Месси хали ета олмаган, Роналду эса шахдам одимлаётган рекорд ҳақида

15 май, 00:13 2446

Месси хали ета олмаган, Роналду эса шахдам одимлаётган рекорд ҳақида

Мадриднинг “Реал” клуби Европа Чемпионлар лигаси ярим финалида “Атлетико”ни икки ўйин натижасига кўра мағлуб этди ва финал йўлланмасига эга бўлди. Эътиборлиси, “қироллик клуби”нинг португалиялик юлдуз Криштиану Роналду учун ушбу финал алоҳида аҳамият касб этади. Криштиану шу вақтда қадар ЕЧЛнинг 4 та финалида ўйнаган эди ва Кардиффдаги ўйин Роналдунинг фаолиятидаги бешинчи ЕЧЛ финали бўлади. Шу муносабати билан эса биз ЕЧЛда энг кўп финалда майдонга тушган футболчилар ҳақида ҳикоя қиламиз.

>>Буффон ета олмаган рекорд ҳақида 

>>Мессини камситманг!

>>“У Мессидан ҳам кучли бўлади” ёхуд Мбаппенинг ажойиб натижалари ҳақида 

2-5. Криштиану Роналду – 5 та финал

Юқорида таъкидлаганимиздек, Роналду учун Кардиффдаги финал фаолиятидаги ЕЧЛдаги бешинчи финал саналади. Бунга қадар 4 карра Жаҳоннинг энг яхши футболчиси 4 бор клублар миқёсидаги энг нуфузли турнирнинг финалида ўйнаган эди ва бу борада “Барселона” форварди Лионель Месси билан бир хил натижага эга эди. “Атлетико”нинг мағлуб этилиши эса португалияликни аргентиналик футболчидан ўтиб кетишини таъминлади. Роналду ҳозирга қадар ўйнаган 4 та финалнинг 2 тасини “Реал”, яна иккисини “Манчестер Юнайтед”да ўйнаб юрган кезлари ўтказган.

>>Топ-5 чемпионатларда энг кўп гол киритган 5 тўпурар

2-5. Патрис Эвра – 5 та финал

Роналдунинг собиқ жамоадоши ҳисобида ҳам ЕЧЛдаги 5 та финал мавжуд. Эвра бу финалларни 3 та жамоа таркибида ўтказган. 2004 йил “Монако”, 2008, 2009 хамда 2011 йиллар “Манчестер Юнайтед” сафида, 2015 йил эса “Ювентус” сафида Чемпионлар лигаси финалида тўп сурган. Аммо франциялик ҳимоячи шунча финалнинг фақатгина биттасида совринни боши узра кўтариш бахтига муяссар бўлган. У ҳам 2007 йилга тўғри келади.

>>АПЛ бразилияликлар учун эмасми?

2-5. Эдвин ван дер Сар – 5 та финал

Голландиялик афсонавий посбон ҳам Чемпионлар лигасида 5 та финал ўйинида иштирок этган. Ван дер Сар 1995 ва 1996 йилларда “Аякс” сафида, 2007, 2008, 2009 хамда 2011 йилларда “Манчестер Юнайтед” клуби таркибида клублар миқёсидаги энг нуфузли турнирнинг хал қилувчи баҳсида ўйнаган. Эътиборлиси, Эдвин 5 та финалнинг фақатгина иккисида ғалабага эришган. Жумладан, 2011 йил “Уэмбли”да ўтган финалдаги мағлубиятдан сўнг голландиялик кипер фаолиятини якунлаган эди.

2-5. Кларенс Зедорф – 5 та финал

Зедорф ЕЧЛни 3 та турли жамоа билан қўлга киритган дастлабки ва ягона футболчи саналади. 1995 йил “Аякс”, 1998 йил “Реал”, 2003 ва 2007 йилларда эса Кларенс “қулоқдор” совринни “Милан” таркибида ютган. Умуман Зедорф фақатгина бир бор финални бой берган. Ха, ўша машхур камбек кузатилган “Истанбул воқеаси”да. Ўшанда, “россонерилар” “Ливерпуль”га мағлуб бўлишган эди.

1. Паоло Мальдини – 6та финал

Мальдинилар сулоласининг сўнгги вакили бутун фаолиятини “Милан”га бағишлаган. Паоло “россонерилар” сафидаги 24 йили  давомида Чемпионлар лигаси финалида 6 бор ўйнаган. Аммо жамоасига содиқ бўлган Мальдинига фақатгина 3 бор ЕЧЛ кубогини боши узра баланд кўтариш насиб этган.

Тавсия этамиз: 

Шаҳзод Холбоев тайёрлади