
Ўзбек легионери трансфердан норози фанатларга зўрлигини исботлаши керак!
Ўзбек футболининг кейинги йиллардаги энг ёрқин тарбияланувчилари учун секин-аста бўлса-да, Европа миллий лигалари клублари эшиклари очилмоқда.
Ана шундай истеъдодларидан бири Муҳаммадали Ўринбоев иккинчи уринишда Европа клуби билан тўлақонли шартнома имзолашга муваффақ бўлди. “Пахтакор” академиясидан етишиб чиққан бу футболчи 2024 йилнинг биринчи ярмида “Брентфорд”нинг ёшлар жамоасида малага оширган, бироқ охир-оқибат “шерлар” таркибига қайтган эди.
Бир йил пойтахт клубида ўйнаган Муҳаммадали Ўринбоев яқинда Бельгиянинг энг машҳур клубларидан “Антверпен” клубига кўчиб ўтди. Бельгияликлар иқтидорли ўйинчи учун 500 минг евро сарфлади.
20 ёшли ҳужумкор футболчи янги жамоасида дебютини ҳам нишонлаб улгурди. Легионеримиз “Антверпен”нинг “Нордшеллан” билан бўлган ўртоқлик учрашувида 45 дақиқа ўйнади. Бу беллашувда ҳисоб очилмади.
Таъкидлаш жоизки, айрим манбалар “Антверпен” спорт директори Марк Овермаснинг кейинги пайтдаги фаолиятини кескин танқид қилмоқда. Ўз даврида машҳур футболчи бўлган нидерландиялик мутахассис жамоанинг энг асосий ҳимоячиси Жель Батални ушлаб қола олмади. “Антверпен” таркибида тўрт йил тўп тепган 26 ёшли ўйинчи клубни эркин агент сифатида тарк этди.
Клубнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида Марк Овермасга норозилик билдираётган ашаддий мухлислардан айримларига Муҳаммадали Ўриноевнинг трансфери ҳам маъқул келмагани айтилмоқда.
Уларнинг фикрига кўра, клуб ҳали танилмаган шйинчи учун 500 минг евро сарфлаб юбориши нотўғри қарор экан. Мухлислар ўзбек футболчини хали халқаро майдонда катта натижаларни қўлга киритмаганини инобатга олиб, бу суммага янада кучлироқ ўйинчи олиш мумкинлигини иддао қиляпти.
Энди Муҳаммадали Ўринбоев олдида “Антверпен” жамоасининг асосий таркибига кириш учун кураш олиб боришдан ташқари, клубнинг талабчан мухлислари меҳри ва ҳурматини қозониш вазифаси ҳам турибди.
Ўринбоев асосан ўнг қанот ҳужумчиси ҳисобланади. Универсал ўйин услубига эга ҳамюртимизнинг марказда ва қарама-қарши томонда ҳам самарали ўйнай олади.
“Антверпен” билан тўрт йиллик шартнома тузган легионеримиз фаолияти давомида профессионал даражада клублар миқёсида Ўзбекистон Суперлигаси, мамлакат кубоги ва Осиё Чемпионлар лигаси мусобақаларида жами 40 та учрашув ўтказиб, еттита гол ва учта ассист муаллифи бўлган.
Муҳаммадали Ўринбоев Европанинг кучли чемпионатларидан ҳисобланган Бельгия олий дивизионида ўз ўйинлари билан нималарга қодирлигини кўрсата олишига, мухлису мутахассислар эътиборини қозона олишига умид қиламиз.
Comments