Валижон Раҳимов: Катанец биринчи навбатда майдонда ва унинг ташқарисида тартиб-интизом бўлиши кераклигини талаб қилмоқда

Айни пайтда Ўзбекистон миллий жамоаси сафида Иорданияда ўтаётган йиғинда қатнашаётган иқтидорли дарвозабонимиз Валижон Раҳимов билан уюштирилган суҳбатни эътиборингизга тақдим қиламиз.

- Валижон, Иорданияда ўтаётган йиғин таассуротлари қандай?

- Катанец бошқарувидаги иккинчи йиғин кўтаринки руҳда ўтмоқда. Иорданияда ўтаётган йиғинда мураббийлар асосан терма жамоанинг ўйин услуби қандай бўлишини тушунтиришга ҳаракат қилиб, назарий ва амалий машғулотлар ўтишмоқда.

- Катанец кўпроқ нималарга эътибор қаратмоқда?

- Катанец биринчи навбатда майдонда ҳам ва унинг ташқарисида ҳам тартиб-интизом бўлиши кераклигини талаб қилмоқда. Ўртоқлик ўйинларига жиддий қараб, миллий жамоада ҳар бир баҳсга охирги ўйинга тушгандек ҳаракат қилишни сўрамоқда. Машғулотларда барча футболчилар аъло кайфиятда чин дилдин шуғулланишмоқда.

- Хонадошингиз ким?

- Элдорбек Суюнов.

- Машғулотлардан бўш вақтни қандай ўтказяпсиз?

- Очиғи, деярли бўш вақт йўқ. Эрталаб назарий машғулот бўлса, тушдан сўнг амалий машғулотга кетамиз. Машғулотдан қайтгач эса, тикланиш жараёнлари билан банд бўламиз.

- Валижон Раҳимов талқини бўйича айни пайтда энг кучли 3 нафар дарвозабон ким?

- Фикримча, Нойер, Алиссон ва Облак.

- Мухлисларни қизиқтирадиган савол: Валижон қайси жамоага мухлислик қилади?

- Ёшлигимдан «Реал» жамоасига мухлисман. Отам эса «Барселона» мухлиси. Бу икки жамоа тўқнаш келганда бизнинг хонадонда ҳам Испанияда қолишмаган ҳолда «Эл класико» муҳити руй беради.

- АГМК жамоасидаги энг қувноқ футболчи ким?

- Мирғиёс Сулаймонов ва Санжар Шоаҳмедов.

- Бўлажак ўйинларда омад ва сизнинг миллий терма жамоа сафидаги дебютингизни кутиб қоламиз. Муҳими, жароҳатларсиз АГМК жамоаси ихтиёрига саломат ҳолда қайтишнигизни тилаб қоламиз.

- Шу фурсатдан фойдаланиб АГМК жамоаси аҳил оиласига салом йўллаб қоламан.


АГМК жамоаси матбуот хизмати

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!