Сардор Рашидов яна легионерга айланди! Энди у юлдузлар билан бир жамоада

Охирги пайтларда ОАВ орқали “Пахтакор”нинг маҳоратли ўйинчиси Сардор Рашидовнинг яна легионерга айланиши юзасидан хабарлар чиқаётганди. Унинг фаолиятидан яхши хабардор бўлган инсон сифатида шуни айтиш мумкинки, Рашидовга бўлаётган таклифлар ҳамда унинг яна легионер мақомида хорижда тўп суриши аслида кутилаётган жараён эди. "Пахтакор" билан шундай келишув бўлганки, агар Сардорга хориждан қизиқарли таклиф бўлса, уни қўйиб юборишга рози бўлишган.

Яхши биласиз, Сардор охирги икки мавсумни Қатарда “Қатар СК” жамоасида ўтказди ва клубни Юлдузлар лигасида қолишига муносиб ҳисса қўшди ва ўзининг мажбуриятларини бажарди. Кейинчалик шартнома муддати тугагач, у ердан кетди. Бу борада Рашидовнинг хизматига яна турли мамлакатлардан аниқ таклифлар туша бошлади. Аммо бу сафар футболчи спорт формасини янада яхшилаш мақсадида “Пахтакор”да тўп суришга рози бўлди. Ўз навбатида, тажрибали ўйинчини қўлга киритишдан “Пахтакор” ҳам манфаатдор эди. Ёдингизда бўлса, Сардорни “шерлар” сафидаги фаолияти яхши бошланганди. У дастлабки учта ўйинда “Насаф”, “Машъал” ва АГМК дарвозаларига кетма-кет учта гол урди. Аммо навбатдаги турлардан бирида Рашидов жароҳат олиб, сафдан чиқишга мажбур бўлди. Шу тариқа, Сардор жароҳатини тиклаш билан овора бўлди. Шунда ҳам унинг хизматига жиддий жамоалардан қизиқишлар бўлди. Айниқса, Осиё Чемпионлар лигасида иштирок этаётган клублар томонидан ҳам “Пахтакор” ўйинчисига чорловлар келиб тушди. Лекин у пайтда Сардор жароҳатини даволатаётганди. Таклифлар орасида эса Қувайтнинг “Қувайт СК” таклифи ҳаммасидан жиддий бўлиб чиқди.

рашидов_8

Сардор Рашидов олдида бир қанча вариантлар бор эди. Ҳаммаси ҳам уни ўз сафларида кўриш истагини билдиришди. Қувайтликлар эса, футболчига куни кеча тайёр шартномани юбордилар. Натижада Рашидов ҳаммасини яхшилаб ўйлаб чиққанидан сўнг, “Қувайт СК” билан бир йиллик шартнома тузишга қарор қилди. Бунга албатта жиддий сабаб бор. Боиси, “Қувайт СК” ўз олдига ОФК Кубогини ютишни бош мақсад қилиб қўйган. Шу мақсадда, клуб раҳбарияти таркибни номдор ўйинчилар билан бойитиб бормоқда. Айни пайтда клуб таркибида тўққиз нафар легионер бор. Уларнинг орасида энг номдори бу шубҳасиз нигериялик сиз-у, бизга яхши таниш бўлган Жон Оби Микелдир. Унинг қандай ўйинчи эканлигини ва қаерларда тўп сурганини ортиқча таърифлаш шарт эмас. Кувайтликлар ушбу легионерни яқинда трансфер қилди. Шунингдек, ДР Конго фуқароси Дьёмерси Мбокани ҳам Бельгия чемпионатидан “Кувайт СК”га кўчиб ўтди. Булардан ташқари, Рашидовнинг янги жамоасида тунислик Рами Бедуи билан Ахмед Акаичи, австралиялик Раян Макгован, малилик Абдул Сиссоко, гамбиялик Сидибе, марокашлик Баррахма ва ивуарлик Жема Саеед каби футболчилар таркибдан жой олишган. Дарвоқе, марокашлик Эл Мехди Баррахма ўз вақтида Қатар чемпионатида Сардор Рашидов билан бирга тўп сурганини эслатиб ўтиш керак.

