«РБ Залцбург»га қўйиб юборишмагани, «Пахтакор»га ўтиб хато қилгани ва футболимиз муаммолари ҳақида Акрам Комилов билан интервью

SPORTS.uz АГМК клуби ҳимоячиси Акрамжон Комилов билан интервью уюштирди. Ушбу суҳбатда, ҳимоячи кўпчиликни қизиқтирган саволларга жавоб бериб ўтди.

- «Пахтакор»га ўтишингиз хато қарор бўлди, деб ҳисоблайсизми?

- Афсуски шундай. Менда бир нечта яхши таклифлар бор эди. Испаниянинг биринчи лигаси вакилидан ва ҳатто, ЕЧЛда иштирок этадиган «Мидтьюлланд»дан ҳам таклиф бор эди. Бу орада Шота Арвеладзе оила аъзоларим билан учрашди. Уларни кўндирди. Ўзим Европага кетишни афзал кўрган бўлсам ҳам, Тошкентда қолдим. Бу ота-онамнинг танлови эди. Ўтган икки йил ичида икки бор жароҳат олдим. Бор йўғи 18 ўйин ўтказдим холос. «Пахтакор»даги илк мавсумда тўлиқ ҳаракат қилишим керак эди. Афсуски, ундай бўлиб чиқмади. Мени Шота Арвеладзе асосан кучсизроқ рақибларга қарши ўйинларда майдонга ташлади. Кучлироқ клубларга қарши баҳсларда захирада ўтирдим. Айнан шунинг ўзи психологик синиб қолишимга хизмат қилди. Кейинроқ жароҳат олдим. Қарабсизки, кераксиз футболчига айландим. Икки йил ичида ҳатто 8 кг ортиқча вазн йиғиб юбордим. Боз устига, майдонга қайтиб ўзимни тиклаб олишимга кўп вақт талаб этилди.

kgeorkgoerkg

Мураббийлар мендан совуққонроқ тўп суришимни сўрашади, аммо бундай қила олмайман. Мен «Пахтакор» билан шартнома имзолаганимдан бир кун ўтиб, Дания клубидан таклиф келиб тушди. Афсуски, поезд кетиб бўлган эди. Биласизми, бизда футболчилар 16-23 ёшга қадар топ даражада бўлади. Кейин трамплин йўқлиги учун бошқа ўсмайди. Ёшлар ўртасидаги ўйинларда Осиё чемпион бўлганмиз. ЖЧларда бирорта терма жамоадан класс борасида ортда қолмаганмиз. Футболчилар профессионал даражага кўтарилгач, ички чемпионатимиз савиясида қотиб қолади. Легионерга айланиш учун кўпинча тўсқинлик қилинади. Шахсан менга «РБ Зальцбург» таклиф билан чиққан. Австрияга учиб борганман ва икки ўйинда иштирок этганман. Улар мени олиб қолишмоқчи бўлган. Ҳатто, клубимга 100 минг доллар таклиф қилган. Ўйлашимча, бизникилар катта сумма сўраган шекилли улар фикридан қайтди. Бундай ҳолатлар жуда кўп бўлади.

Биласизми, нега Жанубий Корея ва Япония терма жамоаси бизни бемалол енгади? Улар ҳал қилувчи ўйинларга камида 12-20 легионер билан келади. Биз биригина Элдор Шомуродов билан ЖЧ йўлланмасини қўлга киритишимиз жуда қийин. Мен «РБ Зальцбург»да кўрикда бўлган чоғим, икки нафар қатарлик ёш футболчи билан танишдим. Уларнинг айтишича, Қатар футбол раҳбарлари атайин ёшларни тажриба тўплаш мақсадида бепул Европага қўйиб юборар экан. Бизда ҳам шу ишни йўлга қўйиш керак. Акс холда, легионерлар сони камайиб кетаверади. Сезган бўлсангиз, бизда бир неча йил илгари хорижда тўп сурувчи футболчилар кўп эди. Ҳозир асосан ички биринчилик вакилларидан тузилган жамоа вазиятни ҳал этиши керак.

- «Пахтакор»дан АГМКга ўтишингиз нега бунчалар чўзилиб кетди? Трансфер тафсилотлари билан ўртоқлашсангиз?

