Фарҳод Соҳибжонов: "Жуда мураккаб гуруҳ тушганлиги билиняпти"
“Андижон” клубининг иқтидорли футболчиларидан бири Фарҳод Соҳибжонов жорий йилги мавсумни анча кўтаринки кайфиятда ўтказаётганини ҳамма кўриб турибди.
17-рақам эгаси жамоанинг асосий фигураларидан бирига айланган ҳолда ҳар бир беллашувда ўзига билдирилган ишончни қозониш учун максимал даражада ҳаракат қилаётгани эътиборга молик.
Олдинда эса “Бургутлар”ни Ўзбекистон Кубоги доирасида “Насаф”га қарши яна бир муҳим баҳс кутмоқда. Бўлажак учрашув олдидан Соҳибжонов “Андижон” матбуот хизматига интервью берди.
- “Насаф” билан учрашувга тайёргарлик қай тарзда олиб борилмоқда ва жамоадаги кайфият қандай?
- Авваламбор, ҳаммага ассалому алайкум. Машғулотларимиз аъло даражада давом этяпти. Ўз формамизни ўйингача тиклашимиз учун ҳамма нарсалар қилиняпти.
- Ўтган ойда “Андижон” “Насаф” билан чемпмонатда тўқнаш келган ва унда 1:1 ҳисоби қайд этилганди. Ўша ўйин билан бу сафаргисида қандай фарқ бўлади, деб ўйлайсиз?
- Менимча, чемпионат ва Кубок ўртасидаги ўйин жуда бошқача бўлади. Ҳақиқий жанг кечади, деб ўйлайман. Чунки қайси жамоа мағлуб бўлса, ўша клуб Кубок мусобақасини тарк этади. Яна бир томони ҳам бор, “Динамо” – “Навбаҳор” ўйинига ҳам боғлиқ бўлиб қолади. Жуда мураккаб гуруҳ тушганлиги билиняпти.
- Намангандиги мағлубиятни қандай изоҳлаган бўлардингиз?
- “Навбаҳор” билан ўйин жуда оғир кечди. Нимагадир ўйин вақти ҳам эрта кўйилди. Озгина чарчоқ билинди, йигитларда. Чунки иссиқ ҳавода ўйнгандик. Нима ҳам дейиш мумкин, омадимиз келмади.
- “Насаф”ни ютиш учун нима қилиш керак, деб ўйлайсиз?
- Бор кучимизни бериб, мухлислар ҳар доимгидан-да кучлироқ қўллаб-қувватласа, Худо хоҳласа ғалаба қозонамиз. Мухлислар билан шу даражагача келяпмиз. Насиб қилса, бундан ҳам зўр ўйинлар кўрсатамиз, Андижон халки учун.
- Мухлислар жамоанинг 12-ўйинчиси. Уларнинг қаршисида тўп суриш сизга нима бағишлаяпти?
- Мен анчадан бери “Андижон” жамоасида ўйнайман. Мухлислар менга жуда катта куч беради. Уларнинг олдида ўзимни хотиржам ҳис қиламан. Менга мотивация бўлади. Негаки, ўйин пайтида мухлислар орасида отам-онам, акаларим ҳам бўлади. Уларнинг олдида икки баробар ўзимни зўр ҳис қиламан. Бугун мени куним бўлиши керак, деб ўзимга мотивация бериб, майдонга чиқаман.
Фикрлар