Шомуродов собиқ жамоасига “тиш қайради”!
Италия футболини ёритиб келаётган манбалар А Сериянинг 34-туридаги ўйинлар олдидан жамоалар ҳақида қизиқарли маълумотларни тақдим қилишда давом этмоқда.
Ўзбекистонлик футбол ишқибозларининг аксарияти мухлислик қилаётган “Кальяри” бу гал Генуя шаҳридаги “Луижи Феррарис” стадионида “Женоа” жамоаси меҳмони бўлади.
Италиянинг La Nuova Sardegna нашри фаолияти давомида “Луижи Феррарис” аренасида мезбон сифатида ўйнаб кетган “Кальяри” футболчилари ҳақида маълумот тарқатди.
Элдор Шомуродов
Бўлажак ўйинда генуяликлар учун кутилган меҳмон Элдор Шомуродов бўлади. Легионеримиз Италиядаги дебют мавсумини айнан “Женоа” таркибида ўтказиб, жамоа мухлислари меҳрини қозонган.
“Женоа” 2020 йилнинг октябрида Шомуродовни “Ростов”дан трансфер қилганди. Бу трансфер қўшимча бонуслар билан бирга генуяликларга 9 миллион еврога тушган. Бир мавсум давомида А Серияда 32 та учрашувда 8 та гол ва иккита ассист билан жамоанинг юқори дивизиондаги жойини сақлаб қолишга хизмат қилган Элдор “Рома”га кўчиб ўтиб, генуяликларга иқтисодий фойда ҳам келтирган.
Римликлар ўзбек ҳужумчиси учун “Женоа”га умумий сарфланган харажат – 9 миллион еврони икки баравар – 18 миллион евро қилиб қоплаган.
Бўлажак учрашувда Элдор Шомуродов бошланғич таркибда майдонга тушиши кутилмоқда. Чунки 38 ёшли форвард айни пайтда жамоанинг асосий ҳужумчисига айланган ва “Кальяри”нинг мусобақа жадвалида хавфли ҳудуддан узоқлашишида унинг ҳиссаси катта бўлмоқда.
Элдор Шомуродов марказий ҳужумчи сифатида собиқ жамоасига қарши бўлажак баҳсда ҳам гол уриб, “Кальяри”нинг юқори дивизиондаги позициясини мустаҳкамлашга ҳаракат қилади.
Леонардо Паволетти
“Женоа” ишқибозлари Леонардо Паволеттини ҳам қучоқ очиб кутиб олишга тайёр. Италиялик форвард 2015-2017 йиллар давомида аввал ижара асосида, кейин клубнинг тўлақонли ҳужумчиси сифатида “Женоа” шарафини ҳимоя қилган.
Паволетти умумий ҳисобда Генуя клуби учун жами 47 та ўйинда майдонга тушиб, рақиблар дарвозасини 25 маротаба ишғол қилган ва жамоадошларига 5 та ассист узатган.
Бўлажак баҳсда Клаудио Раньери тажрибали ҳужумчи хизматидан фойдалана олмайди. 35 ёшли футболчи жароҳати боис умумий гуруҳ машғулотларида ҳам қатнашаётгани йўқ.
Жанлука Лападула
Ҳар икки жамоа тарихидан ўрин олган яна бир футболчи Перу терма жамоаси аъзоси Жанлука Лападула ҳисобланади.
Бу форвард 2017 йили “Милан”дан “Женоа”га ижарага берилган ва кейинчалик 2020 йилнинг кузигача генуяликлар футболчиси сифатида фаолият юритган.
34 ёшли Лападуланинг Генуядаги фаолиятини ёрқин чиққан, деб бўлмайди. У жами 38 та беллашувда иштирок этиб, ўз ҳисобига саккизта гол ёздириб қўйган.
Кевин Стротман
“Женоа” сафида ҳам “Кальяри”да ўйнаб кетган футболчи бор. Нидерландиялик ярим ҳимоячи Кевин Стортман аслида “Марсель”га тегишли.
Францияликлар тажрибали ўйинчини 2021 йилнинг ёзида Сардинияга бир мавсумга ижарага жўнатган эди. Бу жамоада Кевин 11 маротаба майдонга тушди, бироқ ўзини кўрсата олгани йўқ.
Эътиборга молик томони шундаки, Стротман “Женоа”га илк бор 2021 йилнинг бошида келган ва ярим мавсум давомида Элдор Шомуродов билан бирга ўйнашга ҳам улгурган.
“Самдориячилар”
Маълумки, “Женоа” рақибларини қабул қиладиган “Луижи Феррарис” стадиони Генуя шаҳрининг яна бир жамоаси – “Сампдория” учун ҳам уй аренаси вазифасини ўтайди.
Ҳозир “Сампдория” В Серияда иштирок этмоқда.
“Кальяри” футболчилари орасида “Луижи Феррарис” аренасида мезбон сифатида тўп тепганлар бор. Клаудио Раньери шогирдларидан чехиялик Якуб Янкто ва италиялик Томмазо Аужелло “Сампдория”нинг асосий таркиб ўйинчилари бўлган. 21 ёшли словакиялик ҳимоячи Адам Оберт эса, “Сампдория” клуби тарбияланувчиси ҳисобланади.
Италия А Сериясининг 34-туридан ўрин олган “Женоа” ва “Кальяри” ўртасида баҳс 29 апрель куни Тошкент вақти билан 23:45 да бошланади.
Фикрлар
10йил Она корни, Ота белими