"Шипилов клубда ишлаганида Суперлигада қолиш имконияти кўпроқ эди, Абрамовни қанақа тактикада ўйнамоқчилигини тушунмадик" ёхуд Шохруҳ Маҳмудхожиев "Динамо"дан кетди!

Афсуски, “Динамо” клуби яна бир мавсумнинг ўзидаёқ Суперлига билан хайрлашиб про лигага равона бўлди. Ҳолбуки, таркибдаги ижрочилар яхши даражада эдилар.

Вазиятни ўнглаш учун иккинчи даврада ҳам ўзгаришлар бўлди. Жамоага яна янги ўйинчилар таклиф қилинди. Уларнинг орасида иқтидорли футболчи Шохруҳ Маҳмудхожиев ҳам бор эди.

Мавсумнинг биринчи қисмини Тожикистоннинг “Хўжанд” клубида ўтказган ҳужумкор ярим ҳимоячи “Динамо”да таркибида 7 та учрашувда майдонга тушган ва 1 та ассист вазифасини ҳам бажарди.  

Маҳмудхожиев Sports.uz учун “Динамо”даги фаолияти, омадсизлик сабаби ва кейинги режаси хусусида фикр билдирди.

“Бошида футболчиларнинг руҳияти баланд эди”

- Мени биласиз, “Динамо” таркибига иккинчи даврадан қўшилганман. Мендан ташқари яна 4 футболчи келган. Ўйлашимча, қаердадир омад етишмади. Чунки жамоанинг биринчи даврадаги ўйинларини ҳам кўргандим. Кўп учрашувларда охирги дақиқаларда гол ўтказиб юборишган. Ўзлари ҳам вазиятлардан фойдана олмаган, масалан пенальтидан гол ура олишмаган. Барибир йўқотилган очколар таъсир қилди. Шунингдек, шахсий фикримча, агар “Динамо”ни Андрей Шипилов тарк этмаганида, ўйлашимча клубни Суперлигада қолиш имкониятлари кўпроқ эди. Эътибор берган бўлсанглар, иккинчи даврани ёмон бошламадик. Бошида “Пахтакор” билан сафарда жуда яхши ўйин бўлганди. Рақиб биринчи ўринда, биз охирги поғонада бўлсак ҳам муносиб қаршилик кўрсатдик. Драматик ва тенг ўйин бўлганди. Ўшанда жамоадаги барча футболчиларнинг руҳияти баланд эди. Ғалабага чанқоқ эдик. Бизда ўйин тартиби бор эди. Яъни, жамоамизда ўйин чизгиси кўриниб турганди. Иккинчисида “Насаф”га қарши қолдирилган учрашувда қатнашдик. Унда етакчиларимиз – Эркин Бойдуллаев ва Марат Бикмаев ўйнашмади. Барибир уларнинг майдонда йўқлиги таъсир қилганди.

шох3_2

“Умрим давомида ўнг қанот ҳимоясида ўйнамагандим”

- Тўғрисини айтсам, Вадим Абрамов келганидан кейин унинг қанақа тактикада ўйнамоқчилигини тушунмадик. Биргина мен эмас, анча-мунча ўйинчилар ҳам бу нарсани тушунишмади. Футболчиларнинг руҳияти ҳам тушиб кетди. Ўзимни мисол қилиб келтирсам, биринчи ўйинданоқ мени ўнг қанот ҳимоясига туширди. Мен умрим давомида ўнг қанот ҳимоясида ўйнамаганман. Асосан ҳужумкор ярим ҳимоячи, иккала қанотларда ва керак бўлса ҳужумчи бўлиб ҳам тўп сургандим. Қандай қилиб ҳужумкор футболчини ҳимояга қўйишини тушуна олмаганман. Мендан ташқари, Эркин ака Бойдуллаев ҳам марказий ҳимояда ўйнади. Ўзимни таниганимдан бери Бойдуллаев марказий ярим ҳимоячи. Ўзининг позициясида ўйнаган пайтида унинг жамоага фойдаси жуда катта тегади. Яна бир қатор футболчиларни бошқа позицияларга қўйди. Футболчини вазифаси мураббий айтган жойда ўйнаш. Барибир ўйинчи ўз позициясида тўп сурса потенциали очилади. Бу ўз-ўзидан натижага таъсир қилади. Мен кўп гапирмоқчи эмасман. Абрамов миллий терма жамоада ҳам ишлаган. Термадаги билан “Динамо”даги натижалар орқали хулоса чиқариб олинса бўлади.

“Мураббий билан ўртамизда зиддиятли ҳолат бўлмаган”

- Шу вақтгача футбол ўйнаган бўлсам мени ҳеч қачон мураббийлар билан муаммоим бўлмаган. Ўртамизда келишмовчлик ёки зиддиятли ҳолатлар юз бермаган. Бу нарсани мени билган ва таниганлар яхши билишади.

шох1_2

“Хориждан таклифлар йўқ эмас, аммо ўзимизда қолмоқчиман”

- “Динамо” раҳбариятига ва мухлисларига миннатдорчилик билдираман. Клубнинг кейинги иштирокида омад тилаб қоламан. Ҳа, мен “Динамо”ни тарк этдим. Ҳозирча хориждан бир-иккита вариантларим бор. Ўзбекистон жамоаларидан ҳам таклифлар йўқ эмас. Ўзимга қолса, шу ерда қолмоқчиман. Уйимга яқинроқ жойда ўйнамоқчиман.

Шуҳратбек Жўраев.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
● 10 ●
16/12/2022 13:01
Сугдиёнага кетади деб эшитдик. Яхши футболчи. Уйини очилиб кетса, мавсум давомида яхши уйнайди.