Ўзбекистонлик 45 ёшли мутахассис Александр Мочинов ёдингизда бўлса керак-а? У футболчилик фаолиятини бир қатор клубларда ўтказган.

Масалан, “Машъал”, “Насаф”, “Навбаҳор”, “Шўртан”, “Металлург”, “Сўғдиёна”, шунингдек, Қозоғистоннинг “Тараз” ва “Ордабаси” жамоаларида тўп сурган.

Мураббийликни ҳам эрта бошлаган. Шу пайтга қадар “Оқтепа”, “Бунёдкор” академияси, “Бухоро”, “Сўғдиёна” ва “Обод” клубларини бошқарди. Қолаверса, Ўзбекистон U-16 ҳамда U-19 терма жамоаларига ҳам устозлик қилган.

- Александр Владимирович, Қувайтда иш бошлаганингиз билан табриклайман! Бу қандай юз берди? Агар хато қилмаётган бўлсам, сиз ушбу диёрда фаолият юритган ўзбекистонлик дастлабки мутахассисга айландингиз. Тўғрими?

- Табрик учун раҳмат. Мени эслаб йўқлаганингиз ёқимли бўлди. Мен Кувайтда 2019-2020 йиллар давомида “Ал-Қодисия” клуби академиясида меҳнат қилдим. Иш жараёнида 14 ёшгача бўлган болалар билан шуғулландим. Пандемия бошлангач, барча спорт мусобақалари тўхтатилди, жумладан, бизнинг академиядаги машғулот жараёнлари ҳам номаълум муддатга фаолиятини тўхтатганди. Шу вақт давомида уйда оила даврасида ўтиришимга тўғри келди. Боз устига Кувайтда карантин талаблари жуда қатъий тарзда белгиланганди. Шунинг эвазига юртимизга қайтиб келишнинг иложини топа олмадим. Чеклов талаблари бироз юмшатилгач эса Россияга йўл олдик. Россияга жўнаб кетиш олдидан “Қодисия” билан шартномам ҳам ниҳоясига етганди. Шартномам апрель ойида тугади. Бунинг қарангки, орадан бир ой ўтар-ўтмас май ойида Кувайтнинг бошқа клуби “Ал-Наср”дан таклиф келиб тушди. Шунинг эвазига шартномага имзо чекдим ва яна Кувайтга қайтдим. Пандемия туфайли деярли тўлиқ бир йил ишдан четда бўлдим. Жорий йил ёзида Кувайтда ҳам йўллар очилди. Бинобарин, барча соҳалардаги каби футбол мусобақаларида ҳам бемалол ишлаш имконияти юзага келди. Бунга қадар эса Қувайт ўз чегараларини бошқа давлатлар учун тўлиқ ёпиб улгурганди. Ҳукумат барча оммавий тадбирлар қатори футбол мусобақаларини ўтказишга ҳам рухсат берди. Яқинда эса “Ал-Наср”га бориб шартномага биноан иш фаолиятимни бошлаб юбордим. Саволингизнинг иккинчи бандидаги ўзбек мураббийлари ҳақидаги масалага келсак, тўғри, бу ерда ўзбекистонлик мураббийларни кўрганим йўқ. У ерда асосан собиқ Иттифоқ тасарруфида бўлган бошқа юртлардан келган кишиларни учратдим. Бироқ улар футбол билан алоқадор бўлган инсонлар эмас. Тўғри, бундай инсонларнинг аксар қисми бевосита спорт билан боғлиқ. Масалан, Кувайтда Беларусдан келган мутахассислар ёшларга сузиш бўйича дарс бермоқдалар. Шунингдек, спортнинг таэквандо тури бўйича ҳам четдан келган мана шундай мураббийлар ишлаяпти. Кувайт футболида эса собиқ Иттифоқдан бўлган бирорта мутахассисни кўрмадим. Илгари собиқ Иттифоқдан бўлган футбол мураббийлари ишлаганини менга айтишди. Уларнинг орасида энг таниқлиси эса шак-шубҳасиз, футбол оламида жуда машҳур бўлган Валерий Лобановский бўлган. Ундан ташқари, Кувайт футболида Россиядан, Украинадан ёки Ўзбекистондан бўлган мутахассислар ишлаган ёки ишламаганлари ҳақида менда ҳеч қандай маълумотлар йўқ.

