Жалгасбай Бердимуратов Токио Олимпиадасида дуч келиши мумкин бўлган энг ноқулай рақибини айтди

Яна 24 кундан сўнг, Токио Олимпиадаси старт олади. Тўрт йилликнинг энг нуфузли турнирида зафар қучиш, совриндорлар қаторидан ўрин олиш барча спортчиларнинг бош мақсади ҳисобланади. Шу жумладан ўзбекистонлик йўлланмани қўлга киритган спортчиларимиз ҳам кунчиқар юртда ижобий натижалар қайд этиш учун жиддий ҳозирлик кўришмоқда.

Юнон-рум курашчиларимиз ҳам ўз олдига жиддий мақсадлар қўйган. Айниқса, -77 кгда  Токио Олимпиадасига йўлланмани қўлга киритган Жалгас Бердимуратовнинг иштиёқи юқори... Биз ушбу полвонимиз билан боғланиб, Олимпиадага оид саволлар билан мурожаат қилдик. 

- Токио Олимпиадасига ҳам оз вақт қолди. Тайёргарликдан, ўзингизни айни ҳолатингиздан кўнглингиз тўлмоқдами?

-  Ўқув-машғулот йиғинлари аъло даражада бўлди. Раҳбарият барча шароитларни яратиб берди. Қисқа қилиб айтганда барчаси жойида.

- Янглишмасам, Польшада 15 та мамлакат вакиллари билан йиғинда бўлдинглар, улар орасида сизни вазнингизда Токиода иштирок этадиганлари бормиди? Бўлса, кимлар эди ва улар билан бевосита спаррингда ишладингларми?

- Ҳа, Польшанинг Спала шаҳрида 15 та мамлакат вакиллари билан машғулотларда иштирок этдик. Вазн тоифамда Токиога лицензияни олган озарбайжонлик, хорватиялик ва швециялик курашчилар ҳам бор эди. Албатта, улар билан спарринглар бўлди. 

- Қизиқ, бунинг Олимпиададан аввал қанчалик ижобий ёки салбий жиҳати мавжуд. Улар Токиода дуч келишингиз мумкин бўлган эҳтимолий рақибларингизку? Сирлар воқиф бўлиб қолмайдими?

Энди, барча услубларни ишга солмайсиз, ўзингизни бутунлай намоён қилмайсизда... Улар ҳам бутун имкониятини кўрсатган ҳолда спаррингларда ишламайди. 

- Умуман олганда, вазн тоифангизда Токиода гиламга чиқувчи энг кучли рақибларингиз кимлар ва уларнинг қай бирлари сиз учун ноқулай  ҳисобланади?

- Олимпиадага лицензияни қўлга киритиш ҳам осон эмас. Жуда жиддий рақобат бўлади ва энг кучлилари асосий турнирга йўл олади. Шунинг учун барчасини кучли деб айтган бўлардим. Шундай бўлса-да, қирғизистонлик Акжол Маҳмудовга ёшлар ўртаисда Осиё чемпионатида ютқазганман, россиялик курашчи ҳам бор. Шуларни ноқулай рақиб сифатида биламан. Лекин ҳар қандай рақибни мағлуб этиш мумкин. Бунинг учун қаттиқ меҳнат қилиш керак бўлади. Биз ўзимизни устимизда жиддий тарзда ишладик. Насиб қилса, ижобий натижаларни қайд этамиз. 

- Ўзбекистонлик қайси курашчиларимиз сизга ушбу Олимпиадага тайёргарлик жараёнида спарринг рақиб сифатида катта ёрдам берди?

Нурбек Ҳошимбеков, Дилшод Омонгелдиев, Муҳаммадқодир Расулов менга машғулотлар жараёнида яқиндан ёрдам бериб келишмоқда. Шунингдек, Элмурот ака Тасмуродовдан кўп услубларни ўрганаман. Элмурот ака билан спарринг тушмаймиз, лекин унда улкан тажриба бор ва бизга ҳамиша ёрдам бериб келяпти. Ўз ўрнида барчасига кўмак учун миннатдорчилик билдириб қоламан. 

Муҳим турнир аввалида халқимиз, спорт мухлисларига қандай сўзларни айта оласиз?

- Аввало, доимо бизни қўллаб-қувватлаб келадиган халқимизга миннатдорчилик билдирган ҳолда, барча яхши тилакларни билдириб қоламан. Албатта, қайси мусобақага борсак, бизни ютуқларимизни кутиб, ғойибона бўлса-да, қўллаб туришларини хис қиламиз. Ўйлаймизки, Токиода ҳам бизни дуолари билан ёлғизлатиб қўйишмайди. Биз эса уларнинг ишончини оқлашга ҳаракат қиламиз!

жал

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)