
Шомуродов Гасперининг ҳар қандай синовига тайёр!
2026 йилги жаҳон чемпионатига чиққан Ўзбекистон миллий терма жамоаси сардори ва энг зўр тўпурари Элдор Шомуродов учун келаси мавсум жуда муҳим аҳамият касб этади.
Тез орада 30 ёшни қаршилайдиган моҳир ҳужумчимиз бир йилдан АҚШ, Канада ва Мексика мезбонлик қиладиган жаҳон чемпионатига юқори спорт формасида етиб бориши керак. Бунинг учун ҳамюртимиз ўз клубида бу мавсумнинг иккинчи ярмида бўлгани каби мунтазам ўйин амалиётига эга бўлиши керак.
Агар “Рома” бошқарувида Клаудио Раньери қолганида 73 ёшли мутахассис навбатдаги чемпионатда ҳам легионеримизга суянган бўларди. Бироқ Раньери ўзи айтганидек қилди ва бош мураббийликни топширди.
Энди “бўрилар”ни янги мавсумга Жан Пьеро Гасперини тайёрлайди. Бу “Рома”нинг барча футболчилари қатори Элдор Шомуродов ҳам янги мураббийлар штабига нималарга қодирлигини яна бир бор намойиш қилишига тўғри келишидан далолат беради.
Италия футболини ёритаётган нуфузли манбалар ўзбек футболчисининг жамоага янги тайинланган бош мураббийга муносабатини эълон қилди.
Sports.uz портали Элдор Шомуродовнинг Гасперини ҳақидаги фикрларини ўзбекистонлик футбол ишқибозлари эътиборига ҳавола қилади.
- Элдор Шомуродов майдонда ўз ишини сидқидилдан бажариши орқали жамоа асосий таркибидан муносиб жой олди ва римлик мухлисларининг ҳурмат ва эътидорини қозонди. Айни пайтда Ўзбекистон миллий терма жамоасининг сардори сифатида жаҳон чемпионатига чиққанини нишонлаётган Шомуродов биринчи навбатда, “Рома”даги келажаги ҳақида ҳам ўйлаётгани бор гап.
Ўзбек футболчиси янги бош мураббий Жан Пьеро Гасперини билан бирга ишлашдан нималар кутаётгани ҳақида ҳам гапирди. У жамоа бошқарувининг Клаудио Раньеридан Гасперинига ўтганидан хавотирда эмаслигини таъкидлади.
- Зўр. Ҳамма уни танийди, Гасперини “Аталанта”ни нолдан кўтариб, мунтазам Европа Чемпионлар лигасида ўйнайдиган ва ҳатто совринлар учун курашадиган жамоа даражасида етказганини барча яхши билади, - деди Элдор Шомуродов.
Шунингдек, ўзбекистонлик легионер Гасперинининг иш услуби ва мураккаб машғулотлар тизимини қабул қилишга тайёрлигини ҳам билдирди.
- Оғир машғулотлар мени қўрқита олмайди. Мен ҳар қандай жисмоний юкламаларга тайёрман, - деди “Рома”нинг тажрибали ҳужумчиси.
Элдор кейинги пайтда ҳар томонлама ўзгарганини ва ўзига бўлган ишончи ортганини айтди. Буни ўзбек футболчиси “Рома” учун муваффақиятли ўтган чемпионатда ҳам намойиш қилди. 14 рақам эгаси муҳим учрашувларда кучли ва қатъиятли характерини намойиш қилди, жамоа манфаати учун ишлаш қобилиятини ва ҳар қандай синовга тайёрлигини кўрсатди.
- Ҳозир ўзимни умуман бошқача ўйинчи сифатида ҳис қиляпман. Клаудио Раньери менга ўзимга бўлган кучли ишончимни қайтарди, - деди мавсум қаҳрамонларидан бўлган Элдор Шомуродов, - деб ёзмоқда romaforever.it портали эксперти Франческа Ди Нора.
Элдор Шомуродов якунланган мавсумда “Рома” сафида А Серия, Италия кубоги ва Европа лигасида жами 37 та учрашувдан иштирок этиб, ўз ҳисобига еттита гол ва бешта ассист расмийлаштирди.
Ҳусанов бошланиши, ўзбек футболчилари Европани забт этади!
Файзуллаев ўзини "қийнаган" мураббийдан қутилди!
Ўзбекистондек мундиалга чиқиш учун футболдан бегона одамларни йўқотиш керак!
Ҳусановнинг “Манчестер Сити”даги келажаги муҳим қарорга боғлиқ?
Comments