"Пахтакор"да қандай янгиликлар? Хюистра қоладими, Черан-чи? Жаъфар Ирисметов таркибдаги ўзгаришлар ҳақида гапирди

Чемпионликни ўзида сақлаб келаётган “Пахтакор” клуби атрофида ҳам охирги пайтларда турли гап-сўзлар тарқаляпти. Клуб спорт директори Жаъфар Ирисметов Sports.uz учун “Пахтакор”га тааллуқли барчани қизиқтираётган масалаларга ойдинлик киритди.

Энг яхшилар ҳақида

- Худога шукр, учинчи марта чемпион бўлдик. Охирги уч йил ичида бир марта кубокда ютқазиб қўйдик. Лекин яхшигина шаклланган “Насаф”га мағлуб бўлдик. Энг яхшиларни аниқлашда номзодлар орасида “Пахтакор” мураббийи ҳам бўлиши табиий. Албатта, барча номзодлар муносиб. Аммо “Пахтакор” барибир 1-ўринни олди. Драган Черан эса учинчи йил тенги йўқ футболчига айланиб, тўпурарликка эришяпти. Менимча, у энг яхши ўйинчи номига муносиб. Бошқа кимни кўрсатса бўлади? Тўғри, Элдор Шомуродов, Жалолиддин Машариповга ўхшаган кучли ўйинчиларимиз бор. Лекин Ўзбекистон ичида Черан, Одил Ҳамробеков кабилар ўзини кўрсатди. Одилни жамоа учун қилаётган меҳнатини ҳамма кўряпти. У ҳам Ўзбекистондаги энг зўр футболчилардан бири. Қолаверса, Фаррух Сайфиев ҳам яхши ўйнади. Кейин Черанни маросимга келишдан бош тортгани ҳақида хабарлар тарқалди. Бу нотўғри гап, буни аниқ айта оламан. Легионер бўлгани сабабли 11 ой уйига бормаган, яқинларини кўрмаган. Бола-чақаси билан ватанига кетган. Пандемия пайтида уни бир кунга келиб-кетиши, менимча, қийин. Тўғри, келса яхши бўларди. Аммо инсонийлик нуқтаи назаридан уни ҳам тушунса бўлади. Сербия ҳам яқин жойда эмас. Ўзи ҳам жон, деб келган бўларди, лекин...

ирисметов5

Бош мураббий масаласи

- Хюистра билан гаплашяпмиз. Худо хоҳласа, ижобий ҳал бўлади, деб ўйлайман. “Пахтакор”да шунча йил ишлади, клубни ичидан билади. Ўйлашимча, Питер билан келиша олсак керак. Раҳбарият тарафидан унга ишонч билдирилган. Тўғри, бизга бошқа мураббийларни кўп таклиф қилишди. Агар Хюистра билан бир тўхтамга кела олмасак, шунда бошқаларни кўриб чиқсак бўлади. Бироқ раҳбарият Питерга ишонч билан қараяпти.

Драган Черан қоладими?

- Черан борасида бизга ҳеч ким расмий таклиф билан чиққани йўқ. Драган билан анча йилдан бери биргамиз. Бу футболчини жамоанинг юраги деса ҳам бўлади. Қисқа вақт ичида бундай натижага эришиш ҳамма легионерга ҳам насиб қилмаяпти. Черан Ўзбекистоннинг энг зўр легионери. Буни ҳамма тан олса керак. Айтганимдек, ҳозирча Драган борасида ҳеч кимдан таклиф олганимиз йўқ. Ўйлашимча, унинг ўзини ҳам “Пахтакор”дан кетгиси йўқ. Уни яна бир йиллик шартномаси бор. Футболчининг хоҳиши ҳам муҳим. Бу легионерни “Пахтакор”га анча фойдаси тегди. Яхши натижалар қайд этди. У келаси йили ҳам бизнинг жамоада қолади.

ирисметов1_1

Анзур Исмоилов кетгани ростми?

- Анзурни “Пахтакор” билан хайрлашди, деган гаплар чиқиб кетди. Ҳали бундай эмас. Биз у билан музокара олиб боряпмиз. Келиша олсак, ажойиб бўларди. Чунки Исмоиловни “Пахтакор”да қолишини жуда хоҳлаяпмиз. Анзур билан яна яқин орада гаплашиб, ҳал қиламиз. Кўп нарса футболчининг ўзига ҳам боғлиқ. Унинг ўзида ҳам жамоада қолиш нияти бор. Тўғри, ҳозирча янги шартнома тузилмаган, аммо битими ҳали тугамаган ҳам. 31 декабрда тугайди. Шунинг учун ҳали бизни вақтимиз бор, деб ҳисоблайман.

ирисметов2_2

Ҳожимат Эркиновга Россиядан чорловлар борми?

