Жаҳон кубоги. Қиличбозларимиз кумуш медални қўлга киритди

Тошкентда уч кун давом этган қиличбозлик бўйича ёшлар ўртасидаги Жаҳон кубоги баҳслари бугун ўз якунига етди.

Мусобақанинг охирги кунида иштирокчилар қиличбозлик спортининг сабля йўналиши бўйича жамоавий баҳсларда ғолиблик учун кураш олиб боришди.

Жаҳон кубогида мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилган Ш.Мамутов, П.Генжебаев, Б.Расулов ҳамда Ж.Душамбоевлардан иборат қиличбозларимиз финалгача бўлган йўлни мағлубиятсиз босиб ўтишди.

Ҳал қилувчи баҳсда вакилларимиз Жаҳон кубогини кўтаринки руҳда ўтказган мисрлик қиличбозларга қарши жанг қилишди, бироқ якунда омад африкалик спортчиларга кулиб боқди ва ҳамюртларимиз кумуш медаль билан чекланишди. 3-ўрин учун кечган баҳсларда россиялик қиличбозлар польшалик рақибларидан устун келишди.

Ёшлар ўртасида Жаҳон кубоги

Сабля, жамоавий баҳслар:

1. Миср терма жамоаси,

2. Ўзбекистон терма жамоаси,

3. Россия терма жамоаси.

Шу тариқа, қиличбозларимиз ёшлар ўртасида Жаҳон кубоги баҳсларини битта кумуш ва иккита бронза медали билан якунлашди. Эслатиб ўтамиз, бунгача рапирачиларимиз жамоавий дастурда ва саблячимиз Пазил Генжебаев яккалик баҳсларида бронза медали билан тақдирланишган эди.

Туризм ва спорт вазирлиги матбуот хизмати

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!