Роналду маошининг катталиги борасида Мессини қувиб ўтди! Авваллари бу йигитлар қанча маош олар эди?

Ёзда Лео ва Криштиану трансфер ойнасини "ёндиргани"ни кўрдик. Футбол олами анчадан бери бундай катта масштабдаги кўчиб ўтишларга гувоҳ бўлмаган эди. Сўнгги 15 йилнинг энг зўр футболчилари бир вақтда жамоасини ўзгартирди. Энди қарама-қаршиликда янги "нюанс" пайдо бўлди. "Forbes" нашри берган маълумотларга қараганда, "Ювентус"дан "Манчестер Юнайтед"га кўчиб ўтган Криш дунёнинг энг юқори маош оладиган футболчилари рўйхатида биринчи поғонага чиқиб олди. Унинг жорий мавсум якунидаги умумий даромади 106,6 млн еврони ташкил этиши кутилмоқда. ПСЖ билан шартнома имзолаган Лео Месси эса, йил якунида 93,8 миллионга эга чиқади. Бу рақамлар бонус, ҳомийлар ва бошқа майда даромадларни қўшиб ҳисоблаганда келиб чиқди.

Келинг, энди эътиборни бу йигитларнинг аввалги шартномаларига қаратамиз. Ўтмишда қай бири яхшироқ даромад олган?

o34kgo34kgo3

"Спортинг"да "жавлон уриб" юрган Роналдуни кўпчилик яхши эслай олмайди. Ўша пайтларда унинг клубдан бир йилда оладиган маоши умумий ҳисобда 350 минг евродан ошмаган. "Манчестер Юнайтед"га кўчиб ўтгач, ишлари юришиб кетди. Маоши - 2,09 миллион евро!

2007 йилга келиб, у нафақат АПЛ, балки бутун дунёнинг энг иқтидорли футболчиси эканлигини барчага исботлади. Бу пайтда МЮ ўз марваридини жамоада ушлаб қолиш мақсадида у билан 5 йиллик янги битим имзолади. Янги шартларга кўра, португалиялик 12 ойда 7,2 миллион евро ишлаб топадиган бўлди.

2008 йилда у "Олтин бутса"ни қўлга киритибгина қолмай, "Реал" Мадрид билан шартнома имзолади ва болаликдаги орзусини амалга оширди. Унинг "Қироллик клуби" билан келишувида маоши борасида қизиқ ҳолатга эътиборингизни қаратмоқчиман. У илк мавсумда 11 миллион евро даромад олиши, кейинги мавсумларда бу рақамлар 25 фоизга ўсиб бориши кўзда тутилган. Шундай қилиб, 2010/11 йилда 13,75 млн, 2011/12 йилда 17 млн, 2012/13 йилда 21,5 млн евро. Шу жойда "Реал" ричагни тортишга қарор қилди. 2013 йилда клуб Криш билан янги 5 йиллик келишувга рози бўлди. Унга кўра, португалияликка клуб 17,5 миллион барқарор йиллик маош тақдим этди. Тўғри, бонуслар борасида "қаймоқранглилар" зиқналик қилгани йўқ, аммо тарих 17,5 миллионни ёдида сақлаб қолган.

34ojgi34jg3

Орадан 3 йил ўтиб, томонлар ҳамкорликни яна 3 йилга узайтиришди. Бу сафар Роналду 22 миллиондан камига рози бўлмади. Қаҳрамонимиз шартномасидаги барча белгиланган пулларни қўлга кирита олмади. У 2018 йилнинг ёзида "Ювентус"га ўтиб кетди. Туринда унинг ишлари янада юришиб кетди. 32,5 миллион 5 та "Олтин тўп"ни олган футболчи учун ҳам чакана рақам эмас! Аввалгиларидан фарқли равишда, Криш Туринда биргина шартнома билан кифояланди. Унинг якунланишига бир йил қолганида, ортга - Манчестерга қайтди.

36 ёш бўлишига қарамай, "қизил иблислар" уни АПЛдаги энг улкан маош эгасига айлантирди. Тўғри, бу "Юве"даги суммадан кичик, бироқ гап 29 миллион ҳақида бормоқда! Унинг янги жамоадошлари Поль Погба, Давид Де Хеа бу суммадан анча камроқ ишлаб топади.

