Умарали Раҳмоналиев: "Ярим финалга ҳеч қачон кучсиз жамоалар йўл олмайди"

Қатар майдонларида ўтаётган U23 Осиё Кубогида терма жамоамиз ярим финалга йўл олди.

Гуруҳ босқичини 100 фоизли натижа билан тугатган футболчиларимиз чорак финалда асосий рақиблардан бири Саудия Арабистони термасини 2:0 ҳисобида таслим қилди. Аммо беллашув қийин ўтди. Шунгат қарамай, йигитларимиз ўзларига билдирилган ишончни оқладилар.

Аввалига Хусайн Норчаев биринчи бўлимда ҳисобни очган бўлса, иккинчи бўлим охирларида Умарали Раҳмоналиев ҳаммасига нуқта қўйди. “Рубин” футболчиси ҳисобланган Раҳмоналиев Sports.uz учун айрим саволларга жавоб қайтарди.

- Умарали, жиддий баҳсда қўлга киритилган муҳим ғалаба билан табриклайман. Ўйинга қисқача қандай таъриф берасиз?

- Ассалому алайкум. Барчани ғалаба билан табриклайман. Ўйлашимча, ўйин ҳар доимгидек шиддатли, ҳамма кутгандек ўтди.

- Икки йил олдин юртимизда ўтказилган Осиё чемпионати финалида саудияликларга аламли тарзда мағлуб бўлгандик. Ўша ўйин учун реванш олиш туйғуси сизларни қамраб олганмиди?

- Ўша учрашув барчани кечагидек ёдида. Шу сабабдан биз ва мухлислар учун принципиал аҳамиятга эга ўйин бўлиши мумкин. Лекин барибир бизнинг мувозанатимиз мураббийларимизни берган ғоялари билан тўлган эди.

- Терма жамоамизни энди ярим финалда Индонезия кутяпти. Рости, бу рақибни шу ергача етиб келишини кутганмидингиз? Улар кореяликларни ортда қолдиришди...

- Ҳа, кейинги рақиб Индонезия. Ярим финалга ҳеч қачон кучсиз жамоалар йўл олмайди. Индонезияни аввалги учрашувларини ҳам кўрдик. Яхши ўйин намойиш этишмоқда. Шу боис ҳар доим рақиб жамоани ўрганиб, ҳурмат қилган ҳолатда беллашувга тайёргарлик кўрамиз.

- Ярим финал олдидан нима деган бўлардингиз?

- Ҳамма нарса майдонда ҳал бўлади, деб бекорга айтишмайди. Олдиндан ўй ҳаёлларга кетмасдан бор эътиборимизни ўйинларга қаратамиз. Ниятимиз насиб бўлса, юзимиз ёруғ ҳолатда Ватанимизга қайтиш.

Шуҳратбек Жўраев.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Шоим Зарипов
29/04/2024 11:01
Оллох кулласин омадларингни берсин
Асманов Асман
28/04/2024 10:34
Браво