"Таклиф кўплигидан қай бирини танлашни билмай турибман". Темурхўжа Абдухолиқовга қайси клублар қизиқяпти?

“Локомотив” ҳужумчиси Темурхўжа Абдухолиқовнинг бозори чаққон. Боиси, гол уришни ёқтирадиган футболчига қизиқарли таклифлар тушяпти. “Локо” ҳам уни қўйиб юборгиси келмаяпти. Абдухолиқов Sports.uz мухбири билан суҳбатда кўп масалаларга ойдинлик киритди.

- 2021 йилги футбол мавсуми сиз учун доимгидек руҳда ўтдими ёки фаолиятингизда бу сафаргиси нимаси биландир фарқ қилдими?

- Фарқ қилмади. Бу йилги вазифани бажара олмадик. Мен учун фарқи бўлмади. Доимгидек, совриндорлар қаторидан жой олишни истагандик. Умуман қониқарсиз ўтди.

- Секейрани қай даражада тушундик, деб айта оласиз?

- У биз учун янги мураббий эди. Бошқа юртга келиб ишлайдиган ҳар қандай мураббийга биринчи йили қийин бўлади. Масалан, Микаэль Секейра Ўзбекистонга илк бор келганди. Биз футболчилар ҳам унинг қўли остида биринчи марта ўйнадик. Дастлабки мавсумида барқарор ўйин кўрсатиш қийин. Иккинчи йилида натижалар яхшироқ бўларди. У “Локомотив”да қолганида яхшироқ бўларди, аммо қолмади. Дебют мавсумида исталган жамоа билан шундай натижа бўлиши табиий. Бундай ҳолатни Европада ҳам кўряпмиз. Биринчи йил ишлаган мураббийлардан камдан-ками нимадир ютиши мумкин. Бу мослашиш йили бўлади. Биз португалиялик мураббий бошчилигида яхши ўйин кўрсатдик. Фақат кўп вазиятларда очко йўқотдик.

абдухоликов1

- Бу мураббий кўпроқ нимаси билан сизга ёқди?

- Янги тактика олиб кирди. Португалия футболида фойдаланиладиган услубни жорий этди. Аста-секин унинг тактикасига мослашгандик. Секейра тактик жиҳатдан жуда кучли экан. Бу кўп ўйинларда яққол билинди. Айниқса, биринчи бўлимдан кейин тактикада бурилишлар қила олди ва иккинчи бўлимда бошқача ўйин кўрсатдик. Танаффус вақтида керакли кўрсатмаларни, ўзгаришларни амалга ошириб, тактика бўйича тегишли қўлланмаларни берарди ва шу билан ўйинни ўзгартирарди.

- Секейранинг кетганидан хафамисиз?

- Қолса яхши бўларди. Ҳамманинг қарорини ҳурмат қилиш керак. Шу жумладан, унинг қарорини ҳам. Албатта, қолганида “Локомотив”га яхши бўларди.

- “Локомотив”га Денис Коростиченко бош мураббий сифатида эълон қилинди. Бу тайинловга қандай муносабат билдирасиз? Кутганмисиз?

- Бундай бўлишини олдинроқ билганман. Ёш мураббий. Ёшларга имконият беряпти, бу тўғри. Анчадан бери бир-биримизни биламиз. Яхши ва умидли мураббийлардан бири. Унга омад тилайман.

абдухоликов_1

- Уч йилдан бери чемпионатимизда Драган Черан тўпурар бўляпти. Сиз ҳам бу борада курашдингиз ва биринчи ўринга бир нечта гол етмай қолди. Чераннинг уч мавсумдан бери энг яхши тўпурарликни ўзида сақлаб келаётгани нима билан боғлиқ ёки бизда яхши ҳужумчилар етишмайдими?

- Черан кучли бўлгани учун ҳам уч йилдан бери тўпурарлар пойгасида биринчи ўринни оляпти. Ўзбек ҳужумчиларида муаммо бор, деб ўйламайман. Бизда ҳар доим – олдин ҳам бўлган, ҳозир ҳам ва кейин ҳам бўлади. Ўзбек футболи ҳеч қачон ҳужумчисиз қолиб кетмаган. Фақат жой-жойига қўйишни билиш керак. Шахсан ўзимга келсак, йил бошида футбол ўйнамоқчи эмасдим. Мени ишонтиришди. Яна ўйнашни бошладим. Бу баҳона бўла олмайди. Лекин мен мавсумга тўлиқ тайёрланмадим. Шунисига ҳам шукр қиламан. Тўпурарлар рўйхатида юқори ўринларда юришнинг ўзи осон эмас. Драган уч йилдан бери тўпурар бўляпти, унга қойил. Демак, бошқалардан кучли. Ўзи ҳам кучли клубда ўйнаяпти ва тажрибасини кўрсатяпти. Черан чемпионатнинг яхши ўйинчиси.

