“Андижон” клуби ўз тарихида биринчи маротаба “Навбаҳор” майдонида ғалаба қозонди. Бу ўзига яраша муҳим воқелик сифатида қабул қилинди.

Биласиз, андижонликлар учун мавсум омадсиз давом этаётганди. 2-турдаги ғалаба ва 4-турда қайд этган дуранг натижадан бошқа барча ўйинларда рақибларига ютқазиб келди. Шундан келиб чиқиб айтганда, кўпчилик навбатдаги водий дербисида яна “Андижон”нинг мағлубиятини кутганлар бўлди. Аммо бу сафар бундай бўлмади.

Ниҳоят, “Бургутлар” Наманган майдонидан ҳам ғалаба билан қайтишларини исботладилар. Бу шундай ғалаба бўлдики, айниқса, учрашувнинг охирги сонияларида урилган гол туфайли ҳам унинг қиймати анча баланд.

Чунки бош ҳакам учрашувга тўрт дақиқа қўшиб берган ва у ҳам деярли ниҳоясига етиб қолганди, шу боис Зокир Қодиров соатига қараб турган бир пайтда “Андижон” ҳимоячиси Усмонали Исмоналиев уйга дуранг билан эмас, балки ғалаба билан қайтиш учун ўта муҳим голни уриб кетди. Бу унинг ушбу мавсумдаги иккинчи голи бўлди. Футболчи Sports.uz учун водий дербисидаги ғалаба, урган голи ва яна бошқа мавзулар ҳақида фикр билдирди.

усмонали1

Ўйин ҳақида

- Бу ғалаба билан Андижон халқини чин қалбимдан табриклайман. Чунки “Навбаҳор” устидан эришган ғалабамиз биргина жамоамизнинг эмас, балки бутун Андижон халқиники. Бизни чин дилдан қўллаб-қувватлаган мухлисларимизга ҳам миннатдорлик билдираман. Бу ғалаба бизга жуда муҳим эди. Наманганда керакли ғалабани қўлга киритдик, десам адашмайман. Биз шунга яраша яхши тайёргарлик ҳам кўрдик. Дербиларда осон ўйин бўлмайди. Доим жиддий тўқнашувларга бой ўйин бўлади.

Ягона гол хусусида

- Урган голимга келсак, бу бизга ниҳоятда муҳим эди. Рости, бу гол мен учун сюрприз бўлди, десам адашмаган бўламан. Чунки бу шундай ўйин эдики, ким гол урса ўша жамоа ютарди. Ўйин тақдирини биргина гол ҳал қиларди. Худога шукр, биз ўша голни урдик ва ғалабани қўлга киритдик. Раҳбариятга ҳам катта раҳмат. Бундай ғалабаларимиз бардавом бўлсин. Ўйин 0:0 бўлиб турган маҳалда “Навбаҳор” футболчилари ўз-ўзидан ҳужумга катта эътибор қаратишди. Охирги дақиқаларда майдон эгалари ҳужумда кўп қолиб кетдилар. Биз эса мана шундай вазиятда қарши ҳужумлардан фойдаланиб қолишимиз керак эди. Ўйинлар чоғида охирги дақиқаларда ҳужумга ўтиш менинг одатим. Ўша вазиятда ҳам дарҳол қарши ҳужумга ўтдик ва гол уриш кўнглимга келди. Ғалабани жуда-жуда хоҳлагандик. Тўпни эгаллашимиз билан қарши ҳужумга отландик, ўша пайтда рақиб футболчиларининг аксари бизнинг жарима майдонимизда қолиб кетгандилар. Ҳимоячи бўлишимдан аввал марказий ҳимоянинг таянч нуқтасида ўйнаганман. Ўша позицияда ўйнаган чоғимда голлар уриб турардим. Шунинг учун менда гол уриш қобилияти етарлича бор.

усмонали

Ғалаба учун бериладиган мукофот пули тўғрисида

- Раҳбарлар бизга ғалаба учун яхшигина миқдорда мукофот пули берилишини айтишган. Лекин биз бунга қарамадик. Асосий мақсадимиз рақибни мағлубиятга учратиш эди ва бизга ғалаба керак эди. Ютмасак бўлмасди. Оиламиз, мухлисларимиз ва Андижон халқи олдида юзимиз ёруғ бўлиши учун ғалаба қозонишимиз талаб этилганди. Лекин “Навбаҳор”га қарши ўйин қийин бўлишини билгандик. Яна қайтараман, раҳбариятнинг ғалаба учун муносиб равишда рағбатлантиришларига эътибор қилмасдан фақат ўйинга ва унда ғалаба қозонишга жиддий қарадик. Ўзингиз ҳам биласиз, анчадан бери ютолмасдан келаётгандик. Ғалабасиз сериямиз чўзилиб кетди. Шу боис ҳеч нимага қарамасдан олдимизга қўйган вазифани уддалаш учун боримизни бердик.

Жалолиддиновнинг кетишига муносабат

- Жасур Жалолиддиновни жамоамиздан кетишини катта йўқотиш деб ҳисоблаш мумкин. Аслида унинг шартномаси тўрт ойга эди. Клуб билан футболчи ўртасида қандай келишув бўлганини яхши билмаймиз. Ҳали Жасурни жамоамиздан кетиши 100 фоизга аниқ эмас. Аммо кетгани ҳақида хабарлар бор.

усмонали3

Исмоналиевни олдида турган таклифлар ҳақида

- Менга бошқа клублардан таклиф бор, йўқ эмас. Лекин “Андижон” учун ўйнаб, жамоани Суперлигада олиб қоламиз. Клуб билан шартномам бор ва иккинчи даврани ҳам “Андижон”да ўтказаман. Чемпионат тугаганидан кейин раҳбарлар билан гаплашамиз. Мен учун бошқа вариантлар ҳақида ўйлашга эрта. Биринчи навбатда клубни Суперлигада олиб қолишимиз керак. Иккинчи давра олдинда. Ҳозирча қайси жамоалар қизиқиш билдиргани сир бўлиб турсин.

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Минбар

Барча блоглар