ОЧЛ. Барча ярим финалчилар номи маълум бўлди. Финалда Саудия Арабистони ва Жанубий Корея клублари тўқнаш келади!

Осиё Чемпионлар лигаси чорак финал босқичидан ўрин олган учрашувлар бўлиб ўтди. Биринчи баҳсда "Чонбук Моторс" ўз майдонида "Ульсан"га 2:3 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйди.

Мезбонлар сафида Хан Гёвон ва Такахиро Кунимото киритган голларга меҳмонлар Валерий Казаишвили ҳамда Юн Ил Локнинг аниқ зарбалари эвазига жавоб қайтаришга муваффақ бўлди. Асосий вақтда кучлар тенг келгач, ҳакам томонларни қўшимча бўлимларга таклиф этди. 101-дақиқада гол муаллифига айланган Ли Дон Гён якунда жамоасига кейинги босқич чипталарини олиб берди.

Иккинчи қарама-қаршиликда "Пхохан Стилерс" ҳамда "Нагоя Грампус" жамоалар ўзаро баҳс олиб борди. Бир томоннинг катта устунлиги остида кечган учрашувда майдон эгалари 3:0 ҳисобида зафар қучди. Лим Сан Хёп дубль қайд этган бўлса, Син Мо Ли бир бор рақиб дарвозасини ишғол этди.

Энди финал остонасида Жанубий Кореянинг икки клуби - "Ульсан" ҳамда "Пхохан Стилерс" ўзаро кураш олиб боради. Ғарбий минтақада эса, легионеримиз Жалолиддин Машарипов ҳаракат қилаётган "Ал-Насср" клуби саудиянинг бошқа бир гранди "Ал-Ҳилол"га қарши майдонга тушади.

Ярим финал учрашувлари 19 ва 20 октябрь кунлари бўлиб ўтади.

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Минбар

Барча блоглар