Юраги тўхтаб қолган Эриксен ўзини ҳозир қандай ҳис қилаётгани ҳақида хабар берди

"Интер" клуби ва Дания терма жамоаси ярим ҳимоячиси Кристиан Эриксен шанба кунги воқеадан сўнг ўзининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаси орқали илк бор хабар жойлаштирди.

Эслатиб ўтамиз, “Евро-2020”нинг гуруҳ босқич дастлабки тури доирасида Финляндияга қарши ўйинда 29 ёшли Эриксен майдонда ҳушидан кетди. Кейинчалик маълум бўлишича, ўша пайтда унинг юраги ишламай қолган, аммо шифокорларнинг ўз вақтида берган ёрдами туфайли унинг ҳаёти сақлаб қолинган.

“Ҳаммага салом. Бутун дунёдан келаётган ёқимли ва ажойиб хабарларингиз учун сизларга катта раҳмат. Бу мен ва оилам учун жуда муҳим аҳамиятга эга. Ҳозир ўзимни яхши ҳис қиляпман, аммо ҳали касалхонада бир қатор синовлардан ўтишим керак. Энди кейинги ўйинларда Дания терма жамоасига мухлислик қиламан. Йигитлар, Дания учун ўйнанг!”, - деди Эриксен.

Дания терма жамоаси “Евро-2020”даги навбатдаги баҳсини 17 июнь куни Бельгияга қарши ўтказади. Ўйин Тошкент вақти билан соат 21:00 да бошланади.

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Минбар

Барча блоглар