- Кейинги режангиз бизга қизиқ. Негаки, охирги пайтларда сиз ҳақингизда турли гап-сўзларни эшитяпмиз. Бу эшитаётганларимиз ростми?

- Таклифлар кўп. Ўйлаяпман, бир қарорга келганим йўқ. Кўрамиз.

абдухоликов2_1

- “Локомотив”ни тарк этдингизми?

- Йўқ. Ҳали кетмадим. Таклиф кўплиги учун бош оғрияпти. Қайси бирини танлашни билмай турибман.

- “Локомотив” сизга янги шартнома таклиф қилдими?

- Ҳа, таклиф қилган. Бу клуб билан шартномам ҳали тугамади, шу ой охиригача.

- Четдан ҳам вариантларингиз борми?

- Четдан иккита чиқди. Суперлигадан 5-6 та клубдан бор.

абдухоликов3

- Хориждан қайси мамлакатлар?

- Таиланд билан Қатардан. Молиявий тарафлама келиша олмадик. Балки четдан яна бошқа таклифлар чиқиб қолар.

- Суперлигамизда қайси клублар қизиқяпти?

- Сир эмас. “Қизилқум”, “Насаф”, “Металлург” ва бошқалар.

- Қандай жамоада тўп суришни орзу қиляпсиз?

- Орзуимдаги таклиф Ўзбекистондан эмас-да (кулади). Қаерда бўлсам ҳам яхши шаклланган ва юқори мақсадларни қўйган жамоада ўйнамоқчиман. Икки томон ўзаро келишувга эришиши керак. Ҳаммаси яхшиликка.

абдухоликов5

- “Насаф” сизни қанчалик қизиқтиряпти? Ҳар ҳолда Осиё Чемпионлар лигаси саралашида ўйнайди, мақсади ҳам жиддий...

- Ҳа, бу таклиф ҳам қизиқ. “Насаф” яхши жамоа, шаклланган. Осиё Чемпионлар лигасида ўйнайди, камида ОФК кубогида. Улар ҳам мени исташяпти. Анчадан бери чақиришади. Клуб яхши мураббийга ва ўйин услубига эга. Менга ёқяпти. Фақат минус тарафи оила аъзоларимдан узоқда бўламан. Мени ҳам “Насаф”да ўйнагим келади. Мухлислари ашаддий, қойил қоламан. Тўғри, кўп бора ўйин пайтида уларни хафа қилганмиз. Ўшанда ҳам қаршиликларнинг мухлислик маданияти яхши таассурот қолдирган.

- Масалан, оилангизни Қаршига олиб келсангиз бўлмайдими?

- Уйда ота-онам ва бувим бор. Барибир одам-одамга ғанимат. “Насаф”га ўтишимнинг плюс ва минусларини айтяпман.

- Лекин сизни “Қизилқум” билан келишиб қўйганингиз ҳақида гап-сўзлар бор...

- Оғзаки келишувлар давом этяпти. Балки ростдан келиша олсак, “Қизилқум”га ўтарман. Клубнинг ўз амбициялари ва менинг талабларим бўйича келишсак, ўша ерда ўйнашим ҳам мумкин. Янги топ-клуб қиламиз, совринли ўринлар учун курашамиз дейишяпти. Минимум вазифа чемпионлар лигасига чиқиш экан.

абдухоликов4

- Уйдагилар билан маслаҳат қилаётгандирсиз, уларнинг фикри қандай?

- Улар уйда қолсанг яхши дейишяпти. Лекин ўзинг ҳал қил, деб маслаҳат беришяпти. Олдин ҳар куни машғулот ўтаб тўғри уйга келардим. Бувим ҳам бор, умри узоқ бўлсин. Фақат таклифлар бўйича бошим қотган. Бир ҳисобда “Локомотив” ҳам уйим бўлган, бу клубни ташлаб кетишга унчалик кўзим қиймаяпти. Ўзи ҳадеб янгиликлар қилишга хоҳишим йўқ. Мисол учун, янги телефон чиқса дарҳол алмаштириб юбормайман, эскисини ишлатиб юравераман.

- Қачон узил-кесил бир қарорга келасиз?

- Билмайман. Балки эрта-индин ёки янги йилдан кейин. Ҳамма нарса бўлиши мумкин.   

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!