"Осиё Чемпионлар лигасида ўйнайман деб ўйламагандим". Легионерга айланган футболчимиз учун воқеалар ривожи шу қадар ўзгариб кетдики...
Тожикистоннинг “Истиқлол” клуби айни пайтда Осиё Чемпионлар лигаси баҳсларига жиддий тайёргарлик кўряпти ва жамоа ҳозирда Саудия Арабистонида бўлиб турибди.
Мазкур клуб сафига яқинда ўзбекистонлик футболчи Муҳаммад Исаев қўшилди. Бу борада биз Sports.uz орқали хабар бердик. Исаев ярим ҳимоячи бўлиб, ўтган мавсумни “Аниджон”да бошлаб, “Металлург”да якунлади. Умуман айтганда, у “Металлург”да кўпроқ ўйнаган. Бу йил эса Осиё Чемпионлар лигасида дебют қилишга яқин турибди.
- Муҳаммаджон, сизни Тожикистоннинг етакчи клуби сафида пайдо бўлиб қолишингиз қандай содир бўлди?
- Биласизми, “Истиқлол” клуби ўтган йили ҳам менга таклиф билан чиққанди. Бу жамоада дарвозабонлар мураббийи – Фаррух Бердиев бор. Айнан ўша мураббий чақирганди. Лекин у пайтда мени “Металлург” билан амалдаги шартномам бор эди. Бу йил насиб қилган экан, “Истиқлол”га қўшилдим. Ризқимиз шу ерга сепилган экан. Осиё Чемпионлар лигасидек нуфузли мусобақада тўп суриб ўзимни кўрсатишга ҳаракат қиламан.
- Ҳа, охирги марта “Металлург” сафида эдингиз. Бироқ у ерда сизни асосий роллардан бирида кўрмадик...
- Нимагадир “Металлург” клубида ўйин амалиётига кам эга бўлардим. Бу ерда легионер сифатида кўпроқ ўйин амалиётига эга бўласиз. Қолаверса, чемпионлар лигасида ўзимни синаб кўриш учун ҳам келдим.
- Айна шу ҳақида ҳам сўрамоқчи эдим. Кеча Бекободда, бугун эса Осиё Чемпионлар лигасида ўйнайдиган клубдасиз. Воқеалар ривожи шу тарзда ўзгариб кетишини билармидингиз?
- Йўқ, Осиё Чемпионлар лигасида ўйнайман, деб ўйламагандим. “Металлург” билан бу ниятимга эриша олмадим. “Истиқлол” билан насиб қилган экан, мана айни пайтда жиддий тайёрланяпмиз.
- Аслини олганда, “Истиқлол”нинг таклифни кутганмидингиз ёки...
- Йўқ, барчаси тез содир бўлди. “Металлург” билан дўстона хайрлашдим ва уйга қайтдим. Кейин эса дарҳол “Истиқлол”дан қўнғироқ бўлди. Натижада Туркияга етиб бориб, жамоанинг машғулотига қўшилдим. Барча вазият жуда тез юз берди.
- Янги клубда қандай кутиб олишди? ОЧЛ олдидан нимани ўйлаяпсиз ва бош мураббий сиздан нимани талаб қиляпти?
- Барчаси яхши. Ҳаяжон бироз бор. Аммо биз жуда яхши тайёргарлик кўряпмиз. Бош мураббий Виталий Левченко қўл остида, Худо хоҳласа, барчаси яхши бўлади. Левченко жуда яхши мураббий. Талабчан ва қаттиққўл. Ишдан ташқарида ҳам яхши инсон. Мен “Металлург”да таянч ярим ҳимоясида ўйнаётгандим. “Истиқлол”да мендан ҳужумчилар ортида ўйнашимни талаб қиляпти. Очилмаган қирраларимни очишга ҳаракат қиляпман (кулади).
- Бошқа чизиқда тўп суришга қийналмаяпсизми?
- Бу позицияда тўп суриш ноқулай эмас, анча ўрганиб қолдим.
- “Истиқлол”нинг олдига ОЧЛда қандай вазифа қўйилган? Биламизки, ўтган йили ҳаммани ҳайрон қолдирган.
- Мақсадимиз ўтган йилги натижа тасодиф бўлиб қолмаганлигини исботлаш. Биз гуруҳдан чиқмоқчимиз.
- Аммо бу сафар ҳам гуруҳда яна “Ал-Ҳилол” бор. Рақиблар ҳақида фикрингиз қандай?
- “Ал-Ҳилол” фаворит. Бекорга клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатида қатнашмади. Ўтган йили Осиё Чемпионлар лигаси чемпиони бўлди. Гуруҳимизда ҳамюртимиз Отабек Шукуров тўп сураётган “Шаржа” клуби ҳам бор. Шунингдек, “Ал-Райян” ҳам. Бу клубда “Реал”да ўйнаган Хамес Родригес бор. Жаҳон юлдузларидан бирига қарши тўп суриш жуда ажойиб бўлади. Бундай футболчилардан кўп нарса ўрганамиз. “Истиқлол” ўтган йили нималарга қодирлигини кўрсатиб қўйган. Айтишади-ку, майдон текис тўп юмалоқ, деб. Биз яна ўтган йилги натижани такрорлашга ҳаракат қиламиз.
Фикрлар