Мағлубиятдан сўнг Моуриньо “Рома”ни ларзага солди!

А Сериянинг олтинчи туридаги энг марказий учрашув Римда “Лацио” ва “Рома” ўртасида бўлди. Бу дерби нафақат футболчилар, балки икки машҳур мураббий Маурицио Сарри ва Жозе Моуриньонинг ўзаро тўқнашуви эди.

Ушбу учрашувга мезбонлик қилган “Лацио” пухта ва аниқ ҳаракатлари билан ғалабага эришди. Беллашув бошланганидан кейин 19 дақиқа ичида иккита гол ўтказиб юборган “Рома” ҳаракатларида бироз талваса, ўзаро пас оширишда палапартишлик кузатилди. Баҳс давомида аксарият кўрсаткичлар бўйича “бўрилар” устунлик қилган бўлса-да, ҳисобда “бургутлар”нинг парвози баланд бўлди.

ruef5efeb08d4

Мезбонлар 3:2 ҳисобида олдинга чиқиб олганидан кейин Жозе Моуриньо 64-дақиқада Стефан Эл-Шаарави ўрнига Элдор Шомуродовни жангга ташлади. Ҳужумда сал жонланиш кузатилди.  Орадан беш тақиқа ўтиб, Моуриньо шогирдлари ҳисобдаги фарқни биттага қисқартирди.

Фаол ҳаракат қилган Шомуродовда жамоасини мағлубиятдан қутқариб қолиш имкони бор эди. Аммо унинг мураккаб зарбасини “Лацио” қўрғони – Пепе Рейна бартараф эта олди.

Учрашув “Лацио”нинг 3:2 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди.

Ўйин якунланиши билан Жозе Моуриньо барча шогирдларини майдонга тўплагани кўпчиликнинг эътиборини тортди. Одатда, португалиялик мутахассис жамоаси ғалаба қозонган учрашувларда ҳам футболчиларни аямай танқид остига олишини кўп кўрганмиз.  "Рома" ўйинчилари ҳам мураббий бор заҳрини уларга сочиши кутган бўлса, не ажаб. Бу гал умуман бошқача вазият юз берди.

Моуриньонинг футболчиларга айтган гаплари уларнинг қалбини жумбушга келтирди.

Моуриньо шогирдларига “Гапларимиз орамизда қолсин. Мен бу гапларни кийим алмаштириш хонасида айтишим керак эди. Лекин майдоннинг ўзида гапиришга қарор қилдим”, - деди.

Моуриньонинг шогирдларига айтган гаплари ҳали ташқарига чиқмади. Лекин португалиялик мутахассис Dazn вакилларига берган интервьюсидан у футболчиларга тахминан нима деганини билиб олиш мумкин. Жозе суҳбатда шогирдларидан мамнун эканини яна бир бор таъкидлади.

- Энг аввало, ижобий фикрларимни айтмоқчиман. Мен аввал ишлаган пайтларимдан бери Италия футболи яхши томонга ўзгарибди. Ўйин сифати ва ғалабага бўлган интилиш ошган, бироқ ҳакамлик ва ВАР бу учрашувда муаммо бўлди. Бугун ҳакам ҳам, ВАР вакиллари ҳам хато қилди. Лейвага иккинчи сариқни беришмади. Худди шундай вазиятда Пеллегрини қизил олганди. Бугун шунга ўхшаш икки ёки учта вазиятда қарор бошқача бўлди. Ўйинчиларимдан фахрланаман, биз майдонда энг яхши жамоа эканимизни кўрсатдик.

243033426_4442696345791145_3579678125822939593_n

Ҳимоядаги хатолар мени безовта қилмайди. Мен иккита гол ўтказганимиздан кейин курашмаганимизда, ўйинимизни кучайтира олмаганимизда хавотирган тушган бўлардим. Агар “Лацио” 90 дақиқа давомида биздан устунлик қилганида ҳам хотиржам бўла олмасдим. Иккинчи ва учинчи голларни қарши ҳужумда ўтказдик.

Италия футболи ўзгармоқда. Чунки ҳамма футбол ҳақида гапиряпти, ҳакамларни эмас.

Биз Сергей Милинкович-Савичнинг ўйинини синчиклаб ўргандик, лекин марказда уни бўш қолдирдик ва у ўз имкониятидан фойдаланди. Биз хато қилдик, шунга қарамай, дарров уни тўғрилаш ҳаракатида бўлдик. Бунақаси менга ёқади.

Пеллегрини ҳақида гапиришни истамайман. Николо Заньоло зўр ўйнади. У жисмоний тарафдан рақиблардан устунлигини кўрсатди, лекин якуний паллада хато қарорлар қабул қилди. Кўп ҳаракат қилганидан чарчаб қолди ва курашни охиригача давом эттира олмади.

Мен хотиржамман. Ўйинда фақат 10 дақиқалик муаммога дуч келдик. Танаффусда муҳим паллада бу бизга қимматга тушиши мумкинлигини айтдим. Лекин бунақа вазиятдан ҳам ўтишимиз керак. Биз бошқа натижага лойиқ эдик, лекин ҳакамнинг қарорлари якуний натижага таъсир қилди, - деди Жозе Моуриньо.

shomurodov-rasskazal-o-problemah-v-kommunikacii-s-mourinyu_1629439984419145040

“Рома” мағлубиятга қарамай, 12 очко билан тўртинчи поғонадаги ўрнини сақлаб қолди. Бироқ, кучли учликда бораётган “Наполи”, “Милан” ва “Интер” билан  очколар ўртасидаги фарқ ошди.

Моуриньо шогирдлари навбатдаги учрашувни 30 сентябрь куни УЕФА Конференциялар кубоги доирасида Украинанинг “Заря” жамоасига қарши сафарда ўтказади.

“Рома” Европа Чемпионлар лигасида... Шомуродовнинг орзуси ушаладими?

“Спартак” собиқ бош директори “соққа қилиш” учун Ўруновдан фойдаланган экан!

Шомуродов жанговар характери билан узоққа боради!

Моуриньога бутсамни отиб юбордим!

Бугун Рим дербиси: Шомуродовда Рейнага гол уриш тажрибаси бор. Моуриньо ундан фойдаланадими?

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!