Муроджон Аҳмадалиев ва Марлон Тапалес жангига промоутерлик савдоси санаси аниқ бўлди

Олдин хабар берганимиздек, IBF ташкилоти ҳамюртимиз Муроджон Аҳмадалиев ва даъвогар Марлон Тапалес ўртасида жангни ташкил қилишга буюрган эди. Томонларга 2 февралгача музокаралар олиб бориш учун муддат қўйилган бўлсада, Тапалеснинг промоутерлик компанияси MP Promotions ташкилотга расмий мурожаат билан чиқиб, промоутерлик савдосини муддатидан олдин ўтказилишини сўраган. Бу мурожаат қониқтирилган ҳолда Аҳмадалиев ва Тапалес жангини ташкил этиш ҳуқуқини қўлга киритиш учун очиқ промоутерлик савдоси 18 январь санасида Нью Жерси штатидаги ташкилот бош қароргоҳида бўлиб ўтиши белгиланди. Ушбу савдода ғолиб бўлган томон ташкилотчилик ҳуқуқини қўлга киритади.

Эслатиб ўтамиз, собиқ WBО чемпиони ҳисобланган Тапалес (35-3, 18КО) 2021 йил 11 декабрь куни элиминатор жангида япониялик Ҳироаки Тешигавани 2-раундда нокаутга учратган ҳолда ғалаба қозониб, мажбурий даъвогарлик мақомини қўлга киритган. Шунингдек, у олдинроқ Муроджон Аҳмадалиевнинг собиқ рақиби Рёсуке Ивасадан муддатидан олдин мағлуб бўлган.

Аҳмадалиев (10-0, 7КО) ўзининг охирги баҳсида чилилик Хосе Веласкесдан очколар ҳисобида устун келган эди.

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

×