мочинов6

- “Ал-Наср” клуби раҳбарияти сизга қандай вазифа юклади? Ўз навбатида, жамоа сизда қанақа таассурот қолдирмоқда?

- Бу ерда бизни жуда илиқ кутиб олишди. Клуб менежери қатор масалаларда бизга қулайликлар яратишда анча тер тўкяпти. Шартнома имзолаган пайтимда спорт мусобақаларини қайта йўлга қўйиш масаласи ҳал қилинмаганди. Ўшанда ҳам жамоа менежери менга ҳаммаси жойида бўлишини, бу масалада қайғурмаслигим кераклигини етказганди. Бу инсон янглишмаган экан. “Наср”ни топ-савиядаги клуб деб бўлмайди, лекин Кувайтда мазкур жамоани ҳурмат қилишади. Мени Қувайтга бирданига иккита лавозимда ишлаш учун таклиф қилишди. Дастлабкиси U-15 жамоаси бўлиб, ундан ташқари U-17 клубида ҳам ўсмирлар билан шуғулланаман. Бундан ташқари, U-17 U-20 билан ишлайди. Раҳбарият олдимизга асосий клуб учун муносиб тарбияланувчиларни етказиб беришни вазифа сифатида қўйган. Ўз навбатида биз мураббийлар маҳаллий ўринбосарларни асосий клубда тўп суриш учун лойиқ ижрочи сифатида тайёрлашга киришдик. Бу ерда бир қанча ёш тоифалардаги бошқа жамоаларни ҳам кўздан кечирдим. Қувонарлиси, турли ёшдаги жамоаларда бўлганлар орасида иқтидорлилари талайгина. “Ал-Қодисия” топ даражадаги клубдир. У ерда талаблар ҳам шунга мос равишда белгиланган. “Ал-Наср”да эса иш жараёни сал бошқача. Шундай бўлса-да, талаблар анча юқори бўлиб, энг муносиб тарбияланувчиларни ажратиб олиш керак. Топ-клублардан фарқли равишда “Ал-Наср” академияси ва турли ёшдаги жамоалар учун ўйинчиларни кўплаб қабул қилишади. Кувайтда иқтидорли болалар ва ўсмирлар кўп. Аммо 15 ёшли бўлган ўсмир учун ҳам катта пул талаб қилишади. Бир сўз билан айтганда, ундайларнинг нархи анча қиммат. Шунинг учун бўлса керак, худди Ўзбекистондан фарқли равишда Қувайтда ёшларни бир клубдан иккинчи клубга кўчиб ўтишлари деярли кузатилмайди. Ҳеч кимга сир эмас, Ўзбекистонда иқтидорли бола кўзга ташланиб қолгач, бир зумда “Пахтакор”, “Бунёдкор” ёки “Насаф” академиясига кўчиб ўтиш пайига тушиб қолади. Кувайтда эса бундай ишлар жуда қатъий назорат қилинади. Мана шунинг учун ҳам бўлса керак, Кувайтда 13-16 ёшдаги иқтидорли ўйинчиларнинг нархи 100-150 минг АҚШ доллари қийматида белгиланади. Мана шундай талаблар туфайли ҳар бир клуб ўз академиясида тарбияланувчилари бошқа жойга кўчиб ўтишидан кўп ҳам хавотир олмасдан ишлайди. Юқорида айтиб ўтганимдек, олдимга қўйилган вазифага биноан энди режа тузиб чиқилди. Аввало, мавсумолди тайёргарлик жараёнига алоҳида эътибор қаратишимиз керак бўлади. Қувайтда ёш тоифаларининг даражаларидан келиб чиққан ҳолда мусобақалар ташкил этилади. Бундай мусобақалар олдидан топ мақомда бўлган ва даражаси улардан пастроқ турадиган жамоалар алоҳида саватчаларга бўлиб чиқилиб, қуръа ташлаш орқали мусобақа ўтказиш йўлга қўйилади. Мавсум арафасида ташкил этиладиган бундай турнирларнинг формати менга жуда ёқди. Чунки тайёргарлик жараёнида ўртоқлик ўйинини ўтказиш учун спарринг-рақиблар қидиришга умуман ҳожат қолмайди. Шунинг ҳисобига бўлса керак, бундай форматда ишлашимиз мумкинлиги ҳозирданоқ менга ёқяпти. Бўлажак тайёргарлик вазифасини ўтайдиган бундай мусобақа ноябрь ўрталарида бошланади. Ўз-ўзидан U-17 жамоаси U-20 жамоасидагилар билан биргаликда асосий клубда ўйнаб кетиши мумкин бўлган ёшларни ажратиб чиқади.

