Грузиялик мураббий терма жамоамизнинг кучи, чемпионатимиз савияси ва "Андижон" фанатлари ҳақида нима деганини биласизми?

Бугун Грузия – Ўзбекистон миллий терма жамоаларининг халқаро ўртоқлик учрашувига гувоҳ бўламиз.

Сайтимизни кузатиб бораётган ўқувчилар билишадики, яқинда Грузия миллий терма жамоаси бош мураббийи Вилли Саньол билан ўйин олдидан уюштирган суҳбатимизни ҳавола этгандик. Энди мазкур беллашув олдидан яна бир мураббий билан боғландик.

У грузиялик Тенгиз Кобиашвили бўлиб, ўзбек мухлислари балки бу мураббийни эслаб қолгандир. Гап шундаки, 2008 йили Тенгиз “Андижон” клубида тўп сурган ва ўзининг мустаҳкам ҳимоячи эканлиги билан барчада илиқ таассурот қолдиргани ёдимизда.

Айни чоғда Тенгиз Грузияда мураббий сифатида фаолият кўрсатяпти. Аниқроғи маҳаллий “Гареджи” жамоаси бош мураббийи. Кобиашвили ўзбек футболидан хабардор бўлгани сабабли бўлажак баҳс олдидан унга айрим саволлар билан мурожаат қилдик. Ўз ўрнида Тенгиз жавобларни қисқа ва лўнда қилиб қайтарди.

- Грузия терма жамоаси ўз майдонида Швецияни мағлубиятга учратди. Бу ғалаба сенсациями?

- Очиғини айтаман: бу чиндан ҳам сенсация даражасидаги воқеа.

тенгиз4

- Назаримда, Грузиянинг жаҳон чемпионатига чиқиш имконияти қолмади....

- Ҳа, биз гуруҳ босқичини 4-ўринда якунладик.

- Грузиялик мухлис ва мутахассисларнинг Ўзбекистон билан бўладиган учрашувга муносабатлари қандай?

- Маҳаллий журналистлар ва ишқибозлардан (Ўзбекистонда тўп сурган ёки ишлаган мутахассислардан фарқли равишда) сизларнинг футболингиз ҳақидаги маълумотлари жуда ҳам кам.

тенгиз5

- Умуман айтганда, терма жамоамиз ҳақида нималарни биласиз?

- Бу саволингизга ҳам лўнда жавоб бераман: таркибида Элдор Шомуродов, Жалолиддин Машарипов ва Жасур Яхшибоев сингари маҳоратли футболчилари бор бўлган терма жамоа бундан ҳам зўр ўйин кўрсата олишга қодир.

- Бўлажак ўйинни қаерда кўрмоқчисиз?

- Албатта, стадионда-да!

тенгиз грузия

- Ўзбекистон чемпионатида ўйнаётган қайси грузиялик футболчиларни биласиз?

- Албатта, жуда яхши биламан. Матэ Ватсадзе, Элгужа Григалашвили, Гиорги Кухианидзе ва Кахи Махардзе. Бу футболчилар Грузияда ҳам зўр ўйин намойиш эта олган ҳолда танилишга улгуришган.

- Сизнингча, Грузия билан Ўзбекистон чемпионати савиялари ўртасида фарқ каттами?

- Сизларда интизом масаласида муаммо бўлмасликдан ташқари ижрочиларингиз якка курашларда ўзларидан илиқ таассурот қолдира олишади. Биздан эса азал-азалда техник салоҳияти юқори бўлган футболчилар чиққан. Ҳар бир ўйинчининг ўзига яраша устунлик ва унинг акси ўлароқ ожиз томонлари бор.

тенгиз3

- Бугунги кунда Грузиянинг энг яхши футболчиси ким?

- Мен учун терма жамоадаги энг яхши ўйинчи – бу Хвича Кварацхелия.

- Вақти келганда, юртимизда ҳам мураббийлик қилиш ниятингиз борми?

- Мен учун Ўзбекистон биринчи навбатда Андижондан олган таассуротларим орқали ёдда қолган. Мен “Андижон”да ўйнаган чоғимда ишқибозлардаги фанатизм жуда юқори даражада бўлиб, уларнинг қаршисида тўп суриш ҳаммамизга завқ-шавқ бағишламасдан қолмасди. Агар тақдир тақозоси билан яна бир бор юртингизга келиш ва шу ерда ишлаш насиб этадиган бўлса, бундан беҳад мамнун бўлардим.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!