Сардор Мирзаев Ўзбекистонга қайтганида футбол ўйнамоқчи эмас, чунки...

Ўзбекистонлик футболчи Сардор Мирзаев ўтган йилдан бери Таиланднинг “Муангтонг Юнайтед” клубида тўп суриб келяпти. Ортган қолган мавсум легионеримиз учун яхши ўтди, десак бўлади.

Мирзаев ярим ҳимоячи бўлса-да, клубида энг яхши тўпурарлардан бири бўлди ва ўзига билдирилган ишончни оқлади. У sports.uz мухбирига клубидаги ва кейинги фаолиятидаги режалар ҳақида гапирди.

Таиланддаги фаолияти ҳақида

- Таиландга келганимга бир ой бўлди. Аввалига икки ҳафта карантинда бўлдим. Энди жамоам билан кунига икки маҳалдан машғулотларда қатнашяпман. Шу ойнинг 31-санасидан чемпионатга старт берилади. Клуб билан шартномам шу йилнинг 31 декабргача. Жамоа мутасаддилари менга янги шартнома таклиф қиламиз ва шунинг устида иш олиб боряпмиз, дейишяпти. Агар янги шартнома менга маъқул келса, узайтирамиз.

мирзаев1_1

“МЮ”даги дебют мавсуми

- “Муангтонг Юнайтед”даги дебют мавсумим яхши ўтди. Ҳа, бошида 3-4 ой қийинроқ ўтди. Чунки Таиландда ҳарорат бизга қараганда иссиқроқ. Бу ерга келишим биланоқ тўрт кундан кейин чемпионат бошланганди ва ўйинларда тўп суришга киришиб кетгандим. Учта турдан сўнг, карантин туфайли чемпионат тўрт ойга қолдирилди. Бу пайт давомида жамоага янада мослашиб олдим. Чемпионат яна давом эттирилганида барча учрашувларда ўйнадим. Жамоамда энг кўп гол урган ўйинчи бўлдим, 13 та гол урдим. Клубдагиларни ҳам менинг фаолиятимдан кўнгли тўқ. Шу боис менга янги шартнома беришмоқчи.

Янги таклифлар хусусида

- Таиланднинг иккита клубидан аниқ таклиф бўлди. Аниқроғи Тай лигасига илк бор чиққан жамоаси мени ўз сафида кўришни хоҳлади. Аммо менинг “Муангтонг Юнайтед” билан шартномам борлиги учун ҳеч нимани ҳал қила олмайман. Тўғриси, бошқа ҳеч қаердан жиддий таклиф бўлгани йўқ. Таиландда мухлислар, маҳаллий аҳоли яхши муомала қилишади, худди меҳрибондек. Мана шу томонлари менга ёқади.

мирзаев2_1

Нега Ўзбекистон чемпионатига қайтмоқчи эмас?!

- Ростини айтаман, Ўзбекистон чемпионатига қайтиш ниятим йўқ. Таиланд чемпионатида ўзимни кўрсатиб, бундан ҳам яхшироқ чемпионатга кетишга ҳаракат қиламан. Боз устига Суперлигамизнинг ҳозирги даражасини яхши билмайман, балки бизда савия бироз пастлагандир. Ниятим шундайки, 3-4 йил хорижда тўп сурмоқчиман. Ўзбекистонга қайтганимда эса футбол ўйнамоқчи эмасман. Чунки ота-онам, оиламни ёнида кўпроқ бўлишни хоҳлайман. Ўйлайманки, легионер сифатидаги фаолиятим чакки эмас. 17-18 ёшимда олий лигада профессионал футбол ўйнашни бошлагандим. Шу пайтгача уйда узоғи билан бир ойдан кўп вақт давомида турмаганман. Легионер сифатида ўйнаб қайтганимдан кейин асосан ота-онам ёнида бўлмоқчиман. Футбол ўзини йўлига.

Таиланд ва Ўзбекистонда тўланаётган маошлар тўғрисида

- Ўзбекистон клубларининг бюджетларини яхши билмайман ва кимга қанча тўлаётганидан бехабарман. Таиландда тўланаётган маош билан солиштирганда, менимча, бизда фақат легионерларга каттароқ маош тўлаши мумкин. Таиландда ҳам пандемиядан кейин кўплаб клубларнинг ҳомийлари камайган.

мирзаев_5

Терма жамоада тўп суриш орзуси

- Ҳеч қайси футболчи терма жамоада тўп суриш умидини узмаса керак. Менда ҳам шунақа. Аммо ҳозирги шароитда бу қийин деб ўйлайман. Яъни, пандемияни назарда тутяпман. Масалан, терма жамоамиз саралаш баҳсларига кетган пайтда мен уйда эдим. Икки-уч ҳафта давомида ўйин амалиётисиз эдим. Лекин кимни терма жамоада ўйнагиси келмайди, дейсиз?! Кейин Таиланд чемпионатини савияси паст, у ерда ўйнаган легионер термага тортмайди, деган тушунчага берилишади. Менимча, футбол мутахассислари бундай ўйлашмаса керак.

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Фаридун Камолов
02/07/2021 10:40
Kurdik tortadigan uyinchilarizdi ham tashakkkur
&
⚽️FANAT M-YU⚽️
02/07/2021 07:25
Men aynan shunday o‘ylaynan sen tortmaysan sendan kuchliroqlari bor

Минбар

Барча блоглар