мочинов3

- Фаолиятини Қувайтда давом эттираётган Сардор Рашидов билан учрашдингизми?

- Сардор Рашидовнинг Қувайтдаги топ-клублардан бири саналадиган “Кувайт СК”да ўйнаётганидан хабарим бор, албатта. Аммо у билан учрашганим йўқ. У ўйнаётган жамоа нафақат миллий биринчиликда ёки Кубок мусобақасида, балки халқаро миқёсидаги турнирларда ҳам ўз олдига юқори мақсадларни қўяди. Энг асосийси, “Қувайт СК” жуда бой клуб. Ўз-ўзидан бундай грандлар мавсумга ўта жиддий тайёргарлик кўришади. Мана шунинг ҳисобига фақат футболчилар эмас, балки мураббийлар ва раҳбарлар ҳам эртадан кечга қадар ишлашади. Фақат ярим тунга боргандагина улар дам олиш имконига эга бўладилар. Шуни ҳисобга олсак, Сардор Рашидов билан учрашишим осон бўлмаслиги турган гап. Умид қиламанки, бир пайтлар шогирдим бўлган бу йигит билан тез орада учрашиш насиб қилади. Ҳарқалай, унинг футболчи бўлиб етишишида менинг ҳам бироз ҳиссам борлигидан хурсандман. Сардор билан ишлаган чоғимдаёқ келажакда ундан жуда яхши футболчи етишиб чиқишига ишонардим. Кувайтлик ҳамкасбларим ва соҳа мутахассислари билан Рашидов ҳақида гаплашдим. Уларнинг бари унинг жуда қобилиятли футболчи эканлигини таъкидлашди. Кувайтдаги топ-клублар четдан олиб келадиган легионерларни жуда чертиб-чертиб танлашади. Сардор эса мана шундай юқори савияда бўлган легионерлардан бири сирасига киради.

- Сиз ҳақингиздаги маълумотлар охирги пайтларда жуда камайиб кетди. Нима сабабдан Россияга кўчиб ўтдингиз?

- Ҳа, 2018 йили оилам билан Россияга кўчиб ўтишимга тўғри келди. Бундан олдин эса “Сўғдиёна” клубида бош мураббий сифатида ишлаётгандим. Кўчиб ўтишимнинг сабаблари талайгина, аммо уларни бирма-бир санаб чиқмоқчи эмасман. Шу боисдан ҳам шахсий масаладаги сабабларни қайтатдан эслаб ўтишни истамаган бўлардим. Бугунги воқеликка қайтадиган бўлсак, энди мен Россия фуқароси ҳисобланиб, оилам билан Самара шаҳридан қўним топганман.

мочинов4

- Сизнинг юртимиздаги мураббийлик фаолиятингиз қандай кечганидан яхши хабардормиз. Фаолият юритган клубларингиз ва ёшлар терма жамоасидаги ишингизда мақташга арзийдиган яхши натижалар йўқ...

