Шомуродов ўйнамаганида бу воқеа содир бўлмасди...

“Рома” Италия кубогининг нимчорак финал учрашувида “Сампдория”ни 4:1 ҳисобида мағлубиятга учратиб кейинги босқичга чиққан эди. Ушбу баҳсда Элдор Шомуродов 78-дақиқада майдонга тушиб, бир дақиқадан кейин боши билан супергол урди.

Римликлар кейинги босқичда мамлакатнинг энг қудратли клубларидан ҳисобланган “Милан” билан уй-сафар тизимида иккита беллашувда куч синашади.

“Рома” расмий сайти “Сампдория” билан бўлган учрашувида жаҳон футболида кам кузатиладиган тарихий воқеа юз бергани ҳақида маълумот чиқарди.

Бу баҳсда пойтахтликлар бош мураббийи Клаудио Раньери дунёнинг бешта қитъасидан келган футболчиларни бир таркибга жойлади. Бунақаси ўта ноёб ҳодиса ҳисобланади.

Океания

Раньери бу гал дарвозани олис Австралиядан келган Мэтью Райанга ишониб топширди. Тажрибали посбон расмий учрашувларда “Рома” либосини кийган иккинчи австралиялик футбол бўлди. Биринчиси эса Кристиан Вольпато  ҳисобланади. Австралия терма жамоасининг асосий дарвозабони шу куни “Рома”даги расмий дебютини ўтказди.

Африка

Эван Ндика “бўрилар”нинг ҳимоя чизиғидан муқим жой олиб келмоқда. Францияда катта бўлган йигитнинг келиб чиқиши Африкадан. Гарчи ёшлар ўртасидаги мусобақаларда Франция U-21 терма жамоаси шарафини ҳимоя қилган бўлса-да, кейинчалик Кот'дИвуара миллий терма жамоасини танлаб, яна африкаликка айланиб олди.

Жанубий Америка

“Рома” амалдаги жаҳон футболида етакчилик қилаётган Аргентинанинг уч футболчисини ўзида жамлаган. Пауло Дибала захирада қолган бўлса-да, Леонардо Паредес илк дақиқалардан тўп тепиб, ғалабага ҳисса қўшди. Кейинроқ Раньери майдонга Матиас Сулени ҳам туширди.

Европа

Рим Европанинг “юраги” бўлганидан кейин ушбу жамоада “кўҳна қитъа” вакиллари кўп бўлиши табиий.

“Сампдория”га қарши учрашувда майдонда ҳаракат қилган Лоренцо Пеллегрини, Николо Пизилли, Томмазо Балданьци, Никола Залевски, Анжелино, Марио Эрмосо, Энцо Ле Фе, Алексис Салемакерс, Самуэль Даль ва Артём Довбик айнан Европа қитъасининг турли мамлакатлари футболчилари ҳисобланади.

Осиё

Агар Клаудио Раньери ўйиннинг 78-дақиқасида Элдор Шомуродовни захирадан майдонга туширмаганида бу тарихий воқеа юз бермас эди. Бунгача, италиялик мураббий Элдорни кетма-кет учта баҳсда захирага михлаб қўйганди.

“Сампдория”га қарши тўқнашувда ўзбек легионери ўйинга қўшилиши билан учрашувда беш қитъа чарм тўп усталари бирлашди.

Элдор Шомуродов эса, тарихий воқеани боши билан киритилган супергол урган ҳолда нишонлади.

Шу тариқа, Клаудио Раньерининг ўзи жаҳон футболидаги энг кўп миллатли жамоалардан бирига устозлик қилаётган мутахассисга айланди.

Ким кучли? Ҳусанов ва Файзуллаевни таққослашди!

Ўзбек футболчисига “Манчестер Сити”, ПСЖ ва “Атлетико” харидор!

Ўзбек футболчисига “Спартак”, “Зенит” ва ЦСКА қизиқаётгани тасдиқланди!

Файзуллаев отлан, Европага кетадиган пайт келди!

Ким тезкор: Шомуродов ёки Дибала? (фото)

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!