ЎзПФЛ машғулотларни бошлаш мумкинлигини расман маълум қилди
Маълумки, жорий йил 16 мартдан режалаштирилган барча футбол мусобақалари, мусобақаларга тайёргарлик машғулотлари ва тадбирлари коронавирус инфекциясига барҳам берилгунига ёки Республика махсус комиссияси томонидан мусобақаларни ўтказишга рухсат этилгунига қадар вақтинча тўхтатилган эди.
Республика махсус комиссиясининг жорий йил 29 майдаги 26-сонли йиғилиш баёнига асосан профессионал футбол клубларига ўз ўқув-машғулотларини санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига мувофиқ ҳолда бошлашига ҳамда жорий йил 5 июнь кунидан Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси чемпионатларини давом эттирилишига расман рухсат берилди. Бунда футбол учрашувлари томошабинлар иштирокисиз ўтказилади.
Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси чемпионатларни давом эттирилишидан олдин футболчилар ўз спорт формаларини тиклаши учун бир неча кун керак эканлигидан келиб чиқиб, Ўзбекистон чемпионати мусобақалари айнан қайси санадан давом эттирилиши бўйича алоҳида маълумот беради.
"Шу муносабат билан, футбол клублари профессионал футболчиларни малакали мураббийлар назорати остида тегишли санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига қатъий амал қилиш шарти билан футбол клублари базаси негизида машғулотлар жараёнини бошлаши мумкинлигини маълум қиламиз", - дея хабар тарқатди ПФЛ расмий сайти.
Иддао қилинишича, расмий ўйинлар бошлагунга қадар ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши мумкин.
---
Фикрлар