Суперголи билан Ўзбекистон тарихига кирган Анасхон Раҳматов FIFA.com сайтига интервью берди

Ўзбекистон футзал терма жамоаси аъзоси Анасхон Раҳматов FIFA.com сайти журналисти билан суҳбатлашди. Мазкур интервью ФИФА томонидан ЎФА медиаси билан ҳамкорликда тайёрланди.

Анасхон Раҳматовнинг Ўзбекистонни 1/8 финалга олиб чиққан ажойиб голи… “Оқ бўрилар” шанба куни Миср устидан ғалаба қозонишди.

Тайёргарлик бу ҳамма нарсани ҳал қилувчи омил. Муҳим голларни уриш — бу диққатни жамлаш, тўпга ҳушёр муносабатда бўлиш ва унга аниқ вақтда зарба бериш… Бу ўзбекистонлик Анасхон Раҳматовнинг Мисрга қарши ҳал қилувчи голининг сценарийси.

Дарвозадан 15 метр нарида жойлашган Раҳматовнинг хаёлида фақат битта нарса бор эди — тўп унга қараб келмоқда, у эса Миср дарвозасининг юқори бурчагига нишонга олиши керак. Гол муаллифининг FIFA.com сайтига тушунтирганидек, ҳаммаси тайёргарликка бориб тақалади.

“Ўзига хос нарса шуки, мен гол бўлишини билардим”, — дейди Раҳматов. “Ўзимни ишончли ҳис қилардим, чунки ҳамма ўйиндан олдин менга гол уришим кераклигини айтган эди.

Бу ҳақиқатан ҳам ҳамма нарсадан кўра муҳимроқ гол эди. Мен зарба бериш пайти ота-онам, дўстларим, ватандошларим ва жамоам ҳақида ўйладим. Улар туфайли шу ерда эканлигимни ҳаёлимдан ўтказдим”.

“Ўйиндан олдин ҳаммада босим бор эди, ўша пайти Ўзбекистон дастлабки икки ўйинда мағлуб бўлган ҳолда “B” гуруҳининг энг сўнгги поғонасини эгаллаб турганди. Аммо ҳаммамиз бизни олдинда кутиб турган нарсага тайёр эдик.

Бундай ўйин учун мотивацияни олиш қийин эмас. Биринчи ўйинимизда биз Жаҳон чемпионатининг босимини ҳис қилдик. Биз иккинчи ўйинда яхшироқ ўйнадик, лекин рақиб жуда кучли эди.

Учинчи учрашувда ғалаба қозонишдан бошқа иложимиз йўқ эди. Чунки сиз ким билан ўйнаётганингиз ёки сизга босим ўтказишаётгани муҳим эмас. Сиз фақат ғалаба қозонишингиз керак. Бундай ўйинлардан ҳақиқий мотивацияни олиш мумкин”.

Анасхоннинг фантастик голи нафақат Ўзбекистонни кейинги босқичга олиб чиқди, балки футзал бўйича Жаҳон чемпионатидаги илк ғалабани ҳам тақдим этди.

Бизнинг 2016-йилдаги энг катта ютуғимиз — бу бизнинг биринчи марта жаҳон чемпионатига чиққанимиз эди. Ўша мундиалда бир очкони, бу гал эса биз 3 очколик ғалаба ва нимчорак финалга йўлланмани қўлга киритдик.

Буларнинг бари биринчи турнирдан сабоқ олганимиз ва керакли хулосаларни чиқарганимизни англатади. Бу ергача етиб келишимиз тасодиф эмаслигини, бундан-да яхшироқ натижа қилишга қодир эканлигимизни кўрсатишимиз шарт эди.

Ўзбекистон терма жамоаси турнирга астойдил тайёргарлик туфайли мақсадларига эришди.

Биз Испания, Португалия ва Аргентина каби дунёнинг энг яхши жамоаларига қарши ўртоқлик учрашувлари ўтказдик. Мамлакатимиз ассоциацияси бундай ўйинларни ташкиллаштириб берди ва энг яхши шароитларни тақдим қилди, шунинг учун уларга раҳмат айтаман.

Мени футзалда энг кўп қойил қолдирган ўйинчи бу Дуглас. У шунчаки ажойиб. Бразилия терма жамоасининг собиқ футболчиси Какани ҳам футбол кумирим сифатида биламан. Дугласга қарши ўйнаш орзу бўларди. Ҳар бир ўйинчи ўз қаҳрамонига қарши майдонга тушишни орзу қилади ва бу учрашув Жаҳон чемпионати доирасида бўлса, яна-да ажойиб бўларди.

ЎФА матбуот хизмати

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Минбар

Барча блоглар