Олег Зотеев энг яхшиси! У кореялик мухлисидан мактуб олди, унда нималар ёзилган ёхуд севимли ўйинчисининг футболкасига эришиш йўли

Бугунги мақоламиз орқали куни кеча ўз клубида Жанубий Корея кубогини қўлга қиритган Олег Зотеев билан боғлиқ қизиқ бир ҳолат ҳақида тўхталмоқчимиз.

Ўтган йилдан бери “Чоннам Драгонс” учун ўйнаб келаётган футболчимиз у ердаги вақтини бекор кетказгани йўқ. Аввало, буни Корея кубоги соҳибига айлангани орқали билиб олсак ҳам бўлади. Зеро, легионер сифатида хорижда қандайдир соврин ютиш бу катта гап ва фаолиятида ҳам унутилмас онлар бўлиб қолиши шубҳасиз. Энг асосийси шундаки, Олег ростакамига кореялик мухлисларнинг меҳрини қозона олди. Ўйини ҳамда меҳнатини маҳаллий ишқибозлар юксак қадрлашяпти. Бу футболчимиз учун энг муҳими ва унга берилган муносиб баҳо, десак муболаға қилмаймиз. Бунинг юқори нотаси эса айнан кубок финалида кўринди.

олег6

Мухлис стадионга аввало жамоасининг чиройли ўйинини ва унинг ғалабасини кўриш учун келади. Бундан ташқари, севимли жамоасида ўзи учун ёқтирган футболчилари ҳам бўлади. Аммо бундай эътирофга ҳамма ҳам сазовор бўла олмаса керак.

Гап шундаки, Зотеевга ҳам клубида индивидуал тарзда мухлислик қиладиганлар бисёр. “Чоннам Драгонс”нинг ёш мухлиси Олегнинг жамоа сафига қўшилганидан кейин ҳамюртимизнинг ўйинини ёқтириб қолган ва шундан бери персонал равишда унга ишқибозлик қилиб келади. Кубок финалида эса ҳамюртимиз учун алоҳида “плакат” ҳам кўтариб чиқди ва қизиғи, унда ўзбек лотин алифбосида ёзилган сўзлар, футболчининг расми ва Ўзбекистон байроғи чизилганди. “Плакат”да жумладан шундай дейилган: “Олег сен менинг энг яхши футболчимсан! Агар қарши бўлмасангиз, менга сизнинг “футбол формаси”ни хоҳлайман”. У ўзининг қалбидаги сўзларини кичик баннерча сифатида ўзимиз тушунадиган тилда эплаб шунчалик ёзиб чиққанининг ўзи катта гап.

олег8

Ўз навбатида, бу “плакат” стадиондаги барчанинг эътиборини тортди ва табиийки, Зотеев ҳам буни кўрди. Ўша ёш мухлис ва унинг шерикларида Олег билан учрашиш истаги кучли бўлгани боис улар бунинг имконини топдилар. Натижада бугун легионеримиз ўз мухлислари билан учрашди. Эътиборлиси, улар учрашишдан аввал ҳамюртимизга мактуб ҳам йўллашди. Бу борада Олег билан кеча гаплашганимизда шундай деганди: “Тўғрисини айтсам, бу болани яхши танимасдим. Лекин ҳар ўйинимизга келарди ва стадионда унга кўзим тушарди ва саломлашиб қўярдим. У жамоамизнинг инстаграмдаги саҳифасида доим Олег билан кўришмоқчиман, деб ёзарди, экан. Кейин клуб администратори менга қўнғироқ қилди ва шу бола сизни сўраяпти, деди ҳамда қўлимга хат берди. Эртага улар билан учрашамиз ва шунда яқиндан танишаман”, - дея ушбу вазиятга изоҳ берганди Олег.

