Мухтор Қурбонов:

Бронза медаль эгаси АГМК клуби 20 декабрдан машғулотларини бошлаганидан хабарингиз бўлса керак. Яқинда жамоани сербиялик легионер Йован Жокич тарк этди.

Ҳозирча ундан бошқа янгилик эшитилмади. Аммо таркибда албатта ўзига яраша ўзгаришлар бўлиши аниқ. АГМКнинг режалари бўйича клуб бош директори Мухтор Қурбонов Sports.uz мухбирининг саволларига жавоб қайтарди.  

- АГМК клуби кетма-кет икки йил чемпионатда бронза медални қўлга киритди. Ўзбекистон кубогида ҳам охиригача боряпти. Бош директор сифатида жамоанинг қайд этаётган натижаларидан қониқяпсизми?

- Бу йил бундан ҳам юқорироқ ўринни олмоқчи эдик. Айрим пайтларда омад келмай қолди. Аммо учинчи ўринни ҳам соврин, деб ҳисоблаймиз, чунки бу бронза дегани. Икки йилдан бери учинчи ўринни қўлга киритиш осон иш эмас. Бироқ биз янада тепароқда бўлишни хоҳлардик. Ўзбекистон чемпионатида рақобат кучайиб боряпти. Масалан, “Сўғдиёна” жамоаси ҳам яхши ўйинлар кўрсатиб, иккинчи ўриндан жой олди. Менимча, келаси йили олтин медаль учун 6-7 та клуб кураш олиб боради. Умумий маънода айтганда, жамоамизнинг натижасидан бироз хафа бўлган бўлишимиз мумкину, лекин бронзани ҳам чакки эмас, деб ўйлайман. Қаердадир қониқдик, қаердадир йўқ. Кубокда ғолиб чиқмоқчи эдик, чемпионатда иккинчи ўринни эгаллаш ниятимиз ҳам бор эди. Афсуски, бўлмади, бу – футбол. Насиб экан-да. Кейинги йилга янада омадлироқ бўлишига ҳаракат қиламиз.

мухтор

- АГМКнинг янги мавсум учун тайёргарлик режаси ишлаб чиқилгандир?

- 20 декабрдан бошладик. 30 декабрга қадар Тошкентда машғулотлар олиб борамиз. Январь, февраль ва март ойидаги йиғинларимизни маслаҳатлашиб, аниқлаштириб оламиз. Шундан кейин яна бу ҳақида гаплашамиз.

- Бу сафар ҳам яна хорижда йиғин ўтказиладими?

- Худо хоҳласа, мўлжалимизда бор.

- Яқинда Йован Жокич АГМКдан кетди. Клуб уни олиб қолиш ҳаракатидамиди ёки...

- Олиб қолмоқчи эдик. Уни биз билан тузган шартномаси тугаганди. Футболчини хоҳишига ҳам қаралади. Жокич Наманганда ўйнашни истади. Футболда доим кимдир келади, кимдир кетади. Жокич ҳам озми-кўпми АГМК клубида ўйнади. Балки у яна муҳитни алмаштириб кўришни истагандир. Нима қилишни ўзи билади. Жамоамиз ўзагини сақлаб қолиб, 3-4 та ўйинчини қўшиб олсак, яна медаллар учун курашишга тайёр бўламиз.

мухтор4

- Нима деб ўйлайсиз, Жокичнинг кетиши АГМК учун катта йўқотишми?

- Буни вақт кўрсатади. Жокичнинг позициясига бошқа ўйинчиларни кўрамиз. Барчасини фурсати келганда билиб оламиз. Футболда алмаштириб бўлмас ўйинчи йўқ. Ҳа, балки қайсидир маънода Йован Жокич бизга етишмаслиги мумкин. Ёки бўлмаса унинг ўрнига бошқа футболчи келиб, ундан ҳам зўр ўйин кўрсатар, ҳаммасини вақт кўрсатади.

- Жокичдан ташқари АГМКни яна кимлар тарк этди?

- Ҳали ҳеч ким тарк этгани йўқ. Қолганларни шу ой охиригача шартномалари бор.

- Клубга янги қўшилаётган футболчилар борасида маълумот бера оласизми?

- Янги қўшилаётганлардан кимнидир фамилиясини айта олмайман. Барчаси янги йилдан кейин ойдинлашади. Музокаралар давом этяпти. Қўл қўйиб, шартнома тузиб олмагунча бефойда гапнинг кераги йўқ. Қайсидир ўйинчи ҳақида гапирсам, кейин биз у билан келиша олмай қолишимиз мумкин. Қачонки, шартнома тузганимиздан кейин расман эълон қилсак бўлади.

мухтор1

- Эшитишимча, Тожикистоннинг “Истиқлол” клуби ҳимоячиси АГМКга ўтяпти экан...

- Ҳали аниқ бўлгани йўқ. Ҳозирча музокаралар кетяпти.

- Миржалол Қосимовнинг олдига янги мавсум учун “конкрет” вазифа қўйилдими?

- Бизда ҳар доим мақсад бўлган ва бундан кейин ҳам бўлади. Ҳар доим катта вазифаларга интиламиз.

 

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Минбар

Барча блоглар