"Бухоро"да ўзгаришлар: Суперлига ўйинчилари таркибга қўшиляпти, навбатдаги нишон "Пахтакор" футболчиси. Шавкат Саломов "Сўғдиёна"га ижарага берилди

Про вакили – “Бухоро” ёзги тайёргарлигини Дукентда давом эттиряпти. Мавсумнинг дастлабки қисмида қайд этилган натижалар жамоани ҳам, раҳбариятни ҳам қониқтиргани йўқ.

Шунинг учун ҳозирги йиғиндан унумли фойдаланиш ҳамда селекцияда ҳам фаол иш олиб борган ҳолда таркибни кучайтириш ишлари устивор вазифага айланган.

Шулардан келиб чиққан ҳолда “Бухоро” сафида яна эътиборга молик ўзгаришлар кузатиляпти. Бу ҳақида клуб бош директори Ўткир Қодиров Sports.uz мухбирига маълум қилди.

- “Бухоро” клубини ҳозирда Дукентда ўқув-машғулот йиғинини давом эттираётганидан хабардормиз. Мухлисларни аввало таркибдаги ўзгаришлар қизиқтирмоқда. Дастлаб шу ҳақида маълумот бериб ўтсангиз.

- Таркиб масаласи бўйича музокараларимиз давом этяпти. Лекин жамоамизга қўшилган футболчилар бор. “Қизилқум”дан Жасур Азимовни олиб келдик. “Динамо” клубидан яна бир иқтидорли ўйинчи Тимур Исмоилов қўшилди. “Янгиер”дан уч нафар ўйинчи машғулотларимизда қатнашяпти. Қолаверса, “Шўртан”дан жамоа сардори билан асосий дарвозабони ҳам бизнинг жамоамиз билан машғулотларда қатнашмоқда. “Пахтакор” билан Ҳумоюнмирзо Иминов бўйича гаплашяпмиз, бугун сафимизга қўшилиши керак. 18 июль куни Наманганда “Навбаҳор” билан ўртоқлик учрашувини ўтказамиз. Улар билан шундай келишувга эришганмиз. Очиғи, наманганликлар таркибидан ҳам сафимизга ўйинчилар қўшилиши мумкин, бу борада иш олиб боряпмиз. Шундай қилиб, таркибимизни шакллантириб боряпмиз. Ҳали яна бироз вақтимиз бор. Қайсидир ўйинчилар билан таркибимизни кучайтириш имкониятимиз бор. Суперлига ва про лигадаги футболчилар ҳозир жамоамизнинг Дукентдаги йиғинида иштирок этишяпти.

бухоро 4

- Йиғин мобайнида яна нечта назорат учрашуви мўлжалланган?

- 4-5 та назорат ўйини бўлади. Масалан, 22 июлда “Олимпик” билан баҳс олиб борамиз. 25 июль куни жамоамиз “Нефтчи”га қарши майдонга тушади. 27 июлда “Қизилқум” билан ўйнаймиз.

- “Бухоро”ни қайси футболчилар тарк этди?

- Шавкат Саломов кетмоқчи эди, у “Сўғдиёна”га ижарага берилди. Собит Синдаров жамоамизни тарк этиш ниятида. Шоҳжаҳон Насимов билан Хуршид Олимов ҳам “Бухоро” билан хайрлашган. Шу тўртта футболчи энди биз билан бирга эмас. Яна режамиз бўйича камида 3-4 та ўйинчи билан хайрлашамиз.

бухоро4

- Саломовнинг кетиши жиддий йўқотиш эмасми? Ўрнини қандай тўлдирмоқчисизлар?

- Албатта, унинг ўрнини тўлдирамиз. Иқтидорли ёшлар бор. Саломов масаласида шундай қарорга келдик, “Сўғдиёна”га ижарага беришни лозим топдик.

- Легионерлар масаласи нима бўлди?

- Ҳозир шу иш билан ҳам шуғулланяпмиз. Лекин ҳали бир қарорга келмадик. Мураббий қониқмаяпти. Легионерлар билан гаплашяпмиз.

бухоро33

- Яқинда Ҳамиджон Актамовнинг “Бухоро”да иш бошлаши мумкинлиги ҳақида маълумотлар чиқди. Шу ростми?

- Кўп миш-мишлар бўлди. Яширмайман, Ҳамиджон Актамов билан телефон орқали алоқада бўлганмиз. У тажрибали мураббийлиги учун бизга маслаҳати керак бўлган. Шунинг учун алоқада бўлганман, буни яширадиган жойи йўқ. Аммо Актамовни жамоамизда ишлаш варианти кўриб чиқилмаган. Бош мураббий Ҳаким Фузайлов ўз жойида ишини давом эттиряпти. Унга ёрдамчи сифатида янги мутахассисни чақирганмиз. Унинг ишини кўрганимиздан кейин сизга бу ҳақида айтаман.

- Клуб раҳбари сифатида “Бухоро”нинг тайёргарлигидан қониқяпсизми?

- Албатта, мақсадимиз жамоани кучайтириш ва Суперлигага олиб чиқиш. Бу борада ўзим тинмай янги футболчилар билан музокаралар олиб боряпман. Бухоро халқи футболни севади, Бухоро халқини дунё танийди. Фақат “Бухоро” жамоаси охирги пайтларда яхши натижаларга эришмаётгани учун клубда тозалаш ишларини бошлаганмиз. Хабарингиз бор, стадионимиз фойдаланишга топширилди. Клубимиз ҳомийси “Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи” раҳбари Акбар Алишерович Фозилов, вилоятимиз ҳокими Ботир Комилович Зариповнинг катта ёрдами бўляпти. Уларнинг саъй-ҳаракатлари, жамоамизга кўрсатаётган ёрдамлари ва айниқса, молиявий томондан қўллаб-қувватлаётганликлари учун улардан миннатдорман. Жамоамизда қарздорликлар йўқ. Ойлик маошлари тўлаб бориляпти.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
salahidin
17/07/2022 10:28
Яна мусор уйинчиларни бухоро кушиб олибди супер лигага чиколмайди бу аник гаров уйнашим мумкин