"Спартак" таклиф билан чиққанми? Клуби билан неча йилга шартномасини узайтирди? Кейинчалик қайси чемпионатга кетмоқчи? Скаутларнинг "тинчини бузган" легионеримиз нима дейди?

Россия чемпионатида жавлон уриб, тобора ўзидан ажойиб таассуротлар қолдириб келаётган ҳамюртимиз – Иброҳимхалил Йўлдошев кўпчиликнинг эътиборини ўзига торта оляпти. Бунга унинг “Нижний Новгород” клубидаги ўйинлари сабаб, албатта.

Аслида қанот ҳимоячиларининг легионер сифатида тўп суриши жуда қийин масала ҳисобланади, айниқса, Россия чемпионатида. Шунга қарамасдан, ўзбекистонлик ушбу қанот ҳимоячиси ўзини Россиядек чемпионатга муносиб эканлигини ҳар ўйинда исботлаётгани биз учун ёқимли.

“Нижний Новгород”да “йўқолиб” қолмасдан асосий таркибдан муқим жой олиб келаётгани ҳамда мураббийларнинг ишончини қозонаётганини кўриб турибмиз. Шунинг учун бўлса керак, Россия ОАВда энди Йўлдошев тўғрисида ҳам турли хабарлар чиқа бошлади. Яъни, у клубини ўзгартириши мумкин, “Спартак” жиддий қизиқиб қолди, қабилидаги маълумотлар ҳамма қатори бизни ҳам беэътибор қолдиргани йўқ. Лекин бу каби хабарлар қанчалик ҳақиқатга яқин эди? Биз бошқаларнинг фикрига қулоқ солишдан кўра, футболчимизнинг ўзидан аниқ маълумот олишни афзал билдик. Шу мақсадда Sports.uz мухбири воқеалар ривожига ойдинлик киритиш мақсадида Иброҳимхалил билан боғланди. Ўз навбатида легионеримиз бор гапни айтди:

“Спартак” клубидан таклиф бўлганми-йўқми, рости билмадим. Мени ҳам айрим ижтимоий тармоқларда бу хабарга кўзим тушди. Қарасам, “Спартак” либосини кийгизиб қўйишибди ва бу ҳам гап-сўзларни келтириб чиқарди. Яна такрорлайман: бу ҳақида ҳеч нима билмайман. Ўйлашимча, бу қуруқ миш-миш. Менинг назаримда, чемпионат баҳсида “Спартак” дарвозасини ишғол қилганим учун одамлар мана шундай гап-сўзларни чиқаришган бўлса керак”.

иброхим2_2

Ҳаммаси аён: “Спартак” футболчимизга расмий таклиф билан чиқмаган. Оғзаки қизиққан ёки қизиқмаганлиги бу энди бошқа масала. Унинг ўзи айтганидек, “қизил-оқлар” дарвозасини ишғол қилган ва балки бу ҳолат кўпчиликнинг эътиборини тортгандир. Қолаверса, март ойида ўз клубининг энг яхши футболчиси, деб айнан Йўлдошев эътироф этилганди. Бу каби мақтовлардан кейин унга таклиф тайёрлаётган клублар бўлиши табиий, аслида. Балки бошқа жамоалар легионеримиз билан жиддий қизиқаётгандир. Очиғи, шу масалага ҳам эътибор қаратдик ва бунинг учун Иброҳимхалилнинг фикрини тингладик.

“Тўғрисини айтсам, бир нима дейишим қийин. Албатта, агентим менга бунга ўхшаш таклифлар бўлса, айтмайди дея олмайман. Қачонки, мен билан қизиқаётган клубнинг таклифи жиддий бўлиб, 100 фоизга аниқ бўлса ва қаергадир ўтаётганимдан бир-икки ой олдин менга айтиши мумкин. Аммо қуруқ гаплар ҳақида оғиз очмайди. Яъни, у ердан ёки бу ердан қизиқишлар бор, деб гапирмайди. Оддий таклиф бўлса, ҳеч нима демайди”.

Йўлдошев бир томондан тўғри айтди. Чунки улар қуруқ қизиқишларга қарамайдилар. Бунинг устига клуби – “Нижний Новгород” ҳам эндиликда легионеримизни осонликча қўйиб юбормоқчи эмас. Футболчимиз дастлаб ушбу жамоа билан 2023 йилгача мўлжалланган шартнома имзолаганди. Қараса, ўзбекистонлик ҳимоячи зўр чиқиб қолди ва аста-секин турли гап-сўзлар пайдо бўла бошлади. Шунинг учун бўлса керак, “Нижний Новгород” раҳбарияти Иброҳимхалил билан қайта музокара ўтказган ҳолда келишувни узайтиришга киришдилар ва якунда клуб ўз мақсадига эришди.

иброхим_2

“Ҳа, мен яқинда “Нижний-Новгород” клуби билан шартномамни чўздирдим. Келишув муддати 3 йилга мўлжалланган. Жамоам билан янги шартнома имзолаганимдан хурсандман”, - дея бу борада фикримизни тасдиқлаб ўтди легионеримиз.

Энди кимдир жиддий таклиф билан чиқса ҳам уни яхшигина пулга сотиб олишига тўғри келади. Лекин вақти келиб, унинг янада кучлироқ чемпионатлардан бирига йўл олишига умид қилиб қоламиз. Асосийси, Йўлдошев футболчи сифатида ўсишга эришяпти. Ҳамюртимиз ўзини кўпроқ қайси чемпионатда синаб кўришни исташи ҳақида ҳам гапирди.  

“Ҳозирда бор эътиборимни “Нижний Новгород” клубига қаратганман. Бу ерда ўзимни янада яхшироқ кўрсатиб, тажрибамни оширмоқчиман. Ўзимга қолса, Европанинг кучли чемпионатлари, масалан Испанияда кучимни синаб кўргим келади. Худо хоҳласа, ушбу ниятимга ҳам эришаман, деган умиддаман”.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Kankret bola
20/04/2022 08:26
Омад