Футболчиларга қандайдир таклифлар бўлдими? Мағлубиятнинг асосий сабаби ва бошқалар ҳақида - Тимур Кападзе
Бугун U-23 Осиё Кубоги финал баҳси ўтказилди. Ўзбекистон - Саудия Арабистони ўртасидаги беллашувдан сўнг матбуот анжумани ташкил этилди. Унда терма жамоамиз устози Тимур Кападзе иштирок этди.
- Бугун ғалаба қозониб, бутун халқимизни хурсанд қилмоқчи эдик. Аммо буни уддалай олмадик. Бунинг учун барчадан узр сўрайман. Насиб эмас экан. Албатта, кейинги сафар ниятимизга эришамиз, деган умиддаман.
- Мағлубиятга чарчоқ асосий сабаб, деб ўйлайсизми? Етакчиларнинг ўйинни қўлга ололмагани нима билан боғлиқ?
- Бу турнирда чарчоқ, албатта, билинади. Лекин футболчилар борини бериб ўйнади. Қолаверса, майдоннинг ҳолати иккала жамоага ҳалал берди.
- Мусобақадан хулоса қандай?
- Жамоани ташкил этишда олимпиада йўлланмасини қўлга киритиш вазифаси қўйилганди. Биз ёш бўлсак ҳам финалгача келдик. Шундай ажойиб футболчиларни билиб олдим. Улар яхши ҳаракат қилди. Мен улар билан фахрланаман. Биз ундан ҳам кучли бўламиз. Катта тажриба тўпладик. Албатта, мақсадимизга эришамиз.
- Чемпионатда ўзини кўрсатган қайси футболчиларингизни кўрсата оласиз?
- Турнирдаги барча футболчилар ўзини кўрсатди. Алоҳида қайсидир футболчимни ажрата олмайман. Ўсадиган ва янада кучли бўладиган томонларимиз бор. Бунга эътибор қаратамиз.
Ҳозирги ҳолатимиз яхши эмас. Иккинчи ўринни олганимиз учун. Руҳий томондан чарчадик. Лекин узоқ муддат дам ола олмаймиз. Финал тарихга айланди. Кейинги мусобақаларга тайёргарлик кўрамиз. Бошқа футболчиларни ҳам эътиборга оламиз.
- Жамоада ўзини кўрсатган футболчилардан кимлар эътиборга тушди? Скаутлар қайси футболчилар борасида сизга алоқага чиқишди?
- Бундай мусобақаларга ҳамманинг эътибори қаратилади. Бу нормал ҳолат. Бизнинг футболчиларга қандай таклифлар бўлганидан хабарим йўқ. Ҳамманинг агенти бор. Биз уларни бу билан чалғитмадик. Бу мен билган ҳолат.
Фикрлар