Сульшер Роналду сабабли жуда катта муаммога дуч келмоқда

Айрим гранд клубларда ижрочилар тақчиллиги кузатилаётган бир пайтда, МЮ ўзгача муаммога дуч келди. Оле-Гуннар Сульшер сўнгги учрашувларда 3-5-2 схемасидан фойдаланмоқда. Гап шундаки, олдиндаги икки ҳужумчи ўрнини Кавани - Роналду тандеми тўлдирган. Қолганлар эса, турли сабабларга кўра жамоага кераксиз футболчига айланиб қолмоқда.

"Тоттенхэм"га қарши баҳсда Сулшернинг 3-5-2си қай даражада фойда берганини кўрдингиз. Криштиану гол киритибгина қолмай, ўз ҳисобига битта ассистни ҳам ёзиб қўйди. Эдинсон Кавани ҳам жим қараб турмади. У гол ургани билан эмас, Роналдуга бўш зоналар очиб бергани билан барчанинг эътиборини тортди. Криш эркинроқ ҳаракат қилса, янада хавфли қуролга айланишини такрор ва такрор исботлашдан тўхтамаяпти. Ўринли савол пайдо бўлиши аниқ. Бунинг нимаси ёмон? Гап шундаки, Сульшернинг янги схемаси сабабли "Юнайтед"нинг бир нечта футболчиси "ўйиндан ташқари ҳолат"да қолиб кетишга мажбур бўлади. Улар ким, дейсизми?

Маркус Рэшфорд

Rashford

Ёш футболчи жароҳатидан сўнг, яна формасини тиклаб келмоқда. Сўнгги 3 ўйинда иккита гол урганига қарамай, у захирадан майдонга тушишга биринчи даъвогар, холос. Мураббий уни нари борса, Роналдунинг ўрнига майдонга тушишини таъминлаши мумкин. Маркус, асосан, қанот вингери сифатида тўп сургани учун марказда ўзини яхши ҳис этиши мушкул. Кам ўйин амалиёти тақдим этилгани етмагандек, энди ўзи учун ноқулай позицияда тўп суришга ҳам мажбур.

Жейдон Санчо

sancho

Ҳозирча, "Манчестер Юнайтед"нинг жорий мавсумдаги "энг омадсиз трансфери" номинациясига асосий даъвогар. Барча мусобақаларда 11 ўйинда иштирок этганига қарамай, ҳали бирорта гол ёки ассистни ўз ҳисобига ёздириб қўйгани йўқ. У 3-5-2 схемасига умуман тўғри келмайди. Қанотнинг ҳимояга яқин қисмида ундан наф йўқ. Санчо истаса ҳам позицион ҳимояланишда жамоасига ёрдам бера олмайди. Марказий ҳужум чизиғи ҳам унга бегона. Жейдон, асосан, 4-3-3 ёки 3-4-3 схемасида ўзини сувдаги "балиқ"дек ҳис этади. Соддароқ қилиб айтсак, Жейдон мураббийнинг янги схемасида ўз ўрни бўлишини умид қилмаса ҳам бўлади.

Мэйсон Гринвуд

grinvud

Мэйсон аввалги мавсумлар вингерлар тақчиллиги чоғида марказдан қанотга "сурилган" эди. Кейин яна соф ҳужумчи сифатида ўйинларда иштирок эта бошлади. Жорий мавсумда аллақачон 4 голни ҳисобига ёзиб қўйган форвард яхши спорт формасига кирган. "Қизил иблислар" академиясининг сўнгги 10 йил ичидаги энг яхши тарбияланувчиси бўлишига қарамай, ҳозир унга ҳам асосий таркибда жой йўқ. Кавани қишда кетмаса, Мэйсон фаолиятидаги энг катта прогресс кузатилиши шарт бўлган мавсумни захирада ўтказиб юбориши мумкин.

Антони Марсьяль

marsiyal

Антони яхши футболчи. Техникаси кучли ва ўйинни яхши ўқий олади. Шунга қарамай, руҳий муаммолар олдида француз бироз оқсади. 100 фоиз имкониятини намойиш этиши учун мураббий унга тўлиқ ишонч билдириши шарт. Акс ҳолда, Марсьяль ўз кучига бўлган ишончни йўқотиб бораверади. Катта эҳтимол билан, қишда у жамоани тарк этади. 5 йил аввал сайёрамизнинг энг иқтидорли ёш футболчиси саналган ҳужумчига "Ньюкасл" ва "Интер" асосий даъвогар бўлиб турибди.

Жесси Лингард

lingard

"Вест Хэм" сафида оддийгина Жессидан, "Лингардиньо" даражасига кўтарилган футболчи ҳозирги "Манчестер Юнайтед"нинг асосий таркибига киришга қийналмоқда. Сульшер 3-5-2ни тарғиб этишни бошласа, Лингард ҳужум чизиғида пайдо бўлиши мумкин бўлган 3 ёки 4-вариантга айланади. Бу бир мавсум нари борса, 8-10 та 90 дақиқа майдонда кўриниш беради, дегани. "Болғачилар" сафида алмаштириб бўлмас даражадаги ижрочи мақомига эришган Лингард МЮда ўзини яна бахтсиз ҳис этишни бошлагани аниқ. Балки, ёзда жамоага қайтиши нотўғри қарор бўлгандир. Энди бунинг аҳамияти йўқ! 3-5-2 схемасида жамоа мавсум сўнгига қадар тўп сурса, Лингард қишда яна "Вест Хэм"га қайтиш ҳақида бош қотириши мумкин.

Поль Погба

pogba

Сульшернинг янги схемасида Поль Погба даражасидаги футболчига жой йўқми? Аслида, бор. Аммо французнинг бироз дангаса эканлиги боис мураббий МакТоминей ва Фредни таянч зонасига жойлаштиришни афзал кўрмоқда. Натижада, Погба қанот ярим ҳимоячиси амплуасини ўзлаштиришга мажбур. Натижада, амалдаги жаҳон чемпионининг майдондаги энг кучли қуроллари (майдонни кўра олиши, кесиб ташланадиган паслар, узоқ масофага иккинчи қаватдан етказиб бериладиган тўплар, қарши ҳужум ва ҳужумга марказдан туриб темп қўша олиши) ўз кучини йўқотади. Агар Кавани - Роналду тандеми ортидаги плеймейкер жойига ўтказишнинг имкони йўқ. У зонага АПЛнинг сўнгги 2 мавсумидаги энг сермаҳсул футболчиси Бруну Фернандеш жавоб беради. Погба ноиложликдан қанот ярим ҳимоячиси позициясига мослашишга мажбур. Поль чинакам профессионал. У янгиликлардан қўрқмайди, аммо Сульшер клуб тарихидаги энг қиммат футболчидан фойдалана олмаётгани факт!

Донни ван де Бек

doni_1

Ҳеч нарса ўзгаргани йўқ. Сульшернинг 3 та марказий ҳимоячи билан тўп суриши голландиялик ярим ҳимоячига ҳеч қандай плюс ёки минус эмас. Донни ҳали-ҳамон асосий таркибда тўп суришни орзу қилаётган футболчилар рўйхатини бошқариб турибди. Катта эҳтимол билан, у бу орзусига ҳали бери эриша олмаса керак.

Бу футболчиларнинг деярли барчаси ОлеГуннар Сульшернинг янги схемасидан ўрин эгаллашда муаммога дуч келмоқда. Хўш, мураббий Роналду - Кавани тандеми учун бу ижрочиларни четга суриб қўйгани ўзини оқлайдими? Воқеалар ривожини SPORTS.uz да кузатинг!

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Минбар

Барча блоглар