилган ва учрашувда 0:2 ҳисобида ортда қолаётган паллада майдонга ҳакам ҳаракатларидан норози бўлган  фанатлар югуриб чиққан.

Можаро туфайли ўйин тўхтатилган ва “Вележ”га мағлубият ёзилди.

Учрашув бош ҳаками Сабри Топалович икки ёрдамчиси билан стадионни машинада тарк этган. Машина стадион туннелига кирганида унинг йўлини бошқа машина тўсиб қўйган ва шу жойга етиб келган мухлислар ҳакамлар автомобилини пачоқлаб, уни пиротехник воситалар ёрдамида ёқиб юборган.

Топалович ва унинг ёрдамчилари машина ёнаётган пайтда ундан чиқиб қочиб қолишга муваффақ бўлди. Бироқ, улардан бири олган жароҳатлар туфайли шифохонага ётқизилди. Айни пайтда полиция айбдорларни қидирмоқда.

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)