- Бу билан Ўзбекистондаги мураббийлик фаолиятингиз яхши бўлмаган, демоқчимисиз? Йўқ, мен бу фикрга қўшилмаган бўлардим. Агар терма жамоа миқёсини оладиган бўлсак, бир пайтлар ўзим устозлик қилган йигитлардан бир талайи асосий термада ўйнаш даражасига етганлар. Тўғри, кимлар биландир узоқроқ, яна кимлар биландир эса тайёргарлик жараёнида камроқ ишлаган бўлишим мумкин. Лекин нима бўлган тақдирда ҳам мен ўша футболчиларнинг шаклланишида қандайдир ҳисса қўшганман, деб бемалол айта оламан. Эҳтимол, натижа нуқтаидан олиб қаралганда, ишлаган жойимда жарангдор ғалабалар бўлмагандир. Бироқ ўзимни келажак учун ишлаган мутахассислардан бири деб ҳисоблайман. Чунки асосан ёш футболчиларни тарбиялаш билан шуғулланишимга тўғри келган. Масалан, ёшлар терма жамоасида ишлаган чоғимда асосий термага ўтишлари учун футболчилар билан жуда қаттиқ шуғуллангандим. Бугунги Ўзбекистон терма жамоаси таркибига назар соладиган бўлсам, аксарият футболчилар ўзимнинг шогирдларим эканлигини кўраётганимдан хурсандман. Ўзбекистонда асосий эътибор фақат натижага қаратилгани боис клуб ва терма жамоа миқёсида ҳам ишлар шунга таянган ҳолда олиб борилади. Бундай кезларда эса бирор-бир натижага эришиш қийин. Ўйлайманки, агар тайёргарлик жараёнига алоҳида урғу бериладиган бўлса, Ўзбекистон камида Япония даражасидаги терма жамоага эга чиқиши мумкин. Терма жамоанинг узоқ йиллардан бери жаҳон чемпионатига йўл ололмаётганининг асосий сабабларидан бири ҳам сифатга эмас, балки натижага урғу берилиши билан боғлиқ. Қўл остимдаги шогирдларим кейинчалик мени илиқ гаплар билан эсга олишлари учун футболни қандай тасаввур қилишимдан келиб чиққан ҳолда улар билан ишладим. Шогирдларимга ўз фалсафамга биноан сабоқ беришга интилдим. Эҳтимол, иш жараёнида ўз фикримда собит қолиб, кимларгадир ёқмаган бўлишим мумкин. Шунинг баробарида натижалар кўнгилдагидек чиқмагандир. Лекин нима бўлган тақдирда ҳам ёшларни катта футболда ўзларини йўқотиб қўймасликлари йўлида бор билим ва тажрибамни ишга солиб, улар билан астойдил шуғулландим. Александр Мочинов мана шундай мураббийдир. Табиийки, ўтган вақт давомида Ўзбекистондаги фаолиятимни таҳлил қилишга ҳам улгурдим. Таҳлил жараёнида қаердадир тўғри йўл тутганимни, яна қаердадир эса қайсарлигим эвазига нотўғри қарорлар қабул қилганимни ҳам англаб етдим. Ўзимга ишонаман. Шунинг учун ҳам бундан кейин бошимни тик тутганча ишда давом этишни мақсад қилганман. Ҳар қандай инсон хато ва камчиликлардан ҳоли эмас. Йўл қўйилган хатолар эса кишини янада тажрибали бўлишига олиб келади. Қувайт футболида мураббий сифатида янги даражага чиқишдан умид қилиб қоламан. Ишга профессионал сифатида ёндашиш орқали ҳар қандай инсон ўсишга эришиши табиий. Агар Қувайтда тажрибамни янада оширадиган бўлсам, келажакда бемалол мақтанишга арзийдиган натижалар бера оладиган клубда ишлашдан умидвор бўлиб қоламан.

мочинов1

- Россияга кўчиб кетганингиздан кейин ҳам Ўзбекистондан таклифлар бўлдими ёки юртимизга қайтиб ишлашни истамайсизми?

- Ҳа, Россияга кўчиб ўтганимдан сўнг, дастлабки бир йил мен учун жуда оғир бўлди. “Крилья Советов” жамоасида ишладим. Аммо клубдагилар билан умумий тил топишиб кетишим қийин кечди. Қолаверса, мен ўрганган ва тасаввур қиладиган футбол билан маҳаллий клуб тасаввуридаги футбол ўртасида катта фарқ борлигини сездим. Ўз ишимни профессионал даражада бажаришга одатланганман. Айримлар каби эрталаб ишга келиб, шунчаки зиммамдаги вазифани бажариб қўйиб, уйга вақтлироқ қайтиш ҳақидаги фикр умуман хаёлимга келмайди. Чунки бундай ишлашга кўникмаганман. Биринчи навбатда, инсон ўзини ва шуғулланаётган соҳасини ҳурмат қилиши керак. Очиғини айтсам, “Крилья Советов” тизимида 9 ой ишлаш орқали яна ўзбек футболига қайтиш йўлларини чамалаб кўрдим. Шу аснода керакли одамлар билан алоқага чиқдим. Уларнинг орасида таниш-билиш, ўртоқларим ҳам йўқ эмасди. Қайсидир жамоанинг хизматимга кўз тикаётганидан хабар топиб, Ўзбекистонга қайтиш тараддудига тушиб қолгандим. Аммо сўнгги паллада режалар умуман амалга ошмади. Ҳеч ким менинг гапларимга қулоқ солишни истамади. Қисқаси, факт фактлигича қолади. Очиғини айтадиган бўлсам, ўзим ортга қайтишни жуда истаган бўлсам-да, бошқалар буни тушунишни хоҳлашмади.

