Шоҳруҳ Гадоев: "Яна "Насаф"дан таклиф бўлса, рози бўлардим"

Бу йил АГМК таркибида мазмунли ўйин кўрсатган футболчилардан бири Шоҳруҳ Гадоев бўлди. Истеъдодли ярим ҳимоячи мавсум бошида олмалиқликлар сафига қўшилди ва Суперлигада 23 та ўйинда 3 та гол урди.

Қизиғи, Гадоев гол урган ўйинларда АГМК ғалаба қозонган. Sports.uz мухбири ушбу ўйинчи билан жорий йилдаги иштироки, футболчилик фаолияти ва кейинги режалари ҳақида суҳбатлашди.

- Йил бошида ҳар доим Миржалол ака Қосимов юқори мақсадларни қўяди, - дея гап бошлади Гадоев. - Ўтган йили ҳам АГМК учинчи ўринни олган, у пайтда мен йўқ эдим. Бу йил эса жамоа чемпионлик учун курашишга киришганди. Бироқ “Пахтакор” анча илгарилаб кетди. Шу боис иккинчи ўринга ҳаракат қилдик. Чемпионатнинг қизиқлиги шунда бўлдики, ушбу ўрин учун охирги тургача жиддий кураш кечди. Кубокда ҳам яхши имкониятимиз бор эди. Чемпионатнинг охирги турида “Сўғдиёна”га қарши учрашувда яхши ўйин кўрсатдик. Ўшанда уларга қараганда, бизда голли имкониятлар кўпроқ бўлганди. Масалан, мен ҳам иккита вазиятга эга бўлгандим, Ҳусниддин Ғофуров ҳам. Менимча, бизга омад етишмади. Ўшанда бизнинг кун бўлмаган, деб ўйлайман. Яъни, бизга насиб қилмаган экан, “Сўғдиёна” иккинчи ўринни олди. Улар ҳам яхши ҳаракат қилишди.

- Ўша ўйин фаолиятингиздаги энг аламли мағлубият бўлдими ёки бундан ҳам қайғуга соладиган мағлубиятлар юз берганми?

- Аламли мағлубият демаса ҳам бўлади. Футболда ҳамма нарса бўлиши мумкин. Ҳали аламли мағлубиятни кўрмадим. Биз бой берилган ўйинни тўғри қабул қилдик. Очиғини айтганда, “Сўғдиёна” ҳам муносиб курашиб келаётганди. Балки биз тўртинчи ўринни олишимиз ҳам мумкин эди. Лекин “Локомотив” “Насаф”ни ютиб қўйди. Булар футболда бўладиган ҳолатлар.

гадоев_1

- Миржалол Қосимов билан “Бунёдкор”да ҳам, терма жамоада ҳам бирга ишлагансиз. Фикрингизча, уни бошқалардан ажралиб турадиган ҳислати нимада?

- Ўзбекистон чемпионатида кўп мураббийлар билан ишламадим, фақат саноқли мутахассислар билан ишладим. Рўзиқул Бердиев, Миржалол Қосимов, Улуғбек Бақоев ва Вадим Абрамов. Миржалол Қўшоқовичга келсак, мураббий сифатида жуда талабчан. Машғулотларда ҳам, ўйинларда ҳам юқори мақсадни қўяди. Менимча, Миржалол Қосимов АГМКда учинчи йил ишлаяпти. Бу ерда ҳам фақат катта мақсадлар учун курашяпти. Профессионал сифатида ҳам ўрнак бўла олади. Ҳаётда ҳам кўп маслаҳатлар беради.

- Адашмасам, АГМК билан бир йиллик шартнома имзолагандингиз. Клубда қоласизми ёки кетиш тараддудидамисиз?

- 31 декабргача шартномам бор. АГМК билан йиғинда қатнашяпмиз. Ҳозирча аниқ режаларим йўқ. Қоламанми ёки кетаманми, ҳаммасини вақт кўрсатади.

