ПФЛ “Рубин” клубини Биринчи лига мусобақасидан четлатди

Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси Ижроия қўмитасининг 2021 йил 6 июль кунидаги 03-сонли йиғилиш баёнига асосан “Рубин ПФК” футбол клуби Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси қатнашчилари сафидан чиқарилди. Бу ҳақда ташкилот расмий сайти хабар тарқатди.

“Рубин” футбол клуби ЎзПФЛ томонидан белгиланган талабларни ўз вақтида бажармагани, шунингдек, “2021 йилги мавсумда Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси томонидан ўтказиладиган мусобақалар регламенти”нинг 7.1-банди талабларини белгиланган тартибда амалга оширмагани учун ЎзПФЛ қатнашчилари сафидан чиқарилди. 

“Рубин” футбол клуби 2019 йилги мавсумда Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси мусобақаларида иштирок этиш учун қатнашчилар сафига шартли равишда қабул қилинган эди. Бироқ ҳозирга қадар футбол клуби қатор мажбуриятларни бажаришда қийинчиликка дуч келди. Жамоа ўзининг уй учрашувларини ўтказадиган муқим стадионга эга эмаслиги сабаб, ўтган икки мавсум давомида стадионларни узлуксиз ўзгартириб келди. ЎзПФЛ бу масалада футбол клубини истисно тариқасида қўллаб-қувватлаб келган бўлса-да, клуб бир неча огоҳлантиришларга қарамай ўша стадионларда футбол учрашувларини ташкил этиш масалаларида қатор камчиликларга йўл қўйди. 

Клубнинг молиявий имконияти инобатга олиниб, ЎзПФЛ 2021 йилнинг 3 апрель куни клуб раҳбарияти иштирокида мажбуриятнома имзолади. Шунинг асосида 2021 йил 5 июнь куни Биринчи лига мусобақасининг 9-тури доирасидаги “Жиззах-барс” — “Рубин” футбол клублари ўртасидаги учрашув ҳамда 12 июнь куни ўтказилиши режалаштирилган Биринчи лига мусобақасининг 10-тури доирасидаги  “Рубин” — “Локомотив-БФК” футбол клублари ўртасидаги учрашувларда “Рубин”га техник мағлубият ёзилди.

“Рубин” клуби аниқ молиялаштириш манбасига эга эмаслиги ҳамда ярим профессионал футбол клублари учун қўйилаётган талаблар мазкур футбол клуби учун оғирлик қилаётган келиб чиқиб, унга ҳудудий ассоциациялар томонидан ўтказиб келинадиган қуйи лига мусобақаларида иштирок этиши тавсия этилади.  

“Рубин ПФК” футбол клубини қатнашчилар сафидан чиқарилгани муносабати билан мазкур футбол клуб ва футболчилар ўртасида тузилган меҳнат шартномалари муддатидан олдин бекор қилинган ҳолатда уларнинг бошқа футбол клублари билан имзолаган меҳнат шартномаларини Ўзбекистон Профессионал футбол лигасидан рўйхатдан ўтказилишига рухсат берилади", - дейилади хабарда.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!