мочинов5

- Ўзбек футболчиларидан Қувайтга таклиф қилиш режангиз борми?

- Биласизми, Кувайтга учиб келишдан олдин 8 август – 13 сентябрь кунлари давомида Тошкентда бўлишимга тўғри келди. Қандайдир ҳужжатларни тайёрлашим керак эди. Шу вақт давомида бир қанча ўйинларни бевосита стадионларда кузатдим. Лиганинг бугунги даражаси қай аҳволда эканлиги борасида фикр юритдим. Асосий клуб ва ўринбосарлар иштирокидаги ўйинларни томоша қилишимда менга яқиндан ёрдам берган дўстларимдан миннатдорман. Яшириб нима қилдим, Ўзбекистон футболи ўсаётгани йўқ. Даража олдин қандай бўлса, шундайлигича қолмоқда. Менинг феъл-атфорим шундайки, тил ёғламалик ёки лаганбардорлик қилишга одатланмай, ҳаммасини рўй-рост баён этишга одатланганман. Агар Суперлиганинг мусобақа жадвалига назар ташлайдиган бўлсак, “Пахтакор” тўплаган очко билан сўнгги ўринни эгаллаб турган клуб йиққан очколар ўртасидаги фарқ катталигидан ҳар қандай киши даҳшатга тушиши тайин. Бу эса футбол ва ўйинчиларнинг сифати етарли даражада эмаслигидан далолат беради. Албатта, ҳозирги вазифамдан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистондан ўйинчи таклиф қилишим мумкин. Лекин икки давлат футболи ўртасидаги фарқ анча сезиларли. Қолаверса, четдан келган ўйинчининг Қувайтда мослашиш жараёни оғир бўлади. Тўғри, шогидларимдан бирини асосий клубда тўп суришини истардим. Бироқ бу менга боғлиқ масала эмас. Агар араб давлатларида тўп сурган ўзбек футболчиларидан сўрасангиз ҳам менинг бу масаладаги фикрим қанчалик тўғри эканлигига амин бўласиз. Легионер мақомидаги футболчининг нафақат маҳаллий футболга, балки иқлимий шарт-шароитларга кўникиши осон бўлмайди. Устига-устак Кувайт лигаси нопрофессионал биринчилик саналиб, топ мақомдаги жамоалардан фарқли равишда қолган иштирокчилар сафидаги ўйинчиларнинг қўшимча ишлари бор. Улар асосий ишдан бўшаганларидан кейин жамоалар ихтиёрига қўшилиб, биринчилик ёки Кубок доирасидаги ўйинларда майдонга тушишади. Топ-клублардаги ижрочиларни эса маҳаллий мухлислар ҳақиқий профессионал деб ҳисоблайдилар. Ўз-ўзидан мана шундай клубларда четдан футболчи таклиф қилиш олдидан улар ҳақидаги маълумотлар обдон ўрганиб чиқилади. Жумладан, Сардор Рашидовни Қувайтга таклиф қилиш олдидан уни обдон ўрганишган. Футболчи талабларга жавоб бериши ойдинлашгач эса, унга чиқишган. Агар кейинчалик менинг ҳам омадим чопиб, Қувайт лигасидан бирор-бир жамоани бошқариш имконига эга бўлсам, Ўзбекистондан албатта футболчилар олиб келишларини сўрайман.

 

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Мехриддин Абдурахмонов
26/09/2021 23:14
Sports.uz катта микдорда маьлумот бера олмас, хозирги кунда championat.asia даги молиявий имконият йукдур лекин ажойиб интервьюлар Билан хурсанд килади. Ишларга омад.
Baxil Alihuja
27/09/2021 15:07
Жуда хам яхши мураббий! Термага шундай тренерларни ишга олиш керак, хеч булмаса бош мураббий ёрдамчиси килиб ишга олиш керак эди! Энг мухими лаганбардор эмас, узок муддатли натижага асосланган шартнома тузиб, ишлаш керак эди! Биздаги аксарият мураббийларда жавобгарлик хисси йук.