Чемпионатда 7 та ғалаба ва 4 бор дуранг қайд этиб, 15 марта ютқазган Термизнинг “Сурхон” клуби 25 очко билан Суперлигада қолиш вазифасини уддалади. Ҳолбуки, жамоа аутсайдерлар қаторида эътироф этилганди. Энди сиз билан биз бутунлай янгиланган “Сурхон”ни кўрадиганга ўхшаймиз.  Нега деганда, келаси йилга жамоанинг режалари бошқача.

Ёдингизда бўлса, яқинда ЎФА биринчи вице-президенти Равшан Эрматов хорижий меҳмонлар билан бирга Сурхондарёга ташриф буюриб, у ерда футболни ривожлантириш бўйича ўзининг таклиф ва тавсияларини берганди. Ўшанда мавсум тугаганидан кейин клуб янги ҳомийга ўтиши ҳақида ҳам маълумот берилганди. Шунга асосан айни пайтда “Сурхон”ни ҳар жиҳатдан янги босқичга олиб чиқиш учун амалий ишлар бошлаб юборилган.

баррос

Sports.uz маълумотига қараганда, клубнинг спорт директори сифатида испаниялик тажрибали футбол менежери Хуан Мануэль Бароссо ишга киришган. Унинг охирги иш жойи “Райо Вальекано” клуби эканлигини қўшимча қилмоқчимиз. Эшитишимизга қараганда, Бароссо ўзи билан бирга испаниялик скаутни ҳам олиб келган ва янги мавсум учун режалар ишлаб чиққан ҳолда тайёргарликни бошлаган. Асосий таркиб учун селекция ҳам олиб бориляпти. Демак, жамоага янги ижрочилар таклиф қилинади. Бундан ташқари, европалик легионерларни ҳам “Сурхон”га таклиф этиш кўзда тутилган ва ҳозир бу борада музокаралар бошланган. 

сурхон5_3   

Яқинда сайтимиз орқали “Сурхон” клуби мураббийи Ёрқин Назаров билан суҳбат уюштиргандик ва ўшанда бир ҳафта ичида кейинги тақдирига ойдинлик киритилиши ҳақида гапирганди. Бунга сабаб айнан клубнинг янги ҳомийсининг қандай режага кўра иш кўришини билиш муҳим эди. Бундан шуни билиш мумкинки, жамоа бош мураббийи Баҳром Ҳайдаровнинг ҳам ҳозирда клубда қолиш ёки қолмаслиги даргумон. Боиси, Хуан Мануэль Бароссо “Сурхон”га бош мураббий сифатида испаниялик мутахассисни олиб келяпти. У январь ойида жамоада иш бошлайди. Унга яна икки нафар испаниялик мураббий - бири жисмоний тайёргарлик бўйича, яна бири бош мураббийга ёрдамчи сифатида жалб этилади. Кўриниб турибдики, “Сурхон” жамоаси янги мавсумда европалик мутахассислар қўлига топширилади. Аммо шуни ҳам унутмаслик лозимки, клубни Суперлигада олиб қолишда Ҳайдаров билан Назаровнинг меҳнатлари катта бўлди. Улар мураббийлар штабида қоладими-йўқми, ҳозирча буниси бизга қоронғу.

сурхон3

Шу билан бирга клуб структураси ҳам бутунлай янгиланиши кутиляпти. Билсангиз, жамоанинг базаси йўқ. Шу сабабдан Термизда асосий жамоа учун алоҳида база ҳамда футбол академияси ҳам қурилиши режалаштирилган. Шунингдек, “Сурхон” клубининг янги академияси очилишига Испания топ-клуби академияларидан бирининг олиб келиниши ҳам кўзда тутилган.  

Хуллас, ҳозирги пайтда “Сурхон” клуби атрофида шунақа гаплар. Афтидан, режалар катта ва жамоани босқичма-боскич топ-клуб даражасига олиб чиқишмоқчи. Албатта, буни қай даражада уддалай олишларини вақт кўрсатади.

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Минбар

Барча блоглар
×