Диёр Туропов "Локомотив"ни тарк этиши ҳақида: "Совринли ўринлар учун курашадиган жамоага ўтишга қарор қилдим"
Тошкентнинг “Локомотив” таркибида салоҳияти юқори бўлган футболчилардан бири Диёр Туропов эди. 9 июль куни 28 ёшни қаршилайдиган ярим ҳимоячи бир неча мавсум мобайнида “темирйўлчилар” шарафини муносиб тарзда ҳимоя қилиб келди.
Шубҳасиз, у жамоасининг муҳим ўйинчиларидан бирига айланди. Биринчи даврада Суперлига доирасида 9 та учрашувда майдонга тушиб, деярли барча беллашувни тўлиқ ўтказди ва рақиблар дарвозасига иккита гол урди. У гол урган учрашувларда жамоаси ғалаба қозонди.
Қолаверса, Ўзбекистон Кубоги гуруҳ босқичидаги учта ўйинда ҳам майдонга тушди. Бир сўз билан айтганда, Диёр ўз ўрнига эга эди. Бундай ўйинчига доим таклифлар борлигини билардик. Биринчи давра охирларига яқин у билан гаплашганимизда ёзги трансфер ойнаси очилган маҳалда бир қарорга келиши ҳақида айтганди.
Куни кеча клуб бош мураббийи Денис Коростиченко Туроповни “Локомотив”дан кетганини ва “Навбаҳор”га ўтганини айтганди. Шундан кейин вазиятга янада ойдинлик киритиш мақсадида футболчининг ўзи билан боғландик.
- Диёрбек, аввало "Локомотив"нинг биринчи даврадаги иштироки хусусида сўрамоқчиман. Натижа кўнгилдагидек бўлмади. Сизнингча, жамоанинг кучи етмадими ёки...
- “Локомотив”нинг биринчи даврадаги иштирок ҳақида гапирадиган бўлсам, жамоа фақат ёмон ўйин кўрсатди, демаган бўлардим. Яхши ўйин ўтказган вақтлари ҳам бўлди. Фақат барқарорлик бўлмади. Ҳужумларни охирига етказишда камчиликлар кўриниб қолди. Натижа ҳам шунга яраша бўлди.
- Биринчи давра тугагач, клубни тарк этишга қарор қилдингиз. Буни олдиндан режалаштирганмидингиз ёки тўсатдан юз бердими?
- Бунинг сабаби шуки, мен совринли ўринлар учун курашадиган жамоага ўтишга қарор қилдим.
- Шунча йил “Локомотив”да тўп сурдингиз. Ўтган вақт давомида бу ерда нимага эришдингиз ва нима йўқотдингиз?
- Биласизми, “Локомотив” клубида ўтказган фаолиятим давомида кўп нарсаларга эришдим. Улардан энг асосийси, жамоа билан чемпион бўлган даврни айта оламан. Чемпионлик туйғуси қанчалик мароқли бўлишини ҳис қилдим.
- Таклифлар орасида айнан нима учун “Навбаҳор”ни танладингиз? Масалан, четдан ҳам вариантлар бормиди?
- Бу йилги чемпионат қолган йилларга қараганда анча қизғин тарзда ўтмоқда. Ушбу интригада иштирок этишни хоҳладим ва “Навбаҳор” жамоасини танладим. Бу жамоада чемпион бўлиш учун имкониятлар етарли. Турнир жадвалида яхши ўринда кетмоқда.
- Рости, “Локо” билан бирор нимага эришишга кўзингиз етмадими?
- Ростини айтсам, ҳа. Бу йилги чемпионатда “Локомотив”ни совринли ўринлар учун курашишига кўзим етмади, балки кейинчалик “Локо” ўзига келар, буни вақт кўрсатади.
- “Навбаҳор”да рақобат кучли. Ўз ўрнингизга эришишингиз учун янада кўпроқ куч ва меҳнат талаб қилинади. Ҳаммасига тайёрмисиз?
- Рақобат менга ёқади. Бу нарсага ҳар доим тайёр бўлиб келганман ва имкониятим ҳам етарли. Асосийси, жамоам ютуқларига ўз ҳиссамни қўшиш ва чемпион бўлишни истайман.
Фикрлар