Тўлқин Қиличев: Боксчиларда ватанпарварлик футболчиларникидан кучлироқ

SPORTS.uz Бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоаси мураббийи - Тўлқин Қиличев билан интервью уюштирди. Қаҳрамонимиз суҳбат давомида бокс ва футбол ўртасидаги фарқни ажойиб тарзда ифодалаб берди.

- Айтингчи, футбол ва боксга бўлган эътибор қай даражада фарқли? Нима учун ушбу спортларда эришаётган ютуқларимиз ўртасида тафовут бу қадар улкан?

- Ўйлашимча, фарқ бор. Шунчаки, футбол жамоавий спорт тури. Боксда ҳар бир спортчи рингда ўзи учун ўзи жавоб беради. Ватанпарварлик руҳида катта бўлгани учун рингда катта иштиёқ билан ҳаракат қилади. Ортга йўл йўқ эканлигини ҳис қилади. Футболда бунинг имкони йўқ. 11 хил инсонни бир мақсад сари интилиши мушкул.

- Ватанпарварлик ҳисси футболда ҳам катта роль ижро этадими?

- Ҳар қандай спорт турида бу жуда ҳам муҳим. Менимча, 11 хил фикрлайдиган футболчиларнинг барчаси бир хил даражада ватан туйғусига эга бўлмайди. Шу боис, натижа ҳам шу билан боғлиқ.

- Мураббий сифатида айтингчи, футбол ҳам бокс сингари ривожланиши учун нималарга эътибор қаратиш керак?

- 90 йилларнинг охирларида япониялик бир бокс мураббийи юртимизга ташриф буюрди. У 2 йил шу ерда истиқомат қилди ва боксимизни ўрганди. Кейин нима бўлди биласизми? Айнан унинг шогирди адашмасам Лондондаги олимпиадада отин медалга эга чиқди. Бу Япония бокс тарихидаги илк Олимпия олтин медали. Ўйлашимча, футболда ҳам ўзимиздан кучлироқ бўлганларнинг иш услубини ўрганиш шарт. Мисол учун, йилига 10 тадан ёш футболчини кучли бешлик клубларига малака ошириш мақсадида юбориш керак. 50 та иқтидор эгаси хорижда фаолият олиб бориши учун мураббийларни ҳам қўшиб жўнатиш, иш ўрганиши учун имконият яратиш керак. Ана шунда, 5-6 йил ичида бизда замонавий футбол нафасини олган камида 50 футболчи бўлади. Бу эса, ўз-ўзидан футболимиз ўсишига сабаб бўлади. Тасаввур қилинг, биргина япон мутахассиси икки йиллик билимини ишга солган холда, Олимпиада медаллига эга чиқмоқда. Бу ёшлар 5-6 йил ичида жуда катта билим олади. Уларни моддий қўллаб-қувватлаб туриш ҳам керак. Кейинроқ, уларнинг ҳеч бўлмаса 5 таси дунё даражасидаги футболчиларга айланиши мумкин. Хорижда қолишни уддалай олмаганлари, ҳеч бўлмаса ички биринчиликда яхшироқ ўйин намойиш этади. Биз якунда барибир фойда кўрамиз. Бу менинг фикрларим, холос. Аслида, футболни мендан яхшироқ тушунадиганлар кўп.

- Айтингчи, Қозоғистонлик боксчилар билан жанглар нима учун бу қадар катта қизиқишга сабаб бўлади?

