Европада ўзбек футболчиларига эътибор қаратишди
Ўзбекистон миллий терма жамоаси 2026 йилги жаҳон чемпионатига тайёргарлик кўраётган бир пайтда жаҳондаги турли манбалар футболчилар имкониятларини таҳлил қилишга киришиб кетган.
Европадаги нуфузли манбалардан бири – Польшанинг TVP Sport портали 2026 йилги жаҳон чемпионати олдидан Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳақида катта таҳлилий мақола эълон қилди ва дебют мундиалда жамоанинг асосий етакчилари бўлиши кутилган футболчиларни санаб ўтди.
Польшалик журналистлар фикрича, терма жамоанинг бош юлдузи ва етакчиси Элдор Шомуродов бўлиб қолмоқда. Жамоа ўйини айнан унинг атрофида қурилгани таъкидланган.
- Ўзбекистон терма жамоасининг энг муҳим футболчиси бу сардор Элдор Шомуродовдир. А Сериядаги ўйинлари билан танилган ҳужумчи мундиал саралашида ҳам жамоанинг энг яхши тўпурари ва энг яхши ассистенти бўлди, - деб ёзади TVP Sport.
Нашр Шомуродов нафақат ўз жамоадошлари орасида, балки бутун Осиё саралаш босқичида ҳам алоҳида ажралиб турганини таъкидлайди. У ҳал қилувчи узатмалар сони бўйича қитъа саралашида биринчи ўринни эгаллаган. Шунингдек, рақиб жарима майдонида тўпга тегишлар сони бўйича ҳам ҳеч ким ундан устун келмаган.
Зарбалар сонига кўра ундан фақат Меҳди Таремий юқори натижа қайд этган холос. Кутилаётган голлар (xG) статистикаси бўйича эса Таремий ва Алмоэз Алигина Шомуродовдан олдинда бўлган.
Мақолада, шунингдек Абдуқодир Ҳусанов, Аббосбек Файзуллаев, Отабек Шукуров ва Жалолиддин Машарипов ҳам алоҳида эътироф этилган. Муаллифлар ушбу футболчиларнинг жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритишда ҳал қилувчи ҳисса қўшганини қайд этишган.
Айниқса, Файзуллаев ва Машариповга катта эътибор қаратилган. Европалик журналистлар уларни қанотлардаги энг хавфли қурол, деб ҳисоблайди.
- Файзуллаев ва Машарипов яхши техник тайёргарликдан ташқари юқори тезликлари билан ҳам ажралиб туради. Шу боис улар нафақат позицион ҳужумларда, балки қарши ҳужумларда ҳам катта хавф туғдиради, - дейилади таҳлилий мақолада.
TVP Sport Ўзбекистон жамоасининг тактик услубини ҳам таҳлил қилди. Нашр маълумотига кўра, жамоа тўпни узоқ вақт назорат қилишдан кўра тезкор ва тўғридан-тўғри футболни афзал кўради.
- Ўзбеклар тўпни узоқ назорат қилишга интилмайди. Бунинг ўрнига уни имкони борича тезроқ рақиб дарвозаси томон етказишга ҳаракат қилади. Ўйиннинг асоси Шомуродовга узатиладиган тўплардир, - деб ёзади TVP Sport.
Ушбу манба бош мураббий Фабио Каннаваро жаҳон чемпионати ўйинларида фойдаланиши кутилаётган эҳтимолий асосий таркибни ҳам келтирган:
Ўткир Юсупов — Рустам Ашурматов, Абдуқодир Ҳусанов, Абдулла Абдуллаев — Ҳожиакбар Алижонов, Одилжон Ҳамробеков, Отабек Шукуров, Шерзод Насруллаев — Жалолиддин Машарипов, Элдор Шомуродов, Аббосбек Файзуллаев.
Шунингдек, дарвозабон Ўткир Юсупов ҳам мақтовга сазовор бўлган. TVP Sport уни Осиё саралаш босқичида энг кўп ишлаган дарвозабонлардан бири сифатида баҳолаб, бир неча бор жамоани мураккаб вазиятларда қутқариб қолганини таъкидлаган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон миллий терма жамоаси ўз тарихида илк бор жаҳон чемпионати финал босқичида иштирок этади. Мундиалнинг гуруҳ босқичида Ўзбекистон футболчилари “К” гуруҳида Португалия, Колумбия ва Конго Демократик Респбликаси миллий терма жамоасига қарши майдонга тушади.
Даҳшат! Ўзбекистон “ўлим гуруҳи”да ўйнайдиган бўлди!
Бизда Ҳусанов бор! “Манчестер Сити” хўжайини Абдуқодирни ҳам тилга олди
Ўзбек футболчиларининг ўйиндан кейин қилган иши канадаликларни ҳайратга солди!
“Барса”дагилар Ҳусановга баҳо берди
ФИФА Ҳусановга алоҳида тўхталди!

Фикрлар