гадоев5

- Собиқ жамоангиз - “Насаф”нинг бу йилги натижалари сизни хурсанд қилдими?

- Рўзиқул Бердиев “Насаф”да ҳар доим катта мақсадларни қўяди. Уларда пойдевор бор. Бош мураббий доим академия тарбияланувчиларига катта эътибор беради. Улар бу йил яхши қатнашишди. Кубок финалида бир киши кам бўлиб ҳам “Пахтакор”ни ютди. Фикримча, ижобий таассурот қолдиришди. “Насаф” ҳар доим яхши жамоа бўлиб келган.

- Агар имкон бўлса, яна “Насаф”га қайтишингиз мумкинми ёки ҳозир бунинг мавриди эмасми?

- Нимага? “Насаф” таклиф билан чиқса қайтаман. Мен ўша жамоадан чиққанман, “Насаф” доим юрагимда. Катта футболга кириб келишимга сабабчи бўлган. Шундай экан, яна чақиришса, рози бўлардим.

гадоев3

- “Насаф”дан кетган айрим ўйинчилар кейинчалик бироз четга чиқиб қолгандек таассурот қолдиришяпти. Клуб эса ўз йўлида давом этяпти. Бу ҳақида муносабатингиз қандай?

- У ердан кетган футболчилар клубга фойдаси теккач, кейин легионер бўлишни истагани учун клубни тарк этишган. Лекин бу билан “Насаф” кучсизланиб қолмайди. Юқорида айтганимдек, жамоанинг пойдевори бор. Ўрнини тўлдирадиган футболчилар етишиб чиқаверади.

- Сиз “Насаф”дан Баҳрайнга кетгансиз. Қачондир Қаршидан бекор кетибман, деган хаёл қалбингиздан ўтганми?

- Йўқ, ундай ҳаёл ҳеч қачон бўлмаган. “Насаф”дан кетишим – бу олдинга қадам босиш. Ҳар қанақа футболчи ҳам легионер бўлишни хоҳлайди. Бунинг масъулиятини қандайлигини ҳис қилиш учун ҳам четда ўйнашни истайдиганлар жуда кўп. Чунки хорижда икки баробар куч сарфлашингиз шарт. Сизни чақиряптими, маҳаллий ўйинчиларидан кучли бўлишингиз керак.

- Баҳрайн, Жанубий Корея ва Озарбайжон чемпионатларида тўп сурдингиз. Хўш, легионер сифатида тўп суришнинг гашти қандай экан? Ҳаммаси ўзингиз кутган даражада кечдими?

- Барибир масъулият кўпроқ тушади. Сизни чақирдими, кўп нарса кутишади. Устун томонларингизни кўрсатишга мажбурсиз. Йўқса, ўз ўйинчиларига имконият беришади. Озарбайжонга борганимда пандемия туфайли кўп ҳам ўйнай олмадик. Масалан, битта турда ўйнасак, кейин бир-икки ойлаб ўйнамаган пайтларимиз бўлди. Оилам билан ўша ерда қолиб кетдик, қайтишга улгурмадик. Деярли ярим йил ўйнай олмадик.

гадоев2_1

- Ўша пайтда клуб сизларнинг холингиздан хабар олиб турдими?

- Ҳа, жамоа қараб турди. Уйда қолганимизда ҳам клуб бизга шуғулланишимиз учун махсус дастур берарди. Фақат пандемия сабабли ойлик маошларни камайтириш ҳолати кузатилди. Кўп жойларда шундай бўлди. Ўшанда биз ҳам маошларимиз камайишига рози бўлдик. Хоҳласак-хоҳламасак хўп, дейишга мажбур эдик.

- 2022 йилда қаерда ўйнашни хоҳлаяпсиз? Янги мавсумдан нима кутяпсиз?

- Тўғриси, буни ҳали ўйлаб кўрмадим. Таклифлар бўлса, кўрамиз. Аввало, 2022 йил барчага омадли бўлсин.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!