Liga Andijon — Navbahor oʻyinidagi epizodlar yuzasidan oʻz eʼtirozini bildiradi
Кеча — 7 апрель куни Суперлига 6-тури доирасида Андижон 0:1 Навбаҳор учрашуви бўлиб ўтди. Ўйин давомида регламент бандлари билан тартибга солинган қоидаларнинг бузилиши бўйича бир қатор ҳолатлар қайд этилди.
Ўтган соатлар давомида Лига учрашув расмийларидан мазкур ҳолатлар бўйича билдирги кутди. Бироқ Комиссарни инобатга олмаса, на бош ҳакам ва на тўртинчи ҳакам мезбонлар захира ўриндиғида юз берган ҳолатларни тартибга солиш бўйича билдирги киритди. Фақатгина учрашувнинг 55-дақиқасида бош ҳакам ўзига нисбатан билдирилган эътироз учун Андижон устози Самвел Бабаянга сариқ карточка кўрсатди.
Лига Тартиб-интизом қўмитаси ўхшаш ҳолат бўйича жорий йилнинг 3 март куни бўлиб ўтган йиғилишида Самвел Бабаянга нисбатан жарима интизом чораси қўлланганди Шунга қарамай, Андижон бош мураббийи Навбаҳор клубига қарши водий дербисида ҳам техник зона билан боғлиқ қоидаларга нисбатан беписанд муносабатда бўлди. Бу эса ўз навбатида қўмита қарорларига ҳамда ўйин қоидаларига нисбатан ҳурматсизлик ҳисобланади. Мутахассис захира ўриндиғи расмийлари учун белгилаб қўйилган чегараларни бир неча бор кесиб ўтди. Шунингдек, ҳакам қарорларига нисбатан эътироз сифатида тўпни майдонга улоқтирди. Бир қатор вазиятларда бош ҳакам ва захира ҳаками билан тортишувли вазиятларни юзага келтирди. Бу эса табиийки, майдонда ҳаракат қилаётган Андижон футболчиларига ҳам ўз таъсирини ўтказди. Оқибатда, учрашув давомида бир қатор асабий ҳолатлар кузатилди.
Лига учун ўн олти клуб бош мураббийлари бир мақомда ҳисобланади. Учрашув давомидаги эмоциялар, ҳаяжонли дақиқалар футболнинг бир қисми сифатида қабул қилинади ва унинг жозибаси учун табиий равишда тўғри талқин этилади. Аммо Тартиб-интизом қўмитасининг тегишли қароридан кейин ҳам барча учун тенг бўлган қоидаларга бўлган ҳурматсизлик қабул қилинмайди.
Ўз навбатида Лига фақатгина бу билан чекланиб қолмайди ҳамда Ўзбекистон футбол ҳакамлари марказидан Андижон 0:1 Навбаҳор учрашуви ҳакамлиги бўйича расмий тушунтириш талаб қилади. Бунга Комиссар билдиргиси ва трансляция давомида намойиш этилган тасвирлар асос қилиб олинади. Бош ҳакам ва захира ҳаками учрашувнинг айрим эпизодларида бошқарувни қўлдан чиқаргани, шунингдек, ўйин давомида ва ундан кейин ҳам ҳолатни тартибга солиш мақсадида жиддийроқ амалий ҳаракатларни амалга оширмагани Лигани сергак торттиради. Боиси, Суперлигада фаолият олиб бораётган профессионал рефери ҳар қандай ҳолатда ҳам расмий шахсларнинг ўйиннинг боришига аралашувини тартибга солиши шарт. Бу ўз навбатида майдонда ҳаракат қилаётган футболчилар, учрашувни томоша қилаётган бир неча минг мухлисларга таъсир ўтказиши мумкин. Ишонамизки, ЎзФҲМ ҳакамларни тайинлашда Суперлига ўйинлари даражасидан келиб чиқади ва кечаги учрашувдаги ҳар бир эпизодни ҳакамлар билан семинарлар даврида ўрганиб чиққан ҳолда, келгуси учрашувлар тартибли ва юқори савияда ўтишига ўз ҳиссасини қўшади.
Маълумот учун, Андижон — Навбаҳор учрашувида фаолият олиб борган ҳакамлар катта эҳтимол билан ўйин натижасига таъсир кўрсатиши мумкин бўлган қўпол хатоларга йўл қўймади. Бироқ юқоридаги ўйин давомидаги эпизодлар учрашув тақдирини бевосита ўзгартириб юбориши мумкин эди. Стадиондаги атмосфера, учрашувга тайёргарлик ва бошқа масалалар аъло даражада эканлиги Лигани қувонтиради. Бироқ 90 дақиқалик футболдан мухлислар том маънода роҳатланиши учун ҳам унинг давомида баҳсли, кўнгилсиз, қоидаларга бўлган ҳурматсизлик ва ўйин темпига салбий таъсир қилувчи ташқи аралашувлар максимал даражада кам бўлиши Лига учун устувор йўналиш ҳисобланади.
Fikrlar