"Токио-2020": Тарихда илк бор Ўзбекистон делегациясининг байроқдори аёл киши бўлади

Олимпия ўйинларининг тантанали очилиш маросимида мамлакатлар паради кўпчиликнинг диққат-марказида бўладиган энг асосий жараёнлардан бири. Унда кўпчиликнинг диққат-эътибори қайси атлет делегация байроғини кўтариб чиқишига қаратилади.

Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси расмий сайтининг хабар беришича, "Токио-2020" Олимпия ўйинларининг очилиш маросимида делегациямиз байроқдорлари афсонавий гимнастикачимиз Оксана Чусовитина ва боксчимиз Бобо-Усмон Батуров бўлади. Қайд этиш жоиз, Оксана Чусовитина ёзги Олимпия ўйинларида байроқдор бўлган дастлабки аёл атлетимиз сифатида тарихдан жой олмоқда.

Оксана Чусовитина "Барселона-1992" Олимпия ўйинлари чемпиони, уч карра жаҳон чемпиони, Осиё ўйинлари ғолиби, қаторасига еттита ёзги Олимпия ўйинларида иштирок этган ер юзидаги ягона аёл гимнастикачи сифатида Гиннеснинг рекордлари китобига киритилган. Демак, Токиодаги очилиш маросимда ўзининг саккизинчи Олимпиадасига тайёргарлик кўраётган, аллақачон дунё гимнастикаси афсонасига айланган ҳамюртимиз, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спортчи, “Ўзбекистон ифтихори” фахрий унвони эгаси Оксана Чусовитина мамлакатимиз спорт делегациясини ҳур диёримиз байроғини сарбаланд кўтарган ҳолда XXXII ёзги Олимпия ўйинларининг бош аренасига бошлаб тушади. Унга эса бокс бўйича Осиё чемпиони, Осиё ўйинлари ғолиби, жаҳон чемпионати совриндори, “Келажак бунёдкори” медали соҳиби Бобо-Усмон Батуров ҳамроҳлик қилади.

Очилиш маросимининг сценарийсига кўра, барча давлатлардан 1 нафардан эркак ва аёл спортчилар байроқдор бўлиб чиқишади. Бу Халқаро Олимпия қўмитаси томонидан тарғиб қилинаётган гендер тенглик сиёсатининг амалда татбиқ этилишидир.

Эслатиб ўтамиз, XXXII ёзги Олимпия ўйинларининг тантанали очилиш маросими 23 июль куни Тошкент вақти билан соат 16:00 да Токиодаги «Олимпия» стадионида бошланади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Baxil Alihuja
17/07/2021 17:39
Хали хеч кандай тузукрок натижага эришмаса хам, аллакачон юлдузлик касалига дучор булган Бобоусмон бунга лойик эмас эди! Шахобиддин ёки Баходир Жалолов купрок лойик эди!