“Кувайт СК” клубини айни пайтда нидерландиялик 72 ёшли мутахассис Руд Крол бошқариб бормоқда. Ўзбекистонлик футболчининг жамоага таклиф қилинишида шубҳасиз бош мураббийнинг ҳам хоҳиш ва истаги муҳим аҳамият касб этди. Клубнинг лойиҳаси шундай кўриниш олганки, таркиб асосан тажрибали легионерлар ҳисобига кучайтирилган ва фақатгина бундай таркибга улар учун Сардор Рашидов етишмаётганди. Боиси, қувайтликлар футболчимизни анчадан бери кузатиб келишаётганди. Барча эътибор ОФК Кубоги ва ички чемпионатга муваффақият қозонишга қаратилгани сабабли улар футболчимизга ҳар томонлама қулай шартномани юборишди. Таклифни эса шахсан клуб президентининг ўзи билдирди.

рашидов1_1

Шу ўринда, “Қувайт СК”нинг ОФК Кубоги гуруҳ босқичидаги ўйинларига тўхталадиган бўлсак, Иорданиянинг “Ал-Файсали”, Суриянинг “Тишрин” ҳамда Фаластиннинг “Ал-Амари” клубларига қарши баҳс олиб борди. Гуруҳда 7 очко билан 1-ўринни қўлга киритган қувайтликлар мусобақанинг кейинги босқичига йўл олдилар.

Сардор Рашидов учун ҳам Кувайт томонидан бўлган таклиф янги чақирув эди. Чунки ҳамюртимиз бунгача ушбу чемпионатда тўп сурмаганди. Аммо клубнинг мақсади, улкан режалари ҳамюртимизни қизиқтириб қўйди. Акс ҳолда таркибга катта-катта легионерлар жалб қилинмасди. Шунингдек, жамоадаги маҳаллий футболчиларнинг аксарияти Қувайт миллий терма жамоасида тўп суришини эслатиб ўтмоқчимиз.

рашидов5

Шундай қилиб, Рашидовнинг фаолиятида янги саҳифа очилмоқда. Биласиз, ҳамюртимиз Қатарнинг “Ал-Жайиш” ва “Қатар СК”, БААнинг “Ал-Жазира” ҳамда Португалиянинг “Насьонал” каби клублари шарафини ҳимоя қилган. Ўзбек жамоаларидан эса “Сўғдиёна”, “Бунёдкор”, “Локомотив” ҳамда “Пахтакор” таркибида ўйнаган ҳолда ўзини кўрсата олди.

Маълумотларга қараганда, Сардор Рашидов ҳужжат ишларини ҳал қилиб олгач, тахминан 25 июль куни янги клуби сафига қўшилиш учун Қувайтга жўнаб кетади. “Қувайт СК” 5 августдан Туркияда ўқув-машғулот йиғинларини ўтказиши режага киритилган. Биз Сардор Рашидовга янги жамоасидаги фаолиятида омад тилаган ҳолда унинг ўйинларини диққат билан кузатиб борамиз.  

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Турсун Ғани
19/07/2021 03:14
САРДОР ОЛҒА СОҚҚАНИ ИШЛА, МАЗЗА ҚИЛИБ ЎЙНА ҚУВАЙТДА...
&
нодирбек.фк насаф
17/07/2021 15:47
Санга уша гап
Akbarali Yusupov
17/07/2021 16:02
Portugaliyaga borgan edi ushanda uzingni kursatish krk qdi
&
Kankret bola
17/07/2021 15:40
Omadini bersin lekin 1 yildan keyin yana boshqa kamanda qidirishiga mani shubxam yo'q uje xamma bu narsaga o'rganib qoldi

Минбар

Барча блоглар