Суперлига: "Навбаҳор" очилиш ўйинига жиддий тайёргарлик кўрмоқда

 

Кеча, 12 март куни Наманган шаҳридаги “Марказий” стадионнинг анжуманлар залида йиғилиш ўтказилди. Унда Наманган вилоят футбол Ассоциацияси вице-президенти Олимжон Ботирович Исаев, Наманган вилоят футбол Ассоциацияси биринчи вице-президенти Баҳромжон Муҳитдинович Холмирзаев, “Навбаҳор” ПФК бош мураббийи Илҳом Мўминжонов ва клуб ходимлари иштирок этишди.

Йиғилишни вилоят футбол Ассоциацияси вице-президенти Олимжон Исаев олиб борди. Олим Ботирович сўз навбатини “Навбаҳор” бош мураббийи Илҳом Мўминжоновга берди. “Лочинлар” устози ўз сўзида жорий йилдан бошлаб, ЎФА томонидан клубларга жиддий талаблар қўйилаётганлиги, шу сабабли, барча ташкилий масалалар, шунингдек, стадиондаги шароитлар аъло даражада бўлиши лозимлигини таъкидлади.

Шундан сўнг, Олим Ботирович Исаев сўзга чиқиб, 17 март куни “Навбаҳор” Суперлига 3-тур доирасида ўз майдонида Тошкентнинг “Локомотив” клубини қабул қилиши, шу куни шунингдек, Наманганда жорий йилги миллий чемпионатимизнинг очилиш маросими, бундан ташқари, “Навбаҳор” клуби ташкил топганлигининг 40 йиллик юбилейи ҳам ўтказилиши, мазкур тадбирни юқори савия ва тантанавор руҳда ўтказиш учун “Марказий” ўйингоҳда кенг кўламдаги ташкилий ҳамда таъмирлаш ишлари олиб борилаётганлиги, 16 март кунига қадар барча ишларни ўз якунига етказиш лозимлиги, жорий мавсумда жамоанинг олдига совриндорлар сафидан жой олиш вазифаси қўйилганлиги, ташкилий ишлар ҳам шунга яраша олиб борилиши лозимлигини таъкидлади ва барчага вазифалар белгилаб берилди.

Шу куни кечки пайт “Навбаҳор” ПФК ходимлари учун йиғилиш ўтказилди. Уни “Навбаҳор” ПФК директори Акрамжон Гаппарович Дедабоев олиб борди. Маърузачи ўз сўзида 17 март кунги жорий йилги мавсумнинг очилиш маросимига кўрилаётган тайёргарлик ишлари борасида тўхталиб, бундан буёғига янада ғайрат билан, 24 соат мобайнида ишлаш лозимлиги, Суперлига 3-тур доирасидаги “Навбаҳор” – “Локомотив” учрашувига бир қатор юқори мартабали меҳмонлар ташриф буюришаётгани, уларни аъло даражада кутиб олиш, 16 мартгача “Марказий” стадиондаги барча ташкилий ишларни якунлаш лозимлигини таъкидлаб, барчага бажариладиган ишларни тақсимлаб берди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!