Энди Лео Месси ҳақида! У билан боғлиқ масалалар анчайин чигал. Аргентиналикни Каталониядаги илк ишлаб топган пуллари ҳақида аниқ маълумот ҳеч қаерда йўқ. Шунга қарамай, картинани тўлиқ тиклашга ҳаракат қилиб кўрамиз.

k23ofko23kf3f

Месси ўзининг илк профессионал шартномасини 2004 йилнинг февраль ойида қўлига олган. 2005 йилнинг ёзида "Барселона" қўлидаги олмос эканлигини англагач, уни 2010 йилга қадар жамоа тасарруфида сақлаб қолиш учун керакли ишни амалга оширади. Тавон пули сифатида 150 миллион евро белгиланган. Уёғига воқеалар ривожи ўзгача тус олди. Орадан уч ой ўтгач, 2005 йилнинг сентябрь ойида "Барселона" янги битим тузилганини ва у 2014(!) йилга қадар амал қилишини расман эълон қилди. Ўша пайтда испан нашрлари вундеркинднинг маоши икки баробар оширилгани ҳақидаги маълумотларни тарқатгани рост.

Кейинги келишув 2007 йилга тўғри келади. Унга кўра, бўлажак юлдузга клуб ҳар йили 5,2 миллион тўлаб берадиган бўлди. Катта эҳтимол билан, шартномани узайтириш ҳақида гап-сўз бўлмаган. Шунчаки, қаҳрамонимизнинг маоши оширилган.

2008 йилнинг июлида у билан шартноманинг бандларига ўзгариш киритилган. Тасдиқланмаган маълумотларга суянадиган бўлсак, Месси "Барселона"нинг энг катта маош олувчи футболчиси мақомини қўлга киритади. Бир йил ўтиб, яна ўша ҳолат такрорланди. Янги битим, яна рақамлар ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ. Клуб уни 2016 йилга қадар жамоага "боғлаб олди", товон пули 250 миллион евро!
2013 йилга келиб, шартнома беш йилга узайтирилди. 12 ойдан сўнг, у жамоадаги вазиятдан (бир мавсум бирорта совринсиз) норози эканлигини ошкор қилди. Алоқаларни яхшилаш мақсадида унинг маоши кўтарилди! Муддат ўзгаргани йўқ (2018 йилгача).

2015 йилдан бошлаб, Мессининг клубдаги мавқеи кескин ошиб кетди. У Луис Энрике билан жанжаллашиб қолади. Конфликт дарров ҳал этилди, жамоа требл қайд этди. Сукунат бир йилдан сўнг яна бузилди. Аргентиналик солиқлар билан муаммога дуч келди. Уни клуб олиб қолиш мақсадида қўлидан келган барча ишни амалга оширди.

o43gko34kgg

Лео "Барселона" билан сўнгги бор 2017 йилда шартномага имзо чекди. 4 йилга мўлжалланган келишув клубни "чўкиб" кетишига туртки бўлди. Испан нашрлари берган хабарларга кўра, унга каталонияликлар йилига 138 миллион евро тўлаб бериши кўзда тутилган. Шартноманинг умумий қиймати 555 миллион(!) эканлигини инобатга олсак, "кўк-анорранглилар" уни сақлаб қолиш учун кредит олишга мажбур бўлганини дарров тушуниш мумкин. Бу ҳали ҳаммаси эмас. 2017 йилда клуб Леонинг ҳисоб рақамига шартнома имзолагани учунгина 115 миллион ўтказиб берган. Ўзини яхши тутгани учун бонус тариқасида яна 77 миллион! Айнан шу важ сабабли, Месси 4 йил давомида дунёнинг энг катта маош олувчи футболчилари рўйхатини бошқариб келган.

"L'Équipe" берган маълумотларга кўра, ПСЖдан футболчи йилига 30+15 миллион маош олади. Париж клуби спорт директори Леонардо бу маълумотни рад этди. Айтишича, бу рақамлар ҳақиқатдан йироқ эмиш?! Тўғриси, унинг сўзларидан кўра, ОАВ берган маълумотлар ҳақиқатга яқинроқдек туюлмоқда. Сизнинг фикрингиз қандай? Изоҳларда ёзиб қолдиринг!

Яҳёхўжа Улуғхўжаев

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)