“Рома”ни УЕФА Чемпионлар лигаси ярим финалига олиб чиққан мураббий янги ишдан ҳайдалди

А Сериянинг янги мавсумида биринчи истеъфо юз берди. “Верона” раҳбарияти кетма-кет учта мағлубиятдан кейин бош мураббий Эусебио Ди Франческони лавозимидан озод этди.

52 ёшли мутахассис “Верона”ни шу йилнинг 7 июнида қабул қилиб олганди. Бироқ унинг иши ва жамоа кўрсатаётган натижалар клуб раҳбариятига маъқул келмади. Эусебио билан бирга унинг мураббийлар штаби ҳам ишсиз қолди.

“Верона” ўтган мавсумда хорватиялик мураббий Иван Юрич қўл остида чемпионатни 10-ўринда якунлаган эди.

Ди Франческо илгари “Сассуоло”, “Рома”,  “Сампдория”, “Пескара”, “Лечче” каби жамоаларни бошқарган. 2017-2018 йилги мавсумда “Рома” жамоасини Чемпионлар лигаси ярим финалига олиб чиққан эди. Ўшанда римликлар чорак финалда икки ўйин натижасига кўра, Месси бошчилигидаги “Барселона”ни мағлуб этган.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!