- Мавсум якунлангач, Миржалол Қосимов менга қўнғироқ қилди. Унга керак эканлигим ҳақида айтди. Ўйин амалиётисиз қолиб кетганим учун кетмоқчи эканлигимни Питер Хюистрага айтдим. У мени қолишга ундади, лекин яна аввалги терма жамоа даражасига чиқишим учун кетишга қарор қилдим. Менда «Локомотив» клубидан таклиф бор эди, аммо молиявий жиҳатдан қулайроқ бўлгани учун Олмалиққа йўл олдим. Аслида, «Бунёдкор»дан ҳам таклифлар бор эди. Шунчаки, молиявий аҳволи оғир бўлгани учун қайтишни истамадим. Ўтган мавсумда «қалдирғочлар» аъзолари 5 ойлаб маош олгани йўқ. Оилали футболчилар учун бу чинакам муаммо туғдиради.

f84re848g4egerg_1

- Ўзбекистонлик 80 фоиз ёш футболчилар профессионал футболда йўқ. Бунга сабаб нима?

- Ўсмирлар ҳамда ёшлар терма жамоамизнинг даражаси Европанинг шу ёшдаги футболчиларнинг даражаси билан деярли бир хил ҳолатда бўлади. Мисол учун, биз ўсмирлар сафида жаҳон чемпионатларида Хорватия ва бошқа кучли терма жамоалар билан ўйнаганмиз ва улар билан орамизда катта фарқни сезмаганман. Шунчаки, бизнинг футболда истеъдодли футболчилар учун ўсишга шароитлар йўқ. Бундай талантли ўйинчилар Ўзбекистон чемпионатида ўйнаб, кучсиз жамоаларни ютиб юраверади, аммо ўсиш бўлмайди ва ўша даражада қолиб кетаверади. Ўсиш бўлиши учун эса хориж клубларига ўтиш керак.

- Бизнинг ўша иқтидорли футболчиларимизни кўпчилиги хориж клубларидан қизиқиш бўлишига қарамай, маҳаллий клубларимиз сафида қолиб кетмоқда. Бунга сабаб нимада?

- Бизнинг энг катта хатоларимиздан бири айнан шу ҳисобланади. Қайсидир ёш истеъдодга қизиқиш бўлса, жамоаларимиз унинг нархини баланд қилиб белгилаб қўяди. Шундай сўнг, ўша футболчиларимизнинг хориж клубига ўтиш имконияти пасайиб кетади. Мисол учун, қайсидир хориж жамоаси бизнинг футболчиларга таклиф билан чиқса ва 100 минг доллар таклиф қилса, уни сотиш керак. Улар бизнинг ёш иқтидорларимизнинг ўйинини кўриб, ўзбек футболчиларига қизиқишни кучайтиради ва яна етишиб чиқаётган истеъдодларни ўз сафига қўшиб олишга уринади. Клубларимиз аввалига ўз ўйинчисини 100 минг долларга сотган бўлса, бу сафар 200 минг ёки 300 минг ва хатто 500 минг долларга ҳам сотиши мумкин.

Шундай қилиб, мазкур миқдорни миллионга ҳам олиб чиқса бўлади. Фақат, сабр керак. Ўзингиз ўйлаб кўринг, Осиёнинг кучли клублари Япония, Корея, Австралия каби гигантлар сафида Европанинг кучли чемпионатларида ўйновчи кўплаб катта номлар бор. Бизда эса фақат Элдор ва яна бир нечта асосан Осиё жамоаларида ўйновчи йигитлар бор холос. Саралашнинг сўнгги босқичида 4-5 та кучли клуб йиғилиб қолган тақдирда, албатта, биз жаҳон чемпионатига чиқа олмаймиз. Буни мухлислар тушунмайди. Фақатгина, футболнинг ичида юрган одамгина буни тушуниши мумкин. Шундай экан, ҳар доим футболчиларимизни айблашни нотўғри деб ўйлайман.

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Baxil Alihuja
14/06/2021 15:21
Жуда хам тугри! Узини юлдуз деб хисоблаворадиган ёшларимиз хам бор. Диёр корупция йук деб кариллагандан кура, шуни тугрилаши мумкин эди, лекин у хам еб куйган булса керак!

Минбар

Барча блоглар