ОЧЛдаги иштирок, чемпионни мағлуб этган гол, 16 ёшдан бери ўзгармаётган соч турмаги -

SPORTS.uz интервью рукнидан ўрин олган суҳбатларни давом эттиради. Бизнинг бу галги суҳбатдошимиз "Бунёдкор" аёллар жамоаси ҳужумчиси Азиза Норбоева.

Футболчимиз Осиё Чемпионлар лигаси, ички биринчиликдаги рақобат, Ўзбекистоннинг айни дамдаги энг кучли 3 футболчиси ва бошқа мавзуларда фикр билдирди.

- Ассалому алайкум, Азиза. Аввало, суҳбатга рози бўлганингиздан хурсандман. Мавсум якуни ва клубингизнинг ажойиб натижаси билан табриклайман! Бу йил "Бунёдкор" қизлари нафақат Олий лига, балки Осиёда ҳам турнирда қатнашди. Таассуротларингиз билан бўлишсангиз.

Таассуротлар аъло даражада. Авваламбор, бизнинг жамоа бу турнирда илк бор иштирок этганидан жуда ҳам хурсандман. Бундай мусобақалар аёллар жамоалари ўртасида кўпроқ ўтказилса яхшироқ бўлар эди. Кўзланган натижаларга эриша олмаган бўлсак-да, камчиликларимиз ва устун тарафларимизни ўрганиб, ўйинлардан керакли хулоса чиқардик.

- "Бунёдкор"га иккита турнирда қатнашиш қийинчиликлар олиб келган бўлса керак?

Ҳамма турнирларни ўзига яраша қийинчилиги бор, албатта. Ўзбекистон чемпионатидаги жамоаларни ўйин услуби ва қандай ўйинчилар борлигини ҳамма жуда яхши билади. Осиё яшил майдонларида эса, булар бизга қоронғу бўлди. Ўз навбатида, бу катта таъсир кўрсатди, деб айта олмайман. Лекин бу бизга катта дарс ва кейинги мақсадлар сари интилиш йўлимиздаги камчиликларни тўғирлашга ёрдам беради.

photo_2021-11-18_19-54-58

- Тушунарли. Мусобақада Людмила Карачик жароҳат олиб, сўнгги ўйинда майдонга туша олмади. Жамоада унинг ўрни қанчалик сезилди?

Ҳамма жамоанинг лидери бўлганидек, Карачик бизнинг етакчимиз. Унинг ўрни жуда кўп жабҳада билинди.

- Фаолиятингиз давомида жамоангизни тез-тез алмаштириб тургансиз. Бу фақат ўсишга эришиш учунми ёки яна бошқа сабаблари ҳам борми?

Шу пайтгача ўйнаган жамоаларимда нималарнидир ўргандим, маслаҳат олдим, ҳаёт дарсларини ҳам кўриб келдим. Қаердадир ўзимдаги билимлар билан бўлишдим, яхши сабаблар бўлса борки, ёмонлари йўқ. Ўсиш, албатта, биринчи ўринда.

- Сўнгги баҳсда "Бунёдкор" сизнинг голингиз сабабли "Сўғдиёна"ни мағлуб этди. Сиз ўйиннинг асосий қаҳрамони бўлдингиз. Ғалабадан кейин қандай ҳис туйғулар ўтди?

-Жиззахлик бўлганим учунми, она шаҳрим майдони ва маҳаллий мухлислар менга янада руҳият бағишлагандек бўлди. Ўйинда шунинг учун ҳам гол уриш хоҳишим кучайиб, жамоамга нафим тегди. Ғалабадан кейинги ҳис-туйғуларни таърифлаб бера олмайман.

- Голингизни ноодатий услубда нишонладингиз. Бу ҳаракатлар нимани англатади?

Бу услубни кўпчилик "Кунг-фу панда" мультфильмидаги қахрамон панданинг услуби, деб ўйлади. Йўқ, аслида ундай эмас! Мен шунчаки Жеки Чан ва Брюс Лига ўхшамоқчи эдим ва у ерда шеригим ҳам бўлиш керак эди. Хурсандчиликдан шеригимсиз кўрсатиб юборганман. Афсуски, ўхшамаган кадр.

- Бу сизнинг услубингиз бўлибди-да?!

Шунақа деса ҳам бўлади.

- Голни нишонладингиз ва уни Людмила Карачикка бағишладингиз. Тўғрими?

Ҳа. Карачик менга опадек бўлиб қолган. Унинг кайфиятини кўтаришга ҳаракат қилдим. Чунки у жамоага ёрдам бера олмаётганидан жуда ҳам хафа эди.

- Бу йил чемпионлик "Сўғдиёна"га насиб этди. "Бунёдкор" ҳам мавсум бошида фаворит сифатида кўрилган эди. Нима деб ўйлайсиз, "қалдирғочлар"нинг чемпионлигига нималар тўсқинлик қилди?

Энг керакли очколарни кераксиз пайтларда йўқотдик. Бошқа ҳеч нима дея олмайман.

- Бугун кўплаб жамоаларда тажриба орттирган Азиза ўз жамоасида қандай роль ўйнайди? Ўз ўйинингизни қандай баҳолайсиз?

Менимча, 10/9. Ўзига ишонган одам кўзлаган мақсадидан ҳам юқорироқ чўққиларга эришади!

- Келажакдаги режаларингиз ҳақида гапирсангиз. Сизни яна неча йил футболда кўришимиз мумкин?

Орзулар жуда кўп, мақсадлар аниқ. Фақат ўз устимда ишлашни тўхтатмасдан, олға интилиш йўлидаман. Футбол фаолиятимни қачон якунлаш ҳақида ҳали умуман ўйлаб кўрмаган эканман, тўғриси. Лекин қаергача кучимиз етса, ўша вақтгача тайёрман.

- Футболда сиз нафақат чиройли ўйинингиз, балки стилингиз билан ҳам ажралиб турасиз. Шу ҳақида гапирсангиз?

Ёшлигимда ўғил болалар билан футбол ўйнаб юрганимда, уларга ҳавас қилиб, соч калта бўлса, тез югурса керак, кўп гол урса керак, деб ўйлаганман ва 16 ёшимда сочимни калталатганман. Ҳозиргача, шу услубимни ўзгартирмадим.

photo_2021-11-23_15-17-16

- Ҳозир клубда молиявий вазият қандай? Қанча маош оласиз ва сиз футбол мавсумида қаерда яшайсиз?

Клубдаги молиявий вазиятни жуда зўр ҳам, жуда ёмон ҳам, дея олмайман. Исталган жамоада қачондир бўлганидек, бизнинг клубда ҳам ҳозирда молиявий қийинчиликлар бўлиб турибди. Ўйлайманки, бу ҳолат қачондир бартараф этилади. Ойлигим сир бўлиб қолсин. Футбол мавсуми давомида эса, ижарада тураман.

- Ижара пулини ўзингиз тўлайсизни ёки клуб томонидан молиялаштириладими?

Клуб томонидан ажратилган квартира бор. Лекин мен онам билан алоҳида яшайман.

- Бугунги кунда қизларимиз легионер сифатида Туркияда тўп тепмоқда. Сизга ҳам таклифлар бўляптими

Ҳозирча, таклифлар йўқ. Чунки "Бунёдкор" билан 2022 йилгача шартномам бор.

- Олий Лигамизда чемпионликка курашадиган клублар мавсум бошидаёқ деярли аниқ бўлиб улгуради. Сиз ички биринчилик ўсиши учун энг керакли жиҳатларини айтиб ўта оласизми?

Менимча, муаммоларни бертараф этиш учун фикр билдиришга ҳали ёшлик қиламан!

- Сўнгги саволим, футбол мавсуми тугади. Яқинда тақдирлаш маросими бўлиб ўтади. Сизнингча, энг яхши аёл футболчилар учлигини кимлар ташкил қилади?

Людмила Карачик, Диёра Хабибуллаева, Дилдора Нозимова. Фусеина Мумини ҳисобга олмасак, бу йилги тўпурарлар яхши, чиройли ва шу тақдирлашга лойиқ ўйин кўрсатишган футболчилар, деб ўйлайман

- Раҳмат, Азиза. Ўйлаймизки, юқоридаги учликдан сиз ҳам жой оласиз. Ўзингиз ва жамоангизга омад тилайман!

Рахмат, соғ бўлинг.

Дилноза Мустафоқулова суҳбатлашди

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Минбар

Барча блоглар