- “Пахтакор” Ҳожимат Эркинов билан шартнома тузишни режалаштирган. Ушбу ўйинчи бўйича Россия клубларидан бизга ҳеч қандай таклиф тушгани йўқ. Бошқа ўйинчилар бўйича ҳам худди шундай ҳолат. Эркинов ўзимизнинг академиядан чиққан. Футболчини жамоамизда кўришни жуда хоҳлаяпмиз ва клуб билан яна бир йиллик шартномаси қолган. Ҳожиматни агентлари билан гаплашяпмиз. Шартномасини янгилаш юзасидан музокара олиб бормоқдамиз. Эркинов ўзимизни ўйинчимиз, ёш ва келажаги порлоқ. У биз билан шартномасини янгилайди, деган умиддамиз.

ирисметов3_1

Боян Матич тўғрисида

- Эрен Дердийок билан шартномани бекор қилганимиздан кейин бизга зудлик билан бошқа ҳужумчи керак бўлиб қолганди. Шунинг учун Боян Матични ҳам кўп кузатишга вақт бўлмади. Уни бош мураббийнинг ташаббуси билан таклиф қилдик. Матич яхши футбол мактабини кўрган. Лекин бизнинг услубимизга тўғри келмади. Ҳужумчи барибир голлари билан натижа кўрсатади. Боянни танқид қилмоқчи эмасман. Майдонда бўлганида бир дақиқага ҳам тинмайди. Барибир ҳужумчи гол уриши керак, деб ҳисоблайман. Биз Боян Матич билан хайрлашдик. Ҳозирги кунда бошқа ҳужумчини жалб қилиш ҳақида ўйлаяпмиз. Бизда бу борада муаммо борлиги сабабли албатта яхши ҳужумчи керак.

ирисметов6

Сергеев қайтадими?

- Игорь Сергеев ҳар доим бизга қизиқ бўлган. У биринчи нишонимиз. Менимча, Сергеевга кўп таклифлар бор. Бунинг учун Қозоғистон билан шартнома бўйича рақобатлашиш керак бўлади. Раҳбарият билан маслаҳатлашамиз ва Игорга таклиф бера олсак, албатта бу ишни қиламиз. У ҳар доим бизга керак бўлган. Ўзи ҳам “Пахтакор”дан чиққан. Сергеевни Ўзбекистондаги энг зўр ҳужумчилардан бири, деб ҳисоблайман. Меҳнаткаш, яхши йигит. Ўзимиздан кимни олишимиз мумкин? Бу борада кам, бир-иккита яхши ҳужумчи бор, уларга таклиф билан чиқишга ҳаракат қиламиз. Хориждаги ҳужумчиларни ҳам қараяпмиз. Аслида чемпионатимизда яхши ҳужумчилар бўлса, албатта уларни ўйнатганимиз афзалроқ. Аммо бундай ўйинчилар кўп эмас. Унутмаслик керакки, жамоамиз Осиё Чемпионлар лигасида ўйнайди. Шунинг учун топ-ҳужумчи керак. Айрим ўйинчилар билан алоқага чиқдик. Келиша олсак, яқин орада кўрасизлар. Агар Суперлигадан ўхшамаса, четдан қидирамиз. Бу йил Ҳусайн Норчаев “очилди”. Агар барқарор ўйнай олса, терма жамоамиз учун яхши ҳужумчи етишиб чиқади.

ирисметов7

“Пахтакор” кимлар билан келишувга эришди?

- “Пахтакор” чемпионликдан бошқа мақсадни қўймайди. Осиё Чемпионлар лигасида ҳам жамоа олдига максимал вазифа қўйилади. Раҳбарият томонидан академиядаги ёшларга эътиборни ошириш вазифаси ҳам айтилган. Кўп ёшларимиз Ўзбекистон олимпия терма жамоаси аъзоларидир. Иқтидорли ўйинчиларимизга ҳам имконият берамиз. Бошқа клублардан у қадар кўп футболчиларни жалб қилмаймиз. Фақат 3-4 та позицияда муаммолар бор ва етакчи ўйинчиларни олишга ҳаракат қиламиз. Ҳали ким биландир келишувга эришганимиз йўқ. Тўғри, музокаралар кетяпти.

ирисметов8

Шартномаси тугаганлар

- Ҳозирча фақат Матич билан хайрлашганмиз. Анзур Исмоилов, Сардор Собирхўжаев ва Егорь Кримецнинг шартномалари тугаган. Уларни олиб қолиш ниятимиз бор. Музокаралар давом этяпти. Қолишса хурсанд бўлардик. Кримец бу мавсумда деярли ўйнамади. Жароҳати унга халақит берди. Жамоамизда қолиб тикланса яхши бўларди. Бу борада Егорни қўллаб-қувватлаймиз.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Бруно
22/12/2021 15:22
Уйнашни асбобидай гап экансанда а бир қараса у дейсан бир қараса бу норчаев ники қичувингни қондирмаётувдику олдинги сафар гапирганингда қуруууқ