Туркия ва Россия клублари "Навбаҳор" легионерига жиддий қизиқиб қолди

Ўтган йилдан бери “Навбаҳор” шарафини ҳимоя қилиб келаётган тожикистонлик плеймейкер Эхсони Паншанбе ҳақида кўплаб мутахассислар жуда илиқ фикрлар билдиришяпти. 22 ёшли ярим ҳимоячи “Навбаҳор”даги ўйинлари орқали жамоанинг етакчиларидан бирига айланди. Шу сабабли, Тожикистон миллий терма жамоаси футболчисига хориждан жуда яхши таклифлар бўлаётгани ҳақида маълумотлар бор.

Туркия Суперлигасининг иккита клуби – “Коньяспор” ҳамда “Антальяспор” анчадан бери “Навбаҳор” легионерининг ўйинларини диққат билан кузатиб келган. Натижада ушбу жамоалар Паншанбега жиддий қизиқиш билдиряпти. Маълумот учун айтиш керакки, якунига етган Туркия Суперлигасида “Коньяспор” 50 очко билан 11-ўринни банд этди. “Антальяспор” эса 44 очко билан 16-поғонага жойлашди. Суперлигада жами 21 та жамоа иштирок этади.

Эътиборлиси, Эхсони Паншанбега иккала клуб томонидан қизиқиш бўлаётгани хусусида Туркиянинг нуфузли нашрлардан бири “Sabah” футболчининг агенти – Кова Тилавпур томонидан айтилган маълумотга асосан хабар бермоқда. Маълумот учун шуни қўшимча қилмоқчимизки, футболчининг агенти анчадан бери айнан Туркияда фаолият олиб бормоқда. Демак, турк матбуоти ҳам “Навбаҳор” легионерининг Туркия чемпионатига кўчиб ўтиши мумкинлиги борасида хабарлар тарқатмоқда. Sports.uz маълумотига қараганда, “Коньяспор” клуби Паншанбега 100 фоизли шартномани ҳам таклиф қилган.

эхсони1

Бу ҳали ҳаммаси эмас. Эхсонига турк клубларидан ташқари Россия томонлардан ҳам “совчи” юбориляпти. Гап шундаки, Россия премьер-лигаси вакили - “Химки” янги мавсум олдидан амалга оширилаётган селекция ишларида айнан “Навбаҳор” легионерига ҳам эътибор қаратмоқда. “Химки” жамоаси бош мураббийи тожикистонлик Игорь Черевченко “Навбаҳор”даги ҳамюртини ўз жамоасида кўришни истаётгани ҳақида ҳам маълумотлар бор. Ўтган мавсумда “Химки” 8-ўринни эгаллаганини қўшимча қилиш даркор.

Кўриб турганингиздек, Паншанбе фаолиятида катта ўсишга эришиш учун яхши имкониятга эга бўлиб турибди. Аммо шуни унутмаслик керакки, футболчи айни пайтда “Навбаҳор”га тегишли ва ҳали амалдаги шартномаси якунига етгани йўқ. Шундай экан, тожикистонлик ярим ҳимоячини ўз сафида кўришни истаётган клублар табиийки, “Навбаҳор” клуби билан ҳам музокараларга киришишига тўғри келади. Наманганликлар ҳам уни осонликча қўйиб юбормаса керак. Чунки юқорида айтганимиздек, Паншанбе “Навбаҳор”да ўз ўрнига эга бўлган футболчилардан бири.

эхсони4

Футболчининг жорий мавсумдаги статистикасига қарасак, у шу кунгача ўтказилган барча – 12 та учрашувда “Навбаҳор” таркибида тўп сурди. “Локомотив” ҳамда “Қизилқум” жамоаларига қарши ўйинларда биттадан гол урди. Шунингдек, Паншанбе икки марта сариқ карточкага лойиқ кўрилган. Наманганлик мухлислар учун тожикистонлик легионер жуда қадрли ўйинчилардан бири бўлиб қолган. Агар Эхсони тақдир тақозоси билан клубдан кетадиган бўлса, бу “Навбаҳор” учун жиддий йўқотишга айланиши мумкин.

Умуман олганда, бу ўйинчи нафақат “Навбаҳор”, балки Тожикистон миллий терма жамоасининг ҳам муҳим ўйинчиларидан бири ҳисобланади, бунга шубҳа йўқ. У 2016 йилдан бери мамлакатнинг бош жамоасида тўп суриб келяпти. Яқинда жаҳон чемпионати иккинчи саралаш босқичи доирасида Тожикистоннинг сафарда Японияга қарши ўтказилган ўйинида айнан Эхсони Паншанбе мезбонлар дарвозасига гол урди. Якуний ҳисоб эса 4:1 Япония фойдасига. Шунингдек, Тожикистон миллий терма жамоасининг собиқ бош мураббийи Усмон Тошев ҳам Паншанбе ҳақида жуда илиқ фикрларни айтган ҳолда унинг келажаги порлоқ эканлигига ишонишини билдирган.

эхсони3

Дарвоқе, Эхсони “Навбаҳор”га келгунга қадар Тожикистон чемпиони – “Истиқлол” жамоаси сафида беш мавсумни ўтказган. Хуллас, мазкур ўйинчи борасида шунақа гаплар. “Навбаҳор”нинг энг яхши харидларидан бирига айланган Паншанбе клубдан кетадими ёки йўқми, буни тез орада билиб олсак ажаб эмас. Лекин футболчининг ўзи ҳам фаолиятини Туркия ёки Россия каби кучлироқ чемпионатларда ўтказишга қарши бўлмаса керак. Ахир бундай имконият доим ҳам бўлавермайди.   

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
PROSTO TELE
05/07/2021 21:01
Эхсони кет Навбахордан. Шавкат Навбахорни бу кетишда про лигага тушириб юборади. Хайрулло Бозоров яхши ушлаб турганди Навбахорни. Шавкат келиб нафакат футбол бошка томондан хам Наманганни кутига тикишни бошлади.
&
Ашуров Бахтийор
05/07/2021 22:26
ОМАД!!!