ЎФAда йиғилиш ўтказилди. Кўплаб масалалар муҳокама қилинди

Ўзбекистон футбол ассоциациясининг мажлислар залида ЎФA Президенти Aбдусалом Aзизов раислигида 2021 йилги мавсум якунлари ва кейинги йилги мавсум режаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Унда миллий чемпионатимизда тўп тепаётган клубларнинг бош мураббийлари, жисмоний тайёргарлик ва илмий-методик таҳлил бўйича мутахассислари иштирок этишди. Бу ҳақда ЎФА матбуот хизмати хабар берди.

ЎФA раҳбари футболчиларнинг бетартиб трансферлар натижасида доимий клубларни алмаштириши, бунда ўсиш ва юқори натижа қайд этиш асосий мақсад бўлмаётганлигини танқид остига олди. Масъулларга кейинги мавсумдан трансферлар жараёнини қаттиқ назорат остига олиниш топшириғи берилди. Шунингдек, легионерларни олиб келишда уларнинг даражаси ва савиясига алоҳида эътибор қаратилиши кераклиги таъкидланди.

Суперлиганинг сўнги ўйинлари муросасиз баҳсларга бой тарзда ўтганлиги, кучли учлик учун кечган рақобат охирги тургача сақланиб қолганлиги, адолат принсипларига риоя этиш йўлида барча ҳаракатлар амалга оширилгани таъкидланди. Aбдусалом Aзизов кейинги мавсумда иштирок этадиган клублар сони ўзгартирилмаслиги, барча режалар регламент асосида ташкил этилишини маълум қилди. Янги мавсумдан бошлаб клублар учун бир қатор стандартлар жорий этилиши, хусусан, футболчилар учун жисмоний тайёргарликнинг минимал даражаси талаблари белгиланиши ва майдонлар ҳолати қатъий назорат остига олинишини айтди. Клуб академиялари ва аёллар футболини ривожлантиришга ҳам тизимли ва сифатли ёндашиш талаби қўйилди.

Клублар томонидан сарфланаётган маблағларни айнан футбол инфратузилмасини босқичма босқич ривожлантириш учун мақсадли йўналтириш зарурлигини таъкидлаб ўтди.

ЎФA биринчи вице-президенти Равшан Эрматов юқори даражадаги футболчилар етиштиришда муҳим бўлган жиҳатлар, хусусан, спорт тиббиёти, витаминизация нутрициология, замонавий спорт технологияларидан самарали фойдаланиш ва бу йўлда мутахассисларни тайёрлаш, мураббийлар таълими масалаларида таклиф ва тавсиялар берди.

Кун тартибидаги масалалардан Ўзбекистон чемпионати-2022 мусобақалари регламентига Суперлига ўйинчиларининг жисмоний тайёргарлигига минимал талабларни жорий этиш мавзуси муҳокама қилинди. Бу ўз навбатида натижа ва кўрсаткичларга ижобий таъсир қилиши, бундай таҳлил замонавий футбол талаби экани эътироф этилди.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Сречко Катанец ҳам сўз олиб, футбол спорт турлари ичида энг кўп энергия талаб қилиши, шу сабабли футболчиларнинг жисмоний ва руҳий ҳолатини яхшилаш биринчи галдаги вазифа эканлигини айтди. Футболчиларга бериладиган юкламаларни доимий равишда назорат остида ушлаш, бу борада клубларда жисмоний тайёргарлик бўйича тажриба эга мутахассислар фаолият юритишини ташкил этиш кераклигини қўшимча қилди.

Шунингдек, йиғилишда Суперлига мураббийлари бир қатор муаммоли вазиятларга ўз таклифларини билдириб ўтишди. ЎФA раҳбарияти ушбу муаммолар ечимида жамоаларга ёрдам кўрсатишини маълум қилди.

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Минбар

Барча блоглар
×