"Катта ошпаз қандай масаллиқлар"дан "таом" тайёрлаяпти ёхуд Кумиков ва "Андижон" финалмонанд ўйинлар арафасида

Мавсум аввалида Суперлигада қолиш учун курашадиган клублар борасида кўпчиликнинг айтган тахминлари ҳозирга келиб ўзини оқлади. “Турон”, “Андижон”, “Металлург”, “Машъал” ҳамда “Сурхон” жамоалари айни пайтда элитада қолиш учун курашяпти. Уларнинг орасида “Турон”нинг аҳволи оғир. Катта эҳтимол билан унга шерик бўладиган клуб ким бўлиши мухлислар учун қизиқ. Бу борада ҳеч ким таслим бўлгиси келмаяпти. Ўйинларга қарасак, ҳар бир жамоа жон-жаҳди билан курашяпти. Яна иккита турдан кейин ҳаммаси маълум бўлади.

Лигада қолиш учун курашаётган “Андижон” клуби ҳам мухлисларини хафа қилгиси келмаяпти. Хусусий жамоага айлангач, бир қатор ишлар амалга оширилди ва ошириляпти. Ижобий тарафга ўзгаришларни бир қатор мисолларда келтириш мумкин. Аммо шунга яраша натижанинг ҳам ижобийлиги ишқибозлар учун муҳим. Ана шунда ташкилий ишларнинг ҳам самараси кўринади. “Андижон” бундай аҳволга тўсатдан тушиб қолгани йўқ. Ўтган йили ҳам қийинчиликларга дуч келди ва плей-офф ўйинидаги ғалаба орқали Суперлигада жон сақлаб қолди. Бу йил ҳам афсуски, жамоа мавсумни асосан аутсайдер мақомида лигада қолиш учун ўтказишига тўғри келди.

андижон4444_4

Лекин жамоа ўйини энди танқид қилинадиган даражада эмас. Иккинчи давра бошланишига оз фурсат қолганида Виктор Кумиков бош мураббийликка қайтарилди. У пайтга келиб трансфер ойнаси ёпилаётганди ва мураббий асосан легионерларни олиб келишга улгурди холос. Асосан унгача йиғилган ва етакчилар тарк этган таркиб билан ишлашига мажбур эди. Бошида унга қийин бўлди, илк ғалабасини 17-турда сафарда “Машъал” билан ўйинда қўлга киритди. Ана шунда Кумиков “Андижон”да ҳам ғалаба қозона олишини кўрсатди. Аммо кейин ўз майдонида “Металлург”га ютаётган жойида аламли тарзда мағлубиятга учради. Ўша учрашувдан кейин ҳам клуб ҳақида сайтимиз орқали таҳлилий мақола чоп этгандик ва тақвим бўйича “Андижон”ни жуда қийин ўйинлар кутаётганига урғу бериб, бундан Кумиков жамоаси қандай “тирик” чиқаркин, дея савол билан мурожаат қилгандик. Аммо кўпчилик ишонмаганда “Андижон” ўша мураккаб тақвимдан деярли “тирик” чиқди. “Металлург”га ўз майдонида ютқазган андижонликлар тўрт кун ўтиб “Пахтакор”ни қабул қилди. Ҳали мағлубият нималигини билмай келаётган “Шерлар”ни аутсайдер тиз чўктиришини ким ўйлаганди? Ҳеч ким! Аммо амалда Кумиков жамоаси “Пахтакор”ни мағлубиятга учратиб ҳаммани ҳайрон қолдирди ва бу орқали осонликча жон таслим қилмоқчи эмаслигини ҳам барчага кўрсатиб қўйди. Қизиғи, ушбу ўйин билан қўшиб ҳисоблаганда “Андижон” кетма-кет бешта ўйинда мағлубиятга учрамади. Аммо аламли очко йўқотишларга ҳам гувоҳ бўлинди. Масалан, Қўқондаги учрашувда “Андижон” ғалабага жуда ва жуда яқин келганди. Бироқ ҳакам томонидан қўшиб берилган охирги дақиқада мезбонлар пенальтидан гол уриб дурангга эришди. Бу эса меҳмонлар учун мағлубиятга тенг дуранг, мезбонларга ғалабага тенг дуранг эди. Шунингдек, Тошкентда “Локомотив” билан баҳсда Забелиннинг охирги сонияда урган голи эвазига 2:2 ҳисоби қайд этилиб, андижонликлар мағлубиятдан қутулиб қолдилар. Ёки бўлмаса, Андижондаги “Насаф” билан ўйинни олайлик. 1:1 ҳисобида якун топган ўша учрашувда ҳам “Андижон” жуда қулай имкониятлардан фойдалана олмагани билан ёдда қолди. Айниқса, охирги дақиқада икки марта пенальтидан гол ура олмадилар. Бу жуда аламли дуранг бўлди. Ўтган турда Олмалиқда АГМК билан учрашувда эса Кумиков жамоаси сал  қолса уйга очко билан қайтиши мумкин эди. Бирин-кетин иккита гол урганидан сўнг “Андижон” футболчилари бироз “қўрқиб” кетди шекилли, кейинчалик мувозанатни йўқотишди ва АГМКдан учта голни ўтказиб юборишди. Уч очко чўнтакда бўлиб турган вазиятда якунда уйга қуруқ қўл билан қайтиш қанчалик аламли эканлигини “Андижон” футболчилари ўзларида жуда яхши синаб кўришяпти.

кумиков_8

Хулоса сифатида шуни айтиш мумкинки, мухлисларда жамоага нисбатан ишонч катта. Виктор Кумиков ихтиёридаги бор ўйинчилардан яхлит, курашувчан жамоани шакллантира олди. Агарда шу таркибга икки-уч нафар тажрибали ўйинчи бўлганидами, клубни ҳозир юқори ўринларда кўрардик. “Қўқон-1912” ва “Насаф”ни мағлуб этганида-чи? Ҳа, жамоа Суперлигада қолиш вазифасини бажариб ҳозир ўзини енгил ҳис қилаётган бўлиши табиий эди. Аммо ҳали имкон бор. Бунинг учун ўз майдонида “Навбаҳор” ва сафарда “Турон”га қарши ўйинлар “Андижон” учун катта финалга айланади. Нафақат ютқазишга, балки дуранг ўйнашга ҳам энди мутлақо ҳаққи йўқ. Мухлисларни бироз хотиржам қилаётгани шуки, Кумиков келгач, ўйин ўзгарди, ишонч уйғонди, мағлубиятлар камайди. Шу боис уларда “Андижон”нинг лигада қолиши йўлида шубҳа ўрнига ишонч кучлилик қиляпти.

Виктор Кумиков клубда иш бошлаганидан бери 2 та ғалаба, 5 та дуранг ва 4 та мағлубият қайд этди. Ҳозирги пайтда ҳеч ким ғалабани қўшқўллаб топшириб қўйгиси келмайди. Шунинг учун Суперлигада қолиш учун кураш ўта жиддий тарзда кечяпти. Аслини олганда, таркиб бўйича “Андижон” у қадар мақтана олмайди. Масалан, “Турон” билан солиштирганда ном жиҳатдан яйпанликлар таркиби яхшироқ. Шундай экан, Кумиков катта ошпаз сифатида қозондаги бор масаллиқдан мазали таом тайёрлашга уриняпти. Бунда эса ошпазнинг маҳоратига кўп нарса боғлиқ бўлиб қолади. Кумиков бир неча тур олдин барчасини “Турон” билан ўйингача ҳал қилишимиз керак, дея айтгани ёдимизда. Лекин энди аксинча, ҳаммаси "Навбаҳор” ва “Турон” билан ўйинларда узил-кесил ҳал бўлади. Юқорида айтдик, агар клуб ғалабалардан маҳрум бўлмаганида ҳозир вазият улар учун бошқача тус оларди. Аммо ҳали “Бургутлар” учун имконият йўқолгани йўқ. Ҳаммаси охирги турда ҳал бўлар экан, “Андижон” олдида турган иккала ўйинни ҳам ютишга мажбур. Буни Виктор Кумиков жуда яхши тушуниб турибди. Ўз ўрнида бош мураббий раҳбарият томонидан тўлиқ қўллаб-қувватланяпти. Клуб таъсисчиси Журъатбек Қувватов ҳамда вице-президенти Жаҳонгир Нуриддиновнинг саъй-ҳаракатларини ҳам эътироф этса арзийди. Чунки футболчиларга иш ҳақлари ва айниқса, мукофот пуллари вақтида тўланяпти, керак пайтда руҳлантириляпти. Шу боис раҳбарият бу борада қўлидан келган барчасини қиляпти. Бу ёғи футболчиларга боғлиқ.  

андижон 2 

Дарвоқе, яқинда футбол мутахассиси билан Суперлигани тарк этиши мумкин бўлган клубларни ўзаро муҳокама қилган чоғимизда “Андижон”нинг қолишига ишонаётганини айтди. Бу каби эътирофлар кўпчилик томонидан айтиляпти. Бироқ “Андижон” ўзига билдирилаётган ишончларни иккала ўйинда ғалаба қозониш орқали оқлаши керак. Жавобини кутаётган савол тез орада ўз ечимини топади. Оз қолди...

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Узбек легионер
09/11/2021 01:49
Кумиков яхши мутахассис. Уз ишини устаси. Анави сохта тренерлардака эмас.
&
Мехриддин Абдурахмонов
08/11/2021 21:20
Сайтда факат Шухратбек макола езмокда, кушимча яхши журналистларни жалб этиш керак. Масалан Абдулхафиз акани кушимча даромадга йук демаса керак. Яхши тахлилий маколар езарди.