олег7

Сизда Зотеевга ёзилган мактуб қизиқиш уйғотдими? Футболчимиз билан мухлисларнинг учрашуви тафсилотига тўхталишдан аввал, сиз ўқувчиларга кореялик мухлиснинг мактубда нималар ҳақида ёзганини ҳавола этамиз. Олдиндан шуни айтиш керакки, у хатни Олег ўқиши қулай бўлиши учун корейс тилида ёзганларини ўзбек лотин алифбосига таржима қилдирган ва сўнг уни қоғозга туширган. Мактубда шундай дейилади:

олег10   

“Салом Олег! Мен сизнинг мухлисингизман, Жун Сеонг Ха. Сиз бу йил ажойиб иш қилдингиз. Сизнинг чиқишингизни кўриш жуда шараф эди. Хавотирда эдим, чунки мавсум бошида кутилмаган ўзгаришлар бўлди, лекин сиз мавсумни хавфсиз якунлаганингиздан жуда миннатдорман. Мен сизни ҳақиқатан ҳам жуда ажойибсиз деб ўйлайман. Чунки сиз ҳар бир ўйинда ҳужум қиласиз ва ҳимоя қиласиз...Бу жуда қийин бўлса керак, лекин охиригача таслим бўлмасдан қўлингиздан келганини қилаётганингизни кўриш жуда ажойиб бўлди. Қолаверса, терма жамоада бўлганингиз учун бошқалардан кўра, қийинроқ бўлган бўлса керак. Лекин жамоага бўлган фидойилигингиз менда чуқур таассурот қолдирди. Сиз энг яхши футболчисиз. Ўзбекистон терма жамоаси футболчиси бизнинг жамоада эканлигига ишонмайман.

олег 9

Бу йил ўқишда энг кўп “стресс”га тушдим ва “Драгонс” ўйинчиларининг, шу жумладан сизларнинг ўйинларингиз ва чиқишларингизни томоша қилиб, кўнглимни кўтара олдим. Шунинг учун мен сизга катта раҳмат айтмоқчиман. Сиз менинг севимли футболчимсиз. Менга Ўзбекистон жуда ёқади. Келгуси йил университетга бораман ва рус тили бўйича мутахассисликка киришни режалаштирганман. Ўзбекистонда ҳам русча гапиради, деб эшитдим. Энди мен сизга таржимон ва луғат орқали ёздим. Лекин бир кун келиб сиз билан эркин гаплашмоқчиман. Эҳтимол, мактубнинг мазмуни жуда ғалати бўлиши мумкин, шунинг учун тушунасиз, деган умиддаман. Келажак қандай бўлишини билмайман, лекин умид қиламанки, сиз билан ҳаммаси яхши бўлади. Ҳар доим соғлигингизга ғамхўрлик қилинг. Насиб қилса, ўйинингизни яна шахсан кўришим мумкин, деган умиддаман”.

Жун Сеонг.

Биз мактубда қандай ёзилган бўлса, шундайлигича бердик. Таржима қилинганида айрим жумлалари бир-бирига тўғри келмай қолган бўлиши мумкин ва бу борада маъзур тутасиз, деган умиддамиз. Олег ушбу мактубни олганидан кейин бугун ўша мухлислари билан учрашди ва бу борада клубини ҳам ташаббус кўрсатганини айтиб ўтишимиз керак.

олег11

Клуб қароргоҳида ташкил этилган ушбу учрашув айниқса, Зотеевнинг содиқ ишқибозлари учун унутилмас бўлиб қолди. Ўз навбатида, ҳамюртимиз ҳам уларга ҳурмат кўрсатди ва таклифини ижобий тарзда қабул қилиб, истагини амалга оширди. Учрашувда ишқибозлар суюкли ўйинчиси билан дилдан суҳбатлашдилар ва кутилганидек, Олег уларга ўзининг формасини совға қилди. Учрашув қандай ўтгани хусусида легионеримиз бизга қуйидагиларни айтди: “Ажойиб ўтди, ҳаммаси яхши. Менга совға берди (кулади). Мен уларга формамни бердим, тўрт киши келишди. “Плакат” чизиб, хат ёзган бола ҳам жуда хурсанд бўлди”.

олег13

Хуллас, легионеримизнинг Кореядаги фаолияти мана шундай қизиқ ҳамда ёрқин кўринишда ўтгани биз учун ҳам қувонарли. Мухлислар меҳрини қозониш қандай эканлигини Олег Зотеев мисолида кўрдик.

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
SIROJ BO'RIYEV
14/12/2021 22:07
Shunchaki mazza qildim izohga hojat yoq deyishadiyu

×