- Бу табиий. Сабаби, рингда икки бокс бўйича етакчи мамлакатлар тўқнаш келади. Ўз бокс мактабига эга гигантлар жанги ҳаммага қизиқ. Аслида, бугунги «олтин авлод» вакиллари Қозоғистондаги мусобақаларда чиниққан. Авваллари бизда фақат "Жексон" хотира турнири ўтказилар эди. Бир йилда атиги битта мусобақа! Қўшниларимиз камида йилига 12 турнир ташкил этар, биз йигитлар билан биргаликда 12 ой ичида уларнинг ҳаммасида иштирок этишга тиришганмиз.
Бир неча йил илгари улар биздан олдинда эди. Ҳозир биз бироз илгарилаб кетдик. Шунга қарамай, ўртада ҳеч қандай адоват йўқ. Рингдан чиққач, йигитлар ўзаро ака-укадек муносабатда бўлади. Уларнинг мураббийлари билан ҳам яхши танишман. Биласизми, бизда туғилган, бизнинг мактабда катта бўлган кўплаб йигитлар Қозоғистон байроғи остида Жаҳон ареналарини забт этган. Ҳатто, Олимпия чемпионлари ҳам бор. Ўз вақтида Қозоғистонда ўқув-йиғин машғулотларини ўтказганмиз. Улар ҳам тез-тез Тошкентга ташриф буюради. Умуман олганда, алоқаларим аъло даражада.

- Шогирдларингиз океан ортида жанг қилса, кўпинча олдида бўласиз. Бу нима билан боғлиқ?

- Улар ҳали ёш. Жанг олдидан руҳий устунлик тақдим этиш учун доим етиб боришга уринаман. Баъзан, мени кўриб улар йиғлаб юборади. Ватан соғинчи ёмон, спортчиларни қийнаб қўяди. Агар уйингиздан узоқда, бегона юртларда юрсангиз, соғинч нима эканлигини дарров англайсиз. Шундай пайтда, болаликда ётган бешигингизни олиб келишса, кўзларингиздан ёш чиқиб кетади. Агар оғир кунларда ёнингизда турган мураббийингиз келса, қандай ҳислар сизни қамраб олишини бир тасаввур қилиб кўринг!

Мен шунчаки, йигитларга далда бўлиш учун жанг пайти етиб боришга ҳаракат қиламан. Уларни қўллаб-қувватлайман, далда бўламан. Афсуски, Муроджоннинг чемпионлик жанги чоғи ёнида бўла олмадим. Шундай бўлсада, уйда ўтириб томоша қилдим. Рефери ғолибни аниқлаш мақсадида микрофонни ҳакамларга бергач, юрагим тўхтаб қолай деди. Адашмасам, биринчи ҳакам Романнинг ғалабасини қайд этди. Кейинги ҳакам Аҳмадалиевни кучлироқ деб ҳисоблади. 3 ҳакамнинг фикрини эшитишга юрак дош бермади. Хонадан чиқиб кетдим, лекин қулоғим телевизорда. Бир пайт, уйда қий-чув бошланиб кетди. Тўғриси, нималарни ҳис қилганимни айтиб беришим мушкул.

Интервьюни тўлиқ видео шаклида SPORTS.uz нинг «You Tube»даги расмий саҳифасида тез кунда томоша қилишингиз мумкин.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Ilhomjon Feyz
19/06/2021 22:06
Бизни боксга бойвоччалар болаларини олиб келишмайди, олиб келишса хам ундай болалар иккита зарбадан кийин ўзлари қочиб кетишади.Шуни учун боксимизда хақиқий еркаклар ўз ўзидан сараланиб қолади....ДЕМАЙСИМИ ТЎЛҚИН АКА.
Ilhomjon Feyz
19/06/2021 22:00
Ўзбекистонлик футболчилар Ўзбекистонни хақиқий еркатойлари,улар спортчи эмас саёхатчи ва нафс қуллари.
&
Abdushukurov O
19/06/2021 22:39
Нега Ўзбекистонда яккакураш туридаги спорт турлари яхши ривожланган-у, нега жамоавий спорт турлари яхши ривожланмаган, шуни тушунмайман. Балки, жамоавий турига ақл ишлатиш ёки аҳиллик кераклиги учундир...
&
Ашуров Бахтийор
20/06/2021 11:24
Тўғри айтасиз.Бизда аққил билан ишлайдиган тактик мураббийлар етишмайди.Мана бир мисол; Т/Жмиз футболчилари ўша куни қаерда юришганини ўзлари